www.ziyouz.com кутубхонаси
9
АНОР
Уйлар тўла нон, оч-наҳорим болам,
Ариқлар тўла сув, ташнаи зорим болам.
Ўтмишдан
Туробжон эшикдан ҳовлиқиб кирар экан, қалами яктагининг енги зулфинга илиниб тирсаккача
йиртилди. Унинг шашти қайтди. Жўхори туяётган хотини унинг қўлидаги тугунчани кўриб,
келисопни келининг устига қўя чопди. Кели лапанглаб ағанади, чала туйилган жўхори ерга
тўкилди. Туробжон тугунчани орқасига бекитиб, тегишди:
— Акажон, дегин!
— Акажон! Жо-он ака!..
— Нима берасан?
— Умримнинг ярмини бераман!..
Туробжон тугунчани берди. Хотини шу ернинг ўзида, эшик олдида ўтириб тугунчани очди-да,
бирдан бўшашиб кетди ва секин бошини кўтариб эрига қаради. Ўз қилмишига гердайиб турган
Туробжон унинг кўзини жиққа ёш кўриб:
— Нима эканини билдингми?—деди.— Асаларининг уяси! Турган-битгани асал! Мана, мана,
сиқсанг асал оқади. Буниси оқ мум, ҳаром эмас — шимса ҳам бўлади, чайнаса ҳам бўлади.
Хотин енгини тишлаб бир нуқтага қараганича қолди.
— Ё, қудратингдан, ишонмайди-я!—деди Туробжон
келтирган матоини титкилаб. — Мана, чайнаб кўр! Кўргин, бўлмаса иннайкейин дегин...
Туробжон қизарди. У бир замон бетоб ўртоғини йўқлаб элтган тарвузини, бемаза чиққан бўлса
керак, сигирнинг охурида кўриб шундай хижолат бўлган эди.
Ҳовли юзида айланиб юрган оқсоқ мушук тўкилган жўхорини искаб кўрди, маъқул бўлмади
шекилли, Туробжонга қараб шикоягомуз «мяу» деди.
— Тур, жўхорингга қара! Уни кўр, мушук тегди.
Хотин тураётиб баралла йиғлаб юборди.
— Бу ер юткур қандай бало экан!.. Одамлардай
гулутага, тузга, кесакка бошқоронғи бўлсам-чи!
Туробжон дўпписини бошидан олди ва қоқмоқчи бўлганида кўзи йиртиқ енгига тушди, юраги
ачиди: энди уч-тўрт сув ювилган янгигина яктак эди!
— Ахир, бошқоронғи бўл, эвида бўл-да!—деди дўпписини қоқмасдан бошига кийиб. —
Анор, анор... Бир қадоқ анор фалон пул бўлса! Саҳаримардондан сув ташиб, ўтин ёриб, ўт
ёқиб бир ойда оладиганим ўн саккиз танга пул. Акам бўлмаса, укам бўлмаса...
Eр-хотин тек қолишди. Хотин жўхорини туйиб бўлди, уни келидан тогорачага солаётиб
тўнғиллади:
— Ҳавасга анор ейди дейсиз, шекилли...
— Биламан... Ахир, нима қилай? Хўжайинимни ўлдириб пулини олайми, ўзимни ҳиндига
гаров қўяйми? Ғалатимисан ўзинг?
Хотин овқатга уннади, эрининг «бошқоронғи бўл, эвида бўл-да», дегани унга жуда алам қилди,
хўрлиги келди, ўпкаси тўлди.
Овқат пишди. Қозоннинг занги чиқиб қорайган гўжага қатиқ ҳам ранг киргизолмади. Туробжон
икки коса ичди, хотини эса ҳануз бир косани яримлатолмас эди. Унинг имиллашини кўриб
Туробжоннинг кўзига негадир оқсоқ мушук кўринди. Мушук йиртилган енгини эсига туширди,
авзойи бузилди. Унинг авзойидан «есиз жўхори, қатиқ, ўтин» деган маънони англаб хотин,
кўнгли тортмаслигига қарамасдан, косани бўшатди, аммо дарҳол том орқасига ўтиб кўзлари
қизарган, чакка томирлари чиққан ҳолда қайтди.
— Ҳали туғилмаган болани ер юткур дединг-а, — деди Туробжон борган сайин тутақиб.
Даҳшат (ҳикоялар тўплами). Абдулла Қаҳҳор
Do'stlaringiz bilan baham: |