ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ
2004 йил, Март
Нилуфар Фотима билан Қундузга келди. Бу ерда Ёсир деган бир йигит билан
танишди. У Ўзбекистондан келган жангариларнинг тарихчиси экан. Лекин
ногирон бўлгани учун унга диққат қилишмаган. Икки оёғи шал бўлиб қолган.
У уйдан чиқмай ётгани учун ҳам ҳеч кимнинг диққатини тортмаган. Аммо
билмаган нарсаси йўқ. Нилуфарнинг дунёқаршини ана шу йигит очди. У асли
шоир экан. Аввал Авропага кетиб, у ерларда ўзбек шоири деб ном чиқарибди.
Кейин тасодифлар туфайли бу ерга келиб жангариларга қўшилибди. Ҳатто
ўзбек жангариларининг кураши ҳақида филм ҳам қилган экан.
Ярадор бўлиб оёқлари ишламай қолгач, бир кампирнинг уйида қолиб кетибди
ва унинг ҳолидан ҳеч ким хабар ҳам олмабди. Кампир Фотиманинг холаси.
Биров сўраса, Ёсирни неварам, Ҳолландияда туғилган, хаста бўлгани учун
олиб келганман, дейди.
Ёсир Ўзбекистондаги вазият, Каримов ва унинг атрофидагилар ҳақида
Нилуфарга ҳар куни гапириб берар эди.
-Хоразмлик бир кекса холанинг тўрта ўғлини қамаб юборди. Иккитасига отиш
ҳукми берди. Гуноҳи-намоз ўқигани. Бечора аёл радиоларда гапира
бошлаганди, ўзини ҳам қамаб қўйди…
-Аёлларга раҳми келмайдими?-сўради Нилуфар.
-Тўлаганова деган депутат аёл унга қарши гапирганди. Йўқотиб юборди.
Рўзимуродов деган депутатни ҳам ўлдиртирди. Қўқонов, Жўраев деганларини
умрбод қамоққа солиб қўйди. Хотин-халажлари нонсиз, пулсиз қолдилар.
Минг-минглаб одамларни қамаб ташлади ва аёлларига раҳм қилмади.
-Нега қамайди?
-Қўрқади, ўғри ола ипни ҳам илон деб сакраб қочгани каби у ҳам ҳамма
нарсадан қўрқади.
Ҳар кунги ана шундай суҳбатлар Нилуфарнинг юрагидаги нафрат ва қасос
ҳиссини кучлантириб юборди. Шу орада Ёсирнинг ҳузурига баъзи одамлар
келиб-кета бошладилар. Улардан бири унинг қишлоғидан экан. Иккинчиси
эса, хорижда танишган дўсти. Улар Ёсир билан соатлаб гаплашишар эди.
Кампир ёки Нилуфар улар ҳақида сўраб қолишса, Ёсир китоби чиқишини ва
улар таржимону ношир эканлигини айтарди.
Ростдан ҳам бир кун улар Ёсирнинг шеърлар тўпламини нашр этиб, олиб
келишди ва анчагина пул ҳам бериб кетишди. Шундан кейин Ёсир Нилуфарни
Ўзбекистонга борадиган одамлар билан таништирди. Улар Нилуфарни
худкушликка ўргатишди…
Бир кун йўлга чиқиб, осонгина Тошкентга келишди. Нилуфар ҳеч
ҳаяжонланмасди. Қасос олсам, бас, дер эди. Тошкентда бир хонадонда унинг
вужудига портлатгичлар тақишди ва бир йигитнинг машинасида йўлга
чиқишди. Баҳор кунлари бўлгани учун унинг диққатини гуллаган дарахтлар
тортди ва юраги ҳапқириб кетди.
Тиббиёт олийгоҳига қатнаган кунлари кўз олдига келди. Фақат битта орзуси
бор эди. У ҳам бўлса оқ халат кийиб юриш. Биринчи марта оқ халат кийган
куни шу қадар ҳам севинган эди-ки, гўё бутун дунё унинг мулкига айланганди.
Мен энди одамларнинг халоскориман, деб ўйлаганди ўшанда. Хасталарни
даволайман, ўлим билан юзма-юз қолганларни қутқариш чораларини кўраман.
Одамларнинг дардига малҳам бўламан… Лекин орзуларининг ҳаммаси чил-
парчин бўлди. Одамларнинг ҳаётини қутқариш учун йўлга чиқиб, мана энди
уларнинг жонини олиш учун бораяпти. Наҳотки ҳаёт инсонни шунчлик тез
суратда у қирғоқдан бу қирғоққа улоқтиради. Нима гуноҳ қилдим? Қаерда
адашдим? Агар адашган бўлсам, нега йўл кўрсатадиган бўлмади?
Унинг кўзи бирдан бекатдаги болаларга тушди. Бир аёлнинг ҳар томонидан
тутиб олишган. Бири этагига осилган, бири қўлидан тутган, яна бири…
машина елдек учиб ўтгани учун у яна бирини кўра олмади. Балки у онасининг
ортида эди. Болалигини эслади. Доим онасининг ортида юрар эди. Онаси уни
эркалатиб “Келаяпсанми, дум” дер эди. Бу гапни онаси айтса, ёқарди. Аммо
отаси айтса, негадир жаҳли чиқарди. Бечоралар…. фарзанд катта қилиб, нима
олдингиз? Бошқалар-чи? Нега уларнинг бошига ҳам фарзандлари туфайли
оламнинг дарди ёғилмоқда?
Президентнинг ўзи ота-оналар болалари учун жавобгар эмас, деб айтган экан.
Кейин чиқиб сўзини ўзгартириб, улар жавогар, дебди. Битта одам бутун
халқни истагани каби қандай қилиб бошқармоқда? Унинг қудратли кучи
борми? Нима учун одамлар унга қарши чиқа олмайдилар? Жонлари шунча
ширинми? Мана менга ҳаётнинг қизиғи қолмади. Уларга-чи? Таҳқир, қийноқ
ва қийинчиликларга ўрганиб қолдиларми?
Кўзи яна дарахтларга тушди. Гуллаган дарахтларни кўрганда қалбига севинч
инарди. Болалигида гуллаган дарахтлар остида қийқириб юрганларини
эсларди. Ҳозир эса, дарахт гуллари ўликдек туюлмоқда. Жонсиз гуллар…
Аслида гуллар жонли эмас… Агар сен жонли бўлсанг, улар ҳам жонли… сен
севинсанг улар ҳам сенга севинч бергандек бўладилар… Аслида эса улар ўлик!
Бирдан унинг кўзи “Марказий универмаг” деган ёзувга тушди. Байрамлар
олдидан бувисининг уйига келиб, шу ерда тунаб қоларди. Саҳарлаб
универмагга боришарди. Яхши нарса келса одамлар турнақатор бўлишарди.
Баъзан нима сотилишини билмасалар ҳам навбатда тураверардилар.
Бувисидан “Нима сотишар экан”, деб сўраса, “ Яхши нарса” деган жавоб
оларди. Ана шу яхши нарса баъзан савил қолгур нарса бўлиб чиқарди ва
кутганлари беҳудага кетарди.
Қаршида Кўкалтош мадрасаси, орқасида Эски Жува бозори. Сал нарида
“Болалар дунёси” дўкони. Орқадаги йўлдан тепага кўтарилса, бувисининг
уйига боради.
Нилуфарнинг вужудида соғинч, айриқлиқ азоблари камситилиш ва хўрланиш
туйғуларига қўшилиб, кўз ёшига айланди. Унинг қачонлардир музга айланган
қалби бирдан эриган эди. Қуриб қолган кўзларига бир неча йилдан кейин илк
бор намлик инганди. Негадир у машинанинг ичида чўкиб бораётгандек ҳис
қилди ўзини. Атрофга аланглаб қараганча, бошидаги ҳижобини пешанасига
яқинроқ тортарди. Худди ҳозир ҳамма уни таниб қолиб, “Ана Нилуфар!” деб
бақирадигандек бир ҳолатни ҳис қилди.
Шу пайт машина тўхтади ва шофер йигит ׃
-Мен ҳозир бир зумга, ана у ерда дўстларим турган экан, бир саломлашиб
оламан, кейин айтилган манзилга борамиз,-деб машинани автобус бекатига
яқин жойда тўхтатиб, Кўкалтош мадрасаси томонга юрди. У бориб уч киши
билан қучоқлашиб кўришди.
Нилуфар уларни таниди. Биттаси Нодирхон. Ёнидагиси Йўлбарс, унинг ёнида
эса Алишер… Нилуфарнинг ичидан бир фарёд отилиб, бўғзига тиқилди. Неча
йиллик қасоснинг вақти бирдан келиб қолганди. “Худойим, шундай
мўъжизалар кўрсатасан-ки, бандаларинг лол қолади!” У кўкрагини сийпалаб
тугмачани топди-да, машинадан тушиб, Нодирхонлар турган томонга югура
бошлади. Шу пайт бирдан портлаб кетди. Атрофга қон сачради… қип-қизил
қон…
-Ахмоқ, асосий тугмача менда эканлигини билмасди,-деди уни олиб келган
йигит.
-Бўпти, қолганини кейин гаплашамиз, кетдик,-дея улар “Марказий универмаг”
томонга ўтиб, енгил машинага минишди.
Ҳамма ҳар томонга қочар экан, Нодирхон машинани шоҳ йўлга буриб,
йигитларга ׃
-Каттага айтиб, хориждан текширувчи чақирсак, из чиқмайдими?-деди.
-Паспорти ҳам ёнида. Машинада эса қамоқдан қочирилган мулланинг излари
бор, портлатгичлар ҳам нарёқдан келтирилган,-деди улардан бири…
Do'stlaringiz bilan baham: |