www.ziyouz.com kutubxonasi
85
қайтади. Чувалчангдан қўрқиб ўтирибманми?» Мазкур фикр вужудига роҳат бериб, бу сафар
яйраб керишди.
Кесакполвон девор ичига ўрнатилган пўлат сандиқдаги бойликларни, бу уй, бу қимматбаҳо
жиҳозларни... ҳамма-ҳаммасини ўзиники ҳисобларди. «Шу бойликларнинг эгасиман», деб
ҳузурланарди. Нодон банда бу дунёдаги ҳеч нарса уники эмаслигини билмасди. Ҳа, ҳеч нима!
Ҳатто ўзининг гавдаси: бош-кўзлари, қўл-оёқлари... Ўзига тегишли эмаслигини фикр ҳам қилиб
кўрмаган. Буларнинг барчаси вақтинча ўзиники, аслида эса лаҳад қуртлариники эканига ақли
етмайди. «Менинг бойлигим» деган нарса эса жон чиқиб, жасад лаҳад қуртларига
топширилганда асқотмайди.
Диванда талтайиб ётган Кесакполвон буларни ўйламайди. Бундай ўй учун миясида бўш жой
ҳам йўқ. Бу каби одамларнинг оғирлиги тўрт ярим килодан зиёд бўлган мияларида лоақал
зарра миқдоридаги улуш охират ўйи билан банд бўлганида эди, ҳаёт ўзгача тарзда кечармиди,
валлоҳи аълам?
Йўлдаги кўнгил нохушлиги тарқаб, Кесакполвоннинг ичгиси келди. Жавонда ўн-ўн беш хил
ичимлик хизматга бел боғлаб турибди. Лекин улардан бирини олиб ичмоқ учун дивандан
турмоқ керак, икки ярим қадамли узун масофани босиб ўтмоқ зарур, қўлни чўзмоқ, шишани
олмоқ, қопқоқни очмоқ, пиёлага қуймоқ лозим. Кесакполвон учун бу юмушлар анча мушкул
туюлиб, осонроқ йўлини топди. Ётган ерида:
— Ҳов, бу уйда тирик жон борми?! — деб бақирди. Икки нафас ўтмай қўшимча қилди: — Ўлиб
қолдиларингми ҳамманг!
Тахминан бир дақиқадан сўнг эшик очилиб, хотини кўринди:
— Етиб келгунимча чутли оламни бузиб юбора-сиз-а, — деди у остона ҳатлаётиб.
— Лопилламай тезроқ юрсанг ўласанми? — деди Кесакполвон зарда билан.
— Келдим-ку? Чут что дарров бақирасиз. Нима, ман сизга ёш келинманми?
— Ҳа, яхши, қарилигингни бўйнингга олдинг.
— Ҳа, қариман, ваабше старушкаман. Хўп, нимага чақирдингиз?
— Қуй, анавиндан.
— Қайси биридан?
— Эркакнинг хўррози «Наполеон»дан ичади-да. Бақувват қилиб қуявер, буфетчиларга ўхшаб
қўлларинг қалтирамасин.
Хотин пиёлага тўлдириб коняк қуйиб, тортмадан шоколад олгач, эрига тутди. Кесакполвон
ичиб, шоколаддан тишлаганида:
— Адажониси, бугун сал нетўроқмисиз? Уйга киришга успет қилмай бақирдингиз-а?
— Бақиришим ёқмай қолган бўлса, ана, жавобимни бериб қўя қол. — Кесакполвон шундай
дегач, ҳузурланиб чўзилди. Хотини эса оёқ томонга омонат ўтир-ди.
— Менга қаранг, чут что «жавобимни бер», дейдиган бўлиб қолдийза. Шошилманг, қутулиб
қоларсизам. Аввал мени олиб бориб кўмиб келингда, ана, уч кундан кейин пожалуйста,
уйланаверинг.
— Шунақами? — Кесакполвон захарли илжайди. Хотинининг жиғига тегиш учун оёғининг учи
билан юмшоқ ерига аста тепди. — Уч кун кутадиган аҳмоқманми мен. Сени кўмиб, уйга
қайтишдаёқ уйланаман. Сенга жаноза ўқиган мулла ярим соатдан кейин мени никоҳлаб қўяди.
Хотин дийдиёсини авжга чиқариш баҳонасида оғиз жуфтлади-ю, аммо «вот что» деганича
қолди. Кесакполвон уни гапиртиргани қўймади:
— Бўлди, вижи-вижи қилаверма. Нима дейсан, дардингни айт.
— Дард? Какой дард...
— Ғингшима. Сен бекорга минғирламайсан. Нима, сенам Ленинградга бормоқчимисан?
— Фу! — Хотин шундай деб лабини бурди. — Сто раз борганман ўша Ленинградингизга.
Ваабше менга ёқмайди у шаҳар.
— Ленинград ёқмаса, ана, Ялтага бор.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |