www.ziyouz.com kutubxonasi
87
укахонимизнинг аёлимисиз, тинчликми, нима гап?» деган ширин гап кутган эди. Бироқ бошқа
оҳангдаги бошқа гапни эшитди:
— Ким? Миродил дейсизми? Сен танийсанми шунақа одамни? — деди Кесакполвон орқасидаги
йигитга ўгирилиб. — Эрингиз қаерда ишлайди?
— У киши... сизда...
— Менда? Мен такси кооперативининг хўжайиниман. Менда Миродил деган бола йўқ. Сиз
адашганга ўхшайсиз, синглим.
— Сиз... тўйимизга боргансиз...
— Мен кунда ўнта тўйга бораман. Хўп, нима дардингиз бор, эрингизни ишга олайми?
— Йў-ўқ... адамиз беш кундан бери уйга келмайдилар. Милиса ҳам суриштириб қолди.
— Ўҳ-ҳў, синглим, милиса аралашган иш билан менинг олдимга келманг. Эрингиз уйингизга
қайтмаган бўлса, милиса билади, дарров милисага учранг. Мен эрингизни танимайман, бора
қолинг. Иккинчи бу кўчадан ўтманг.
Аёл рўпарасидаги жонзотнинг одамми ёки шайтон эканини фарқлаб олмоқчидай унга бир оз
тикилиб турди-да, сўнг аста орқасига ўгирилди. Кесакполвон «қарасанг қарайвер, кимлигимни
икки дунёда ҳам билолмайсан», дегандек унинг тикилишига монелик қилмади. Жала кучдан
қолгани билан, ёмғир тинмаган эди. Аёл ёмғир томчиларининг кузтувида юриб борарди.
Eрининг жони арзонга кетди. Кунда уч-тўрт маҳал овқат, неча ўн ёки юз ютум ароқ, вино...
вассалом. У «акахон, хизматингизда бўлай», деб ҳузурига келган эди. Аслида «муҳтарам жон
олғувчи акахоним, сиз жонимни олингу эвазига мени боқинг», деса ҳам бўлаверарди...
VIII б о б
1
Уйга кечроқ қайтган Зоҳид жиянини кўрдию юраги қандайдир нохушликни сезгандай увишди.
Ўғлини ухлатиб чиққан Фотиманинг кўз қарашларида ҳам ғалати бесаранжомликни илғагандай
бўлди. Жиянидан «опам, поччам, укаларинг яхшимилар, катта ҳовлига ўтиб турибсанми,
бувинг, опоқ даданг соғ-саломатмилар?» деб сўрагач, «Тинчликми?» деган сўроғига «Тинч-лик,
ўзим шунчаки бир айланиб келувдим», деган кўнгил ташвишини босувчи жавоб кутди. Ёши
ҳали ўн бешга етмаган ўсмирнинг даладан шаҳарга «шунчаки айланиб келиши»
мумкинмаслигини билса ҳам ўзини шундай жавоб билан овутишни истади. Жияни дилга ором
бера олувчи гапни айтишга улгурмай хотини унинг умидини чиппакка чиқариб қўя қолди:
— Пешиндан бу ёғига ишхонангизга минг мартача қўнғироқ қилгандирман. Вой... — хотини
шундай деб кўкрагига қўлини қўйди. — Ҳозир юрагим ёрилиб кетади.
Барча аёлларга инъом этилган ваҳима касалидан Фотиманинг ҳам баҳраманд экани Зоҳидга
маълум. Дўконда бир соат навбатда туриб сут етмай қолса ҳам у эрига шикоят қилиб «ҳозир
юраги ёрилиб кетажагини» албатта айтади. Бунақа пайтда Зоҳид «юрак ҳам сал нарсага
ёрилаверар экан», деб кулимсираб қўярди. Юракнинг ёрилиши ҳақидаги гапнинг оҳангида
ҳозир хавотир мавжудлиги учун Зоҳид кулимсирамади. «Нима бўлди?» деб жиянига қаради.
Жиян сўз айтишга улгурмай Фотима у олиб келган хабарни янада ваҳимали оҳангда маълум
қилди:
— Дадамлар отдан йиқилиб тушибдилар. Елкалари синганмиш.
— Қачон?
Фотима «асосий гапни мен айтдим, бу ёғига ўзингиз жавоб бераверинг», дегандай жиянига
қаради. Келинаясининг бу лутфидан фойдаланган жиян жавобни ҳаяллатмади:
— Уч кун бўлди... шу якшанбада.
— Уч кун бўлди? Энди хабар берасанларми?
— Айб ўзингизда, — деди Фотима жияннинг ёнини олиб, — якшанбада борамиз дедингиз,
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |