www.ziyouz.com кутубхонаси
13
—
Бо, худо, паранжини ташлаб кўчада юришга юзи чидагандан кейин уяти борми! Қуриб
кетгурлар, бирам шармандаки... Тавба қилдим. Баданингда наминг борида беш-олтита эркакни
кўрмасанг, умр бўладими, бу умр дейди-я! Тағин ҳам зилзила бўлиб ҳаммани ер ютмас экан-да!
Тавба қилдим-ей...
Мулла Норқўзи эртасига самоварга чиққанида яна панжасини ёзиб ўзи билган очиқ аёлларни
санаб чиқди ва хотини айтган айбларни буларнинг ҳар қайсисига тақди, жиндай ўзидан ҳам
қўшди.
—
Ахир, биттаси оппоқ сочи билан менга тегишди-да! Сочинг оқарса ҳам тиниб ўлмас
экансан-да, десам, сочим оқ бўлса ҳам кўнглим қора, дейди.
Шунда ўтирганлардан бири, интиҳосиз гапдан зериқди шекилли, қатгиқ эснаб, деди:
—
Мен сизга айтсам, мулла Норқўзи, гап паранжида эмас. Николай замонида исловотдаги
хотинлар бош яланг эмас эди-ку! Энди сиз ҳар нарса дейсизу, бунчалик эмас, кўзингизга
шундай кўринади. Мана, мен сизга айтиб берай: умримда хотин-халажга суюқлик қилган одам
эмас эдим, баҳорда қишлоққа кетаётиб йўлда бир хотинга ҳамроҳ бўлдим. Ит олиб кетаётган
экан. Ҳали сиздай, менинг ҳам кўзимга бу хотин жуда тайёрга ўхшаб кўринди. Ҳазиллашдим,
суюқлик қилдим. Индамаганидан кейин бир шама қилиб кўрай-чи, дедим. Итнинг оғзига чарм
тўр тутиб қўйган экан, «жонидан, нега итингизнинг оғзини боғлаб қўйибсиз, кўчадан ўзи топиб
егани яхши эмасми?» десам, «бунинг ҳам оғзи
сизнинг оғзингиздай шалақ, эҳтиёт яхши-да» дейди. Терлаб кетдим. Орқамга қарамай бир
қочдим... Шариат хотинни қаттиқ тутиш керак дейди-ю, аммо хотинни қанча қаттиқ тутсангиз,
шунча ғафлатда қолишингизни пойлайди.
Мулла Норқўзи бу одамнинг оддий ҳақиқатни англамаслигидан койиди:
—
Беҳуда гап! Мана менинг хотиним нима эканини ўзим биламан. Паранжисини ташлаб
икки кун кўчада юрсин-чи! У одамнинг зардаси қайнаб кетди:
—
Нега кўчада юради? Кўчада паранжилик юрса ҳам айнийди-да! Тўғрисини айтайми?
Паранжилик хотин ҳаром ишга яқинроқ бўлади. Сабаб денг! Агар сиз юзига кулиб
қарамасангиз, деворға шоти қўйиб кўчага мўралайди: кўйлаклик олиб бермасангиз, том
орқасидан кўйлаклик узатадиган чиқиб қолади. Очилган хотин-чи, кўйлак олиб бермасангиз
ўзи ишлаб, ўзи олади.
Eҳтимол, шундайдир, аммо мулла Норқўзининг хотини покдомон. Агар мулла Норқўзи ўн йил
юзига кулиб қарама-са, қопдан кўйлак, бўйрадан лозим кийишга мажбур қилса ҳам, пинагини
бузмайди. Ҳар қандай хотин билан ҳам иноқ бўлавермаганининг ўзи ўта диёнатли, покдомон
эканининг нишонасидир. Унинг биттаю битта ўртоғи бор. Бу хотин тўғрисида мулла Норқўзи
шундай фикрда: агар фаришта илгари ўттан бўлса — шунинг онаси, энди туғилса — шунинг
боласи бўлади, агар ҳозир ер юзида бўлса — шу хотиннинг ўзи. Шунча келади, ҳафталаб, ўн
кунлаб туриб қолади, наинки шу чоққача мулла Норқўзига товушини эшиттирмаса! Шариатни
маҳкам ушлаган хотин шаҳарда иккита бўлса, бири — мулла Норқўзининг хотини, иккинчиси -
шу! Намоз ўқийди, одатдаги рўзадан ташқари ашир ойида рўза тутади, заводдан чиққан нонни,
ҳозирги кушхоналарда сўйилган молнинг гўштини емайди. У келиб турганда мулла Норкўзи
ташқарида —меҳмонхонада ётиб юради ва уйини аллақандай нурдан мунаввар бўлгандек
сезади. Шунинг учун бошқа меҳмонлардай сира унинг «иззати уч кун» бўлмайди, неча кун
турса ҳам, товуқ гўштини қуймоққа ўраб, қаймоққа ботириб ейди. Узоқ туриб қолган
вақгларида хотини:
—
Қуриб кетсин, кета қолмайди ҳам. Лабларим қуруқшаб кетди. Садқаи эркаклик кетинг,
хилватга тортиб ўпишни ҳам билмайсиз! - деб чиқса, мулла Норқўзи уришиб беради:
—
Ўзингга муносиб гапни гапир! Енгил бўлма! Меҳмон - атойи худо.
Мулла Норқўзи сафарга кетадиган бўлиб қолди; кетишидан бир кун илгари хотинига айтиб,
ўша фариштани олдирди ва ўрта эшик олдига бориб қиёматлик синглисидан илтимос қилди:
Даҳшат (ҳикоялар тўплами). Абдулла Қаҳҳор
Do'stlaringiz bilan baham: |