ОЛТИНЧИ БОБ
...1990 йил. Каримов қози ва муфти билан суҳбатлашмоқда. У қозининг
гапини бўлди:
-Бугунгиларни фақат наша билан алдаб бўлмайди. Худони ўртага қўйсангиз
ҳам тониб кетишади. Бугунгиларга ишониб бўлмайди, кичкина мансаб учун
ҳамма нарсани сотиб юборишади.
-Гап тарбияда,-дея жавоб қилди қози.- Шўролар даврида буларнинг иймони
ҳам, ишончи ҳам йўқолди. Бу бир томондан ёмон. Улар Худога ишонмайдиган
бўлдилар. Аммо иккинчи томондан яхши. Уларни ҳар нарсага ишонтириш
мумкин.
-Менинг шайхлик қилишга на вақтим, на тоқатим бор,-деди Каримов.
-Жунбушга келган ёшларнинг ёнига бориб, “Ислом давлати қуриб бераман”
десангиз, бас, кейин... кейин... улар қочиб чиқиб кетадиган йўлларини биз
томонга буриб қўясиз, ораларидан фидойиларни мана мен ўзим танлайман,-
деди қози.
Улар яна анча гаплашиб, чиқиб кетганларидан кейин Каримов маслаҳатчиси
Алимовга:
-Мен бу икки муллага ҳам ишонмайман,-деди.- Бунисига муфтилик керак.
Ҳозир унга қарши кайфият кучайган. Менинг мададим бўлмаса онасини
учқўрғондан кўрсатишади. Шунинг учун ошнаси қозини бошлаб келган. Аммо
уларни ўз оғзидан илинтириш керак. Улар бизни эмас, биз уларни
қўлланайлик. Айтганларини қилайлик. Шу баҳонада ҳамма диний
гуруҳлардан қутуламиз. Фаолларинии қозининг ҳузурига жўнатасан. Мен
яқинда Ҳолландияга бораман ва ўша ерда баёнот бериб, бизда диний
экстремизм таҳликаси кучли деган гапни айтаман. Шундан кейин бутун Ғарб
ҳам бизнинг ҳамкоримизга айланади. Қозининг йўлига ўтганларни эса ғарбга
қарши қўямиз. Болаларингни тўплаб, бунинг планини қилинглар. Бир жойган
бир оғиз гап чиқса оғзингни бутунлай тикиб қўяман..
Алимов одати бўйича индамай турди. Каримов эса одати бойича давом этди:
-Самарқанд райони билан Пастдарғом райони орасида Хишрав деган жой бор.
Ўша ерда аскарларнинг махсус полигони бор. Ҳозир ИИВнинг 7-бўлими
фойдаланмоқда. Уларни бирорта қурилиш идорасига кўчир. Хишравда
фидойиларни тайёрлайсан. Дарвоқе, муфтининг уйига томдан битта гранат
улоқтириб, уни душманларинг қилди деб қўрқитиб қўйларинг. Қанча қўрқса,
шунча бизга яқин бўлади. Агар ўйинда фаол қатнашмаса битта комиссия
юбориб, дело қилиб қўй. Буларни яхшилаб жиловламасанг, пайтини пойлаб
қорнингни ёришади.
-Ҳалиги гуруҳга оладиганларимиз, ўзимизникилардан бўлсинм-ми?-деди
Алимов. У ҳеч қачон мана бу ишни мана бундай қилайлик демас эди.
Таклифини саволга ўраб айтар ва Каримов дарҳол уни тушунар эди. Энди ҳам
у ўзимизникиларни аралаштирмасак яхши бўларди деган гапни саволга ўраб
Каримовнинг олдига ташлади.
-Йўқ,-деди Каримов,-ўзингники гўрга ҳам ярамайди. Бошқа миллатлардан
бўлсин. Масалан МХХнинг илгариги Дзержинский мактабларидан рус тилли
йигитчаларни териб оласан. Шунингдек, қамоқларни кўриб чиқ ва миллий
низолар туфайли қамалганлар орасидан ҳам танла!
-Бир иккита ўзимиздан ҳам қўшмасак, кейин муммолар чиқиб кетмасмикан?,-
деди Алимов қўлидаги папкасини кўкрагига босиб.
-Ундан бўлса, спорт тўгаракларида чиниққан болалардан ҳам танла. Аввал бир
нарса билан айблаб қамайсан, урасан, момоталоқ қиласан, ўлимига рози
бўлсин, кейин мен уни авф этиб, катта маош белгилаб қўаман. Шунда ҳам ота-
онаси, яқинларини гаровда сақлайсан.
-Ҳар эҳтимолга қарши, бир нарсани сўрақмочи эдим,- деди Алимов.- Мабодо
четга бир гап чиқиб қолса, нима қиламиз?
-Гап чиқмаслиги керак, тамом!
Каримов бироз ўйлаб турди-да,
-Бўпти кейинчалик уларни Президент гаврдияси деб расмийлаштирамиз.
Аммо расмийлар ёнида норасмийлари ҳам бўлсин. Истаган пайтда истаган
одамни йўқотадиган, уйига ўт қўядиган, қочиб кетса ушлаб келадиган,
митингларни тарқатадиган, ҳукуматдагиларни, вилоятдагиларни кузатадиган
махсус бўлимлар тузасан. Ер остида илон юрса билишимиз керак.
-Бу МХХни ишига ўхшаб қолмайдими?-сўради Алимов.
-Айни пайтда ИИВ ни ҳам, МХХни ҳам назорат қиламиз. Лекин ҳозирча бу
идораларнинг раҳбарларини қўллан, кейин уларни йўқотамиз. Сенинг
болаларингдан келадиган маълумот асосида уларнинг маълумотларини бир
икки пучга чиқарсак, оёғлари куйган товуқдек питирлашиб қолишади. Ҳа,
айтиш эсимдан чиқибди, Жўрабеков билан Умрзоқов битта ҳожатхонага
борадиган бўлиб қолишган. Иккаласи ҳам сени ёмонлаб юрибди. Мана бу
делони тайёрлаб келишибди. Раҳим Ражабов ҳам уларга қўшилган. Ҳаммасини
кузатувга ол! Ўзингга яқин болалардан бирортаси бўлса, олиб, кел, иш
бераман, бу ҳам уларга таёқ бўлади…
Алимов шу куниёқ Самарқанга борди ва вилоят ҳокими Абдураҳмонов билан
Хишрав посёлкасига йўл олди. Аввалига Абдураҳмонов ҳеч нарсадан бехабар
эди. Кейинчалик билса ҳам билмасликка олди. Тез орада Хишравда махсус
баталон тузилди. Алимов вилоят ҳокимига, ИИВ вазири ва ММХ раисига
президент гвардиясини тузмоқдамиз, деса-да, аслида дор остидан қочганлар
бир жойга тўпланаётганидан улар ваҳимага тушаётгандилар…
Do'stlaringiz bilan baham: |