www.ziyouz.com кутубхонаси
21
— Ўзингиз биласиз, — деди. — Мен сизни «қолинг» дейишга ҳаққим йўқ! Бу ёғини энди
фақат сиз ҳал қиласиз.
Розия Сатторни шу аҳволда ташлаб кетолмаслигини сезди. Бундан бир соатгина олдин
иккови қандай унутилмас дамларни бошдан кечирганлари эсига тушди. Ундан олдин бу йигит
Розияни ёмон бир фалокатдан қутқараман деб пичоқ егани кўз олдига келди. Бугун ҳам Саттор
олижаноб, софдил бир йигитдек муомала қилаётгани Розиянинг онгига энди бориб етди. Саттор
шунчалик мунғайиб, мушкул аҳволга тушиб қолганда ҳеч ким унга ёрдам беролмаслиги
Розиянинг юрагини эзиб, кўзини яна ёшга тўлдирди.
— Саттор, менга ҳали умримда сиздай яхши йигит учраган эмас эди. Бундан ярим соат
олдин мен сиз билан юрганимдан бахтиёр эдим. Энди, билсам, бунга ҳакқим йўқ экан... Мен
бошқа бировни шунчалик сева оламанми, йўқми, билмайман. Лекин сизни... сизнинг менга
қилган яхшилигингизни умрбод унутмайман. Хайр!
— Энди шошманг, Розия... мен ҳам сизни бутун вужудим билан севаман, бошқа ҳеч кимни
бунчалик севган эмасман, севолмайман. Биз шуни била туриб, нега ажрашиб кетишимиз керак?
Нега дарров таслим бўляпмиз?
— Сабабини ўзингиз айтдингиз!
— Йўқ, мен эрким ўзимда эмаслигини айтдим. Лекин менинг кўнглим сизда, келажагим
ўзимга боғлиқ. Мана сиз ёнимда бўлсангиз, эрким ҳам ўзимга қайтади, Розия, бунга ишонинг!
Розия Сатторга бир лаҳза жим тикилиб турди. У Сатторнинг оилавий ҳаётини кўз олдига
келтира бошлади. Мана шу кенг елкалар, мана шу изтиробли юз, мана шу оловли кўзлар, мана
шу ёқимли овоз, Розия севиб қолган мана шу кўҳлик йигит беш йилдан бери бошқа аёл билан
яшаётгани, орада икковидан бино бўлган фар-занд борлиги Розиянинг тасаввурида шундай
гавдаландики, рашк, алам, армон ҳаммаси биргалиқда унинг Сатторга бўлган меҳрини гўё
тошбўрон кила бошлади. Розия бутун борлиғи қақшаб:
— Йўқ, — деди. — Йўқ! Мен истамайман!
— Нимани? — қўрқиб сўради Саттор.
— Сиз бировнинг отасисиз. Бировнинг эрисиз!
— Лекин мен бировнинг шахсий буюми эмасман, Розия! Муҳаббат нималигини билмай
адашиб уйланган бўлсам, умрбод бахтсиз ўтишим керакми? Мен бу аҳволда оиламга нима бахт
бера оламан? Улар қишлоқда. Ойда-йилда бир борар эдим. Ҳозир боргим ҳам келмай қолган.
«Ҳозир» деган сўз Розияга «Сиз учрагандан бери» дегандай эшитилди ва жуда нохуш
туюлди. У ўзини Сатторнинг хотинидан кейинги навбатдаги аёлдай сезди. Қаттиқ озорланиб
деди:
— Мен ҳам нима қилай? Менинг орзуларим бутунлай бошқа эди.
— Биламан. Мен шу сирни айтмаганимда орзуларингиз бари ўз ўрнида турар эди. Лекин мен
сизнинг кўнглингизда нима борлигини сезиб туриб, уйланганлигимни яширсам, сизни алдаб
қўлга туширгандай бўлар эдим. Бунга менинг виждоним йўл бермайди. Мен сизни тушунасиз
деб айтдим.
— Тушунганим билан нима ҳам қила оламан?
— Истасангиз мени бахтиёр қила оласиз!
— Сиз бошқаларни бахтсиз қилиб кандай бахтиёр бўла оласиз?
— Бошқалар ҳам ўз шахсий бахти учун курашиши керак. Ҳозир йигирманчи аср. Бу ҳақда
қанча китоблар ёзилган, қанча фильмлар олинган. Бу босқичлардан аллақачон ўтиб кетганлар
жуда кўп.
Розиянинг ўзи ҳам муҳаббатда эркни жуда баланд қўяр, буни тушунмаган ёки тан
олмаганлар унинг кўзига тараққиёт босқичларининг энг паст зиналарида тургандай кўринар
эди. Агар ҳозир ўзининг бошида тушаётган савдони бирорта китобда ўқиса ёки фильмда кўрса,
Розия ҳеч иккиланмай Сатторнинг гапини маъқуллаган бўларди. Шундай қилмай ҳар хил
Пиримқул Қодиров. Эрк (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |