www.ziyouz.com kutubxonasi
56
ку. Мен бунга ўзимни шу даражада ишонтириб қўйган эдимки, кейин бу фикримдан ўзим ҳам
чўчиб кетдим. Ўғлимнинг иситмалаб ва алаҳсираб, илондек тўлғаниб ётгани бир-бир кўз
олдимдан ўтаверди... Балки бирон ёрдам зарур бўлиб қолар, дори-дармон келтириш ёки
касалхонага олиб бориш керак бўлиб қолар. Ахир улар шаҳарда эмас, довонда яшашади! Жуда
қийналиб кетдим. Орқага қайтишга шошилдим, қандай тадбир-чора қўллаш мумкин эканлигини
тасаввур эта олмасдиму, бироқ хаёлимдан биргина нарса ўтарди: тезроқ етиб боришу, агар,
ўғлим соғ-саломат бўлса, кўриб кўнгилни жойига тушириш. Мен уни учратишимга ишонардим,
буни қалбим айтиб турган эди. Худди қасддан қилгандек, бакда ёнилғи тамом бўлиб қолди,
машинани довондаги бензоколонка олдида тўхтатишга тўғри келди.
* * *
Ҳикоясининг шу ерига келганда ҳамроҳим Илёс жимиб қолди. Қизиб кетган юзларини
кафти билан ишқалаб, чуқур хўрсиниб қўйди-да, қия очилиб турган вагон деразасини охиригача
суриб, билмадим, нечанчи марта экан, яна чека бошлади.
Вақт ярим кечадан ошган эди. Биздан бошқа йўловчиларнинг ҳаммаси ухлаб қолишган
бўлса керак. Ғилдираклар релсларга «тақ-тақ» урилиб, ўзларининг туганмас қўшиғини куйлаб
борарди. Деразалар ортидан ёзги тун пардаси ғизиллаб ўтиб турар, станцияларнинг ер бағирлаб
ёниб турган чироқлари милт-милт этиб ўтарди. Паровоз елиб бораётиб қаттиқ чинқирди.
—
Худди мана шу пайтда сиз менга учраган эдингиз, оға, мен эса сизнинг илтимосингизни
бажо келтиролмаган эдим. Энди сизга ҳаммаси аён бўлган бўлса керак, — деб ҳикоясини давом
эттираркан, хомушгина жилмайиб қўйди қўшним. — Сиз бензоколонка олдида қолган эдингиз,
сўнг «Победа»да мендан ўзиб кетдинглар. Буни кўрган эдим. Айни, шу пайт довон этагига
ёмғир ёғиб ўтганди...
Ҳа, машинани қаттиқ ҳаяжон ичида ҳайдаб борардим. Ниҳоят қалб сезгиларим мени
алдамаган эди. Самад йўл ёқасида кутиб турарди. У машинани кўриши биланоқ йўлни кесиб
чопқиллаб қолди:
—
Амаки! Шофёр амаки!..
Демак, ўғилчам соғ-саломат! Эҳ, ўзимда йўқ суюниб кетдим, қувончим ичимга сиғмасди!
Мен машинани шартта тўхтатиб, кабинадан сакраб тушиб, ўғлимга пешвоз югурдим.
—
Нима бўлди, оғайни, касал бўлиб қолдингми?
—
Йўқ, ойим юбормади. Унинг машинасига чиқмагин, дейди. Мен йиғладим, — деб арз
қиларди Самад,
—
Хўш, ҳозир қандай қилиб келдинг?
—
Дадам, агар биров болаларни машинада ўйнатаман деса, қўявер, ўйнатаверсин, деди.
—
Ростданми?
—
Мен шофёр бўламан, дедим...
—
Албатта шофёр бўласан, бўлганда ҳам қандай де! Биласанми, мен сенга нима олиб
келдим? — Мен ўйинчоқ машинани олдим. — Бунга қара, ўзиюрар «ЗИЛ»ча, кичкинтой
шофёрларга жуда боп машинада бу!
Бола оғзи қулоғига етиб жилмайди.
—
Мен доим, ҳар доим сиз билан бирга машинада юраман-а, амаки? — деб ёлворувчи
кўзлари билан термилди менга. Кўнглим бузилиб кетди.
—
Албатта, ҳар доим! — деб ишонтирдим уни. — Истасанг, Биринчи май байрамида
шаҳарга бирга борамиз, машинани байроқчалар билан ясатамиз, кейин сени яна олиб келиб
қўяман. — Нега мен унга бу сўзларни айтганлигимни, бунга қанчалик ҳаққим борлигини ва
айниқса, ўз сўзларимга нега бирдан ўзим ҳам ишониб қолганлигимни ҳозир тушунтириш қийин
эди. Бу ҳам етмагандек, яна сўзларимга эрк бериб гапиравердим. — Агар ёқса бутунлай
Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |