www.ziyouz.com кутубхонаси
12
биқинларини кўрди.
Миқтидан келган, худди қуйиб қўйилган ўқдек тунец қайиқнинг кунгай саҳнида ётар ва
маънисиз катта кўзларини ола-кула қилиб, сип-силлиқ, серҳаракат қуйруғини жонҳолатда
биланглата-биланглата ҳаёт билан видолашарди. Раҳми келиб кетган чол унинг бошига уриб
ўлдирди ва ҳали жони тамом чиқиб ул-гурмаган балиқни катнинг тагига, сояга оёғи билан
итқитиб юборди.
— Албакоре,— деди у овоз чиқариб,— ундан ажойиб хўрак чиқади. Ўзиям ўлдим деганда,
ўн қадоқдан кам эмас.
Чол қачондан бошлаб ўз-ўзи билан овоз чиқариб сўзлашадиган бўлиб қолганини энди
эслолмас эди. Авваллари танҳо қолганда, у хиргойи қиларди. Катта
елканли кемаларда сузиб, вахтада турган ё тошбақа овига борган кезлари гоҳо-гоҳо у кечалари
ҳам қўшиқ айтарди. Эҳтимол, бола ундан кетгандан кейин, ёлғиз ўзи қолгач, ўзи билан ўзи
гаплаша бошлагандир. Ҳозир буни эслай олмайди. Аммо бола билан бирга ов қилган
маҳалларида ҳам, бунга зарурат туғилган чоғдагина галлашар эдилар. Гаплашганда ҳам кўпинча
кечалари ёки бузуқ об-ҳаво туфайли мажбуран бўш қолганларидагина гаплашар эдилар.
Денгизда ҳуда-беҳудага гапиравермаслик одат тусига кирган. Нурли-нурсиз гапларни чолнинг
ўзи ҳам ёқтирмас ва шу одатни ҳурмат қиларди. Мана энди бўлса, у, ўз ўйларини жуда кўп
марта овоз чиқариб такрорлар, нафсиламрга бунинг бировга айил ботадиган ўрни ҳам қолмаган
эдп.
— Агар ўзим билан ўзим гаплашётганимни битта-яримта эшитиб қолганда, у мени жинни-
пиннига чиқариб қўярди,—деди чол. Аммо мен эсдан оғмаган эканман, кимнинг бу билан
қанчалик иши бор? Давлатмандларнинг хўп ҳам ошиғи олчи-да: қайиқларида радиолари бор,
уларга ҳар турли воқеаларни сўзлаб беради, бейсбол янгиликларини эшиттириб туради.
«Ҳозир бейсбол ҳақида ўйлашнинг вақтимас,— деди чол ўзига.— Энди фақат бир нарса
устида бош қотириш керак. Гап менинг нима учун туғилганим устида боради. Эҳтимол,
қаердадир, мана бу тунец галалари билан ёнма-ён бўлиб менинг улкан балиғим ҳам
дайдиётгандир. Ахир, мен бор-йўғи биргина албакоре ушладим, у ҳам тўдасидан айрилиб
қолгани. Улар бўлса соҳилдан анча йироқда ов қилишади, яна жуда ҳам тез сузишларини
айтмайсизми. Бугун денгизда нима учраётган бўлса, ҳаммаси ҳам жуда тез сузиб, шимоли
шарққа қараб боряпти ёки куннинг мана шу пайтида доимо шундай бўлармикин? Балки, бу
ҳавонинг ўзгаришидандир ва мен унинг белгисини билмасман».
Кўм-кўк соҳил сатҳи чолга аллақачон кўринмай қолган эди; узоқда бу ердан худди қор
билан қоплангандек оппоқ бўлиб кўринувчи зангори тепаликларнинг бошларигина кўзга
ташланар эди. Уларнинг устида турган булутлар ҳам юксак қорли тоғларга ўхшаб кўринарди.
Денгиз қоп-қора тусга кириб, қуёш нурлари сувда сина бошлади. Энди планктоннинг сон-
саноқсиз жилвалари тиккага келган қуёш туфайли сўниб қолган, чол ҳозир фақат қорамтир
сувда синиб қайтаётган қуёш нурларидан ҳосил бўлган йирик ва рангин доғлару, пастга қараб
типпа-тик кетган чилвирларнигина кўрарди. Чуқурлик эса бу ерда бир милга етиб қоларди.
Тунецлар (балиқчилар бу туркумга кирувчи ҳамма балиқларни тунец деб аташар ва
уларнинг асл номларини бозорга сотиш учун олиб борган ёки хўрак ўрнида пуллаган
пайтларидагина фарқ қила бошлардилар) яна денгиз тубига тушиб кетишди. Қиздиргандан
қиздириб бораётган қуёш энсасини куйдириб ўтаётганини чол сезиб турарди. У эшкак
тортаётганда, тер елкасидан дувиллаб оқарди.
«Қайиқни оқимга қўйиб беришим, вақтида уйғониш учун эса чилвирни оёғимнинг
бошмалдоғига боғлаб қўйиб, мизғиб олишим мумкин эди,— деб ўйлади чол.— Аммо бугун —
саксон бешинчи кун, шунинг учун ҳам ҳушёр бўлиш керак».
Шу пайт у яшил қармоқлардан бирининг қимирлаб кетиб, сувга эгилиб тушганини пайпқаб
қолди.
Эрнест Хемингуэй. Чол ва денгиз (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |