www.ziyouz.com kutubxonasi
59
қўлимни маҳкам қисиб кўришди.
—
Меҳмондан қочмаймиз, хурсанд бўламиз.
—
Сизда ишим бор эди, баке, — дедим уни ҳурматлаб. Ўзимни ҳам танитдим. — Йўл
тузатувчиларимизнинг Тожикистонга боришидан сизнинг хабарингиз борми?
—
Ҳа, эшитувдим.
—
Гап бундай. Помирга кетишингиз олдидан сиз билан гаплашиб олмоқчи эдим.
Мен келишдан мақсадимни аста-секин тушунтирар эканман, борган сайин Бойтемирнинг
қовоғи осилиб, дағал ва қўнғир мўйловини ўйчан силай бошлади.
—
Келганингиз-ку жуда яхши бўлибди, — деди у менга, — лекин Помирга мен бормайман,
менинг хусусимда ёзиб ўтиришингизнинг ҳожати ҳам йўқ.
—
Сабабини билсак бўладими? Ишлар кўпми? Ёки уйда бирон кори ҳол бўлдими?
—
Иш ҳам етарли, ҳар қалай йўл-да, ўзингиз кўриб турибсиз. Уйда дейсизми? — у папирос
ола туриб бироз жимиб қолди. — Уйда ҳам... албатта, ҳамма оилаларда бўладиганидек озми-
кўпми ишлар бор... Аммо Помирга бормайман.
Мен унга ўхшаган йўл тузатувчиларнинг делегация составида боришининг қанчалик муҳим
эканлигини тушунтиришга ва кўндиришга киришдим. Аммо Бойтемир кўпроқ ҳурмат
юзасидангина менга қулоқ солар эди, мен уни ҳар қанча ташвиқот қилсам ҳам бари бир кўндира
олмадим.
Мен жуда хафа бўлдим ва биринчи галда ўзимдан ўпкаладим. Журналистлик сезгирлигим бу
сафар иш бермади, чунки мен унга тўғри ёндашолмагандим. Мен довондан редакциянинг
топшириғини ҳам, қўшни республика газетасининг илтимосини ҳам бажара олмай қуппа-қуруқ
кетадиганга ўхшаб қолдим.
—
Хўп, майли, баке, кечирасиз, энди мен кетай. Ҳозир бирор йўловчи машина келиб қолар.
Бойтемир менга осойишта ва сергак кўзларини қадаб, диққат билан тикилди-да, мийиғида
кулиб қўйди.
—
Шаҳарлик қирғизлар урф-одатларимизни унутиб қўйяптилар-да. Менинг уйим, оилам,
дастурхоним ва тунайдиган жойим бор. Мени деб келган экансиз, йўлдан қайтмасдан, бугун
уйимга тушиб, эртага кетарсиз. Юринг, мен сизни хотиним ва ўғлимнинг олдига қолдириб
қайтай: кўнглингизга олмайсиз, албатта. Қоронғи тушмасдан йўлни бир айланиб чиқишим
керак. Тезда қайтаман. Ишимиз шунақа...
—
Баке! — деб тўхтатдим уни. — Мен сиз билан бирга йўлни айланиб чиқа қолай.
Бойтемир менинг шаҳарлик қиёфамга бир назар ташлаб олди-да, айёрона кўз қисиб қўйди:
—
Қалай бўларкан, мен билан бирга кезиб юришингиз сизга ноқулай бўлмасмикин? Масофа
узоқ, бунинг устига йўл ҳам яхши эмас.
—
Майли, ҳечқиси йўқ, — деб қатъий туриб олдим мен.
Шундай қилиб, биз йўлга тушдик, ҳар бир кўприк ва муюлиш олдида, ўпирилган жойлар ва
осилиб турган қоялар қаршисида йўл-йўлакай тўхтаб, уларни кўздан кечириб борардик.
Буларнинг ҳаммаси йўл мастерининг зийрак ва ўткир назаридан ўтарди. Биз ўз-ўзидан гапга
киришиб кетдик, албатта. Ҳали-ҳалигача нима учун, қайси сўзим билан, нимам билан ва қай
йўсинда Бойтемирнинг ишончини қозонганлигимни ўзим ҳам билолмайман. Азбаройи шу
ишончи туфайли у менга ўз тақдири ҳақида ва оиласининг тақдири ҳақидаги қиссани сўзлаб
берди.
Фақат эндигина, Илёснинг ҳикоясини охирига қадар тинглаб бўлгач, журналист сифатида
омадим жуда ўнгидан келганини тушундим. Зоҳиран хотиржам ва осойишта кўринган Бойтемир
ўша кунлари ўзи билан ғам-ғусса, ташвиш ва ўй-хаёлларнинг улкан юкини кўтариб юрар эди.
Қандайдир, тасодифан, кўнглини ёзиш учундир, Бойтемир бир-икки оғиз айтиб юборди-ю,
кейин гапини тўхтата олмай, қалбидаги дард-ҳасратлари қўзғалиб, дарё каби ошиб-тошиб
кетди...
Чингиз Айтматов. Сарвқомат дилбарим (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |