www.ziyouz.com kutubxonasi
110
қилди:
— Тоғда қуён отдим, ияги йўқ.
Қизлар куйлак кийибди, жияги йўқ.
Жияги йўқ ерларидан қўлим солсам,
Билқиллайди қўш анори, суяги йўқ...
— Дод, жонгинангдан аканг! — Кесакполвон шундай деб тиззасига урганича қийқирди.
Уй эгаси «шу кичкинагина жасадга бунчалик кўп зулм сиғиши мумкинми?» дегандай унга
тикилиб қолди. Қандайдир ғойибона овоз унга «Мумкин, сен ўйлагандан кўпроқ ҳажмда
сиғади», дедими, талвасага тушиб, энди нажот кўзлари билан Асадбекка боқди.
— Бек, нима десанг де, буқачаларни қўйиб юбораман. Қизчаларни би-ир суғоришсин, — деди
Кесакполвон.
— Йўқ! Асад, сен билан келишувимиз бор. Мен айтганингни бериб келдим. Мени ҳимоя
қилишга ваъданг бор.
— Сен ғирром ўйнадинг.
Асадбек унга доим «сиз»лаб гапирарди, ҳурматини жойига қўярди. Ҳозирги сенсирашидан зулм
бобида шеригига яқинлашганини маълум қилди. Буни фаҳмлаган уй эгаси сўнгги илинж билан
уни инсофга қайтармоқчи бўлди:
— Асад...
Кесакполвон унинг гапини узди:
— «Асад» дема! Нима, бу сенинг ўртоғингми?! «Бек ака», де!
Уй эгаси бир ютиниб олиб, амрга бўйсунди:
— Бек ака, шартимизда буниси йўқ эди. Уйингда борини берасан, демагансиз.
— Демаган бўлсам, энди дейман. Хўш, қани тиллаларинг?
— Тилла йўқ менда...
— Ҳукмни ўзинг чиқардинг, мендан домангир бўлиб юрма...
Асадбек «буқачаларингни қўйиб юборавер», дегандай шеригига қаради. Кесакполвонга шу
қарашнинг ўзи кифоя қилди. Зулм ҳарорати ўтидан сачраган учқун бир оиланинг покиза
гулларини сўлдирди.
Уй эгаси ўшанда қарғаган эди.
Ўшанда Асадбек «мен ҳам қиз кўрарман, вақти келиб кимнингдир ифлос нафаси ардоқлаб
ўстирганим покиза гулни сўлдирар», — деб ўйламовди. Бу қарғишни ўшанда ер ютгандай
бўлиб эди. Одам ўлиб кетаверар экан-у, бироқ, унинг қарғиши ўлмай, ер юзи бўйлаб ўлжасини
таъқиб этиб юравераркан. Ресторан бошлиғи ўша воқеадан сўнг кўп яшамади. Аввал хотини,
сўнг ўзи бу дунёни лаънатлай-лаънатлай ташлаб кетишди. Асадбек унинг жанозасига борган
эди, гўрков тутган этакка «мени у дунёда ҳам эслаб юр», дегандай бир сиқим тупроқ ҳам
ташлаган эди. Ҳа, унутмабди, ўзи кўмилса ҳам қарғишини қолдириб кетибди. Бу қарғиш
йигирма йилдан зиёд Асадбекка соядай илашиб, пайт пойлаб юрган экан.
Ўша ресторан хўжайини тирик бўлиб, пичоқ билан ҳамла қилса, Асадбек ўзини ҳимоя қилиш
чорасини топарди, ёки уни ўлдириб қутуларди. Энди кўзга кўринмас, чопса чопилмас
қарғишдан ўзини қандай ҳимоя қилсин?
Асадбек қарғишни эслашга эслади-ю, бироқ, айбни ўзидан эмас, ўзгалардан излади. Алқисса,
ҳукмни ҳам ўзига эмас, ўзгаларга чиқарди. Унинг қонида ўтган ишлардан пушаймон қилиб
ўтириш деган нарса йўқ эди, билакс, қасос дегани истаганча топиларди. Синиқ кўнглида ғам,
бузуқ хаёлида алам ҳукмрон экан, энди Асадбекдан нималар кутиш мумкин?
Жаҳолат зулмидан ақл равшанлигига ета олмай қолган Асадбекнинг Оллоҳ ҳузурида «бировга
қасд қилмайман», деган аҳди бўлмагач, уни ким тўхтата оларди?
3
«Ойижон, мени чақирмай туринг, бу дунёда қиладиган ишим кўпайиб қолди...»
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |