www.ziyouz.com кутубхонаси
19
елкасига олиб, сўл қўли билан қайиқ четига таянди-да, тунецни қармоқдан ажратиб олди ва
чангакни ўз ўрнига қўйди. Балиқни тиззасига сиқиб олди ва унинг қорамтир қизил тусли
гўштини бўйнидан тортиб то думигача узунасига тилимлаб чиқди. Тилим-тилим қилиб олти
бўлак кесиб олгач, уларни қайиқ бурнининг тахталарига териб қўйди, пичоқни почасига суртди,
тунец склетини думидан ушлаб олиб денгизга итқитди.
— Ҳойнаҳой, бутун бир бўлакни ея олмасман — деди у ва бўлаклардан бирини иккига
бўлди.
Чол улкан балиқнинг тин олмасдан, кучдан қолмай тортиб бораётганини, чап қўли эса
тамомила айилиб кетаётганийи сезиб турарди. Бу қўли оғир арқонни титраб-қақшаб тутамлар
эди. Чол унга ижирғаниш билан сарасоф солди.
— Худо ҳақи, шу ҳам қўл бўлдию!— деди у.— Кўнглинг суст кетаётган бўлса майли,
айилиб тушавер! Менга деса, қушпанжасидай бўлиб қолмайсанми, барибир бунинг сенга нафи
тегмайди.
«Бироз тотиниб ол,— деб ўйлади у қоп-қора сув ва унга қиялаб кетган ўрамга назар солар
экан,— билагинг бақувватроқ бўлади. Бу қўлда нима гуноҳ бор? Ахир, сен қаторасига неча
соатдан бери балиқни ушлаб турибсан ўзинг. Аммо барибир охиригача ундан
айрилмайсан.
Ҳозирча тотиниб ол».
У балиқнинг бир бўлагини олиб, оғзига солди, ва оҳиста чайнай бошлади. Мазаси у қадар
кўнгил айнитар даражада эмас эди.
«Ҳатто увоғининг ҳам тамини йўқотмаслик учун яхшилаб чайна,— деб ўйларди у.— Қани
энди буни лимон ёки жуда бўлмаса, туз билан қўшиб туширсанг, додига ким етсин».
— Хўш, қалай, ўзингни яхши сезяпсанми?—деб сўради у худди мурданики сингари
тарашага айланиб кетган қўлидан.— Сени деб, яна бир бўлакни ейман.
Чол боя ўртасидан бўлинган тилимнинг иккинчи бўлагини оғзига солди. Эринмай чайнаб,
кейин пўстини тупуриб ташлади.
— Хўш, нечук, енгил тортдингми? ёки ҳали ҳам ҳеч нима сезмаяпсанми?
У яна бир бўлакни олиб, уни ҳам еб олди.
«Ажойиб, этли балиқ экан, - деб ўйлади у.— Яхшиямки, қўлимга макрель эмас, тунец
тушди. Макрель ўлгидай чучмал бўлади. Бу балиқда бўлса, шира деярли йўқ ва бунинг устига
таом сифатида бақувват. Айтгандай, бекорчи хаёллар билан мия чалғитишнинг нима ҳожати
бор,— деб ўйлади у.— Қиттаккина бўлса ҳам тузнинг бўлмагани чатоқ бўлдида. Бу қолган
бўлаклар офтобда нима бало бўлади — қоқланадими, ёқи ҳидланиб қоладими, билмайман.
Шунинг учун, оч бўлмасам ҳам, яхшиси уни еб қўя қолай. Улканвой ҳам ўзини мулойим ва
мўмин тутяпти. Мен тунецни охиригача еб тугатаману, сўнг бошга тушганини кўришга ҳозир
бўламан».
— Сабр қил, қўл,— деди у.— Кўряпсанми сени деб, ўлар-тириларимга қарамай ҳаракат
қиляпман.
«Катта баликни ҳам меҳмон қилишим керак эди аслида,— деб ўйлади у.— Ахир, у менга
йўлдош бўлиб қолди. Аммо мен уни ўлдиришим керак. Бунинг учун эса куч-қувват лозим
бўлади».
Чол тунецнинг ҳамма тилимларини оҳиста ва пок-покиза еб битирди. Қўлини иштонига
сурта-сурта, қаддини ростлади.
— Хўш, энди, қўл,— деди у,— сен чилвирни қўйиб юборсанг ҳам бўлар. Майнавозчилигинг
тугамагунча, ўнг қўлим билан эвини қилиб тураман.
Олдин сўл қўли билан ушлаб турган йўғон ўрамни, энди чол чап оёғи билан қисиб олди ва
балиқнинг оғирлигини елкасига оларкан, ўзини орқага ташлади.
— Худоё, ишқилиб, бу томир тортиш ўтиб кетса бўлгани!—деди у.— Ким билади, ҳали бу
балиқнинг бошига нима хаёллар келмайди.
Эрнест Хемингуэй. Чол ва денгиз (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |