Аммо баъзи беморларда ўтказилаѐтган даво чораларига қарамасдан классик
серологик реакциялар мусбат жавоб бериши мумкин. Узлуксиз усул билан даволангандан
сўнг бир йилдан ортиқ бўлган муддат мобайнида КСР натижаларининг ўта мусбат қолиш
ҳолларига серочидамлик захм дейилади. Шунингдек сурункали усул билан даво
ўтказилаѐтган ва даволашнинг охирги курси бошланган беморларда КСРнинг мусбат
жавоблар бориш ҳоллари ҳам серочидамлилик деб тушунилади. Захм беморларида
серочидамлик ҳоллари кузатилганда қўшимча даво курслари буюрилади. Бундай ҳолларда
кўпинча иккиламчи қайталама захмга учраган беморларда ўтказиладиган даво такрорланади.
Серочидамли захмда антибиотиклар ва висмут препаратлари йиғиндисини ўз ичига олган 3
курс даво ўтказилса ҳам бўлади. Серочидамлик захмга қарши танланган даво усулларидан
қатъи назар, бу специфик даво носпецифик даво усуллари билан қўшиб ўтказилгани маъқул.
Захмнинг кеч даврларида (ички аъзолар ва асаб системаси захмларининг барча турларида)
ўтказилган даво чораларига қарамасдан КСРнинг мусбат жавоб бериш ҳоллари
серочидамлик деб тушунилмайди. Шу сабабли қўшимча даво курслари буюрилмайди.
Захмнинг бундай кеч турларида касалликнинг клиник белгиларининг йўқолиши давонинг
асосий тузалганлик мезони ҳисобланади.
Захмга қарши даволанган беморларда қуйидагилар даволанганлик мезони бўлиб хизмат
қилади:
а) ўтказилган даво чораларининг сифати (қўлланилган усулнинг тўғрилиги, дори
миқдорининг етарли даражада бўлиши, препаратларни алмаштириб туриш тартиби, даво
курслари орасидаги муддат ва бошқалар);
б) тери ва шиллиқ қаватларда захмга алоқалор белгиларнинг йўқлиги;
в) ички аъзо ва системаларда кузатиладиган специфик ўзгаришларнинг ҳозирги ҳолати;
г) рентгенологик текширув натижалари;
д) лаборатория (клиник, серологик, ликворологик) текширувларнинг натижалари.
Шу сабабли орттирилган ва туғма захм бўлиб ўтган беморлар ҳисобдан чиқарилишидан
аввал, улар синчковлик билан ҳар томонлама текширувдан ўтказилиши керак. Айниқса,
педиатр ва терапевт (беморнинг ѐшига қараб), невропатолог, окулист, отоларинголог,
гинеколог (аѐл ва қизларда), рентгенологларнинг клиник текширувлари натижаси жуда
муҳим. Шунингдек қон ва орқа мия суюқлиги олиниб, барча серологик реакциялар (КСР,
ТҲЧР, ИЁР) қўйилиши лозим. Рентгенологик кузатув ўтказилади.
Клиник, серологик кузатувлар даврида захмнинг янги белгилари кузатилмаган, барча
аъзолари ва системаларида ривожланаѐтган специфик ўзгаришлар аниқланмаган, серологик
реакциялар манфий натижалар берган беморлар (захмнинг кеч даврлари бундан истисно)
соғлом деб тан олинади ва ҳисобдан чиқарилади.
Захмнинг юқумли турлари билан касалланиб ўтган одамларга болалар муассасаларида ва
умумий овқатланиш муассасаларида сифатли даво натижасида касалликнинг барча клиник
белгилари йўқолгандан сўнг ишлашга рухсат берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: