дўзах аҳлидурлар ва у ерда мангу қолурлар».
(Бақара сураси, 217-оят.)
Ҳадиси шарифдан:
«Жаннатга кирадиган ўн нафар ҳайвондан бири бу «Асҳоби Каҳфтинг
вафодор итидир».
(Ал-жоме ал-Кабир.)
Саодат ая бомдод намозини ўкиб, жойнамоз пойида узоқ ўтириб қолди. Бундан уч йил
олдин оламдан ўтган эри уста Туробга атаб Қуръон тиловат қилди. Ўрис шаҳарларида дайдиб
қолиб кетган ўғли Бўрихонга худодан инсоф тилади. Бахти очилмай, гулдек умри хазон
бўлаётган қизи Қумрига ачиниб, шу фариштагинанинг йўлини оч, деб Аллоҳга илтижо қилди.
Кампир ҳар саҳар ички бир эзгинлик билан шу гапларни такрорларди. У қўл чўзиб,
жойнамознинг бир бурчини қайириб ўрнидан турди.
Сентябрь оёқлаб, сувлар тиниққан, ариқ тубларидан бола-бақра ташлаб юборган пиёлами,
чойнак қопқоғими, қошиқми шундоққина кўриниб турибди. Қирғоқлар зах тортиб, экин-тикин
сув сўрамай қўйган палла.
Қўшни ҳовлилардан мактабга кетаётган болаларнинг инжиқликлари, хархашалари,
оналарнинг ялиниб-ёлборишлари эшитилиб турибди. Кампир бу товушларга бир дам қулоқ
тутиб, бошини тебратиб, кулиб қўйди.
Саодат ёшлигида жуда чиройли қиз бўлганди. Сочлари тақимини ўпарди. Тараганда
шамшод тароқ ушлаган қўллари сочининг учигача етмасди.
Ярмини қисмлаб туриб, буёғини тарарди. Опаси бу сочларни қирқта қилиб ўрганда, яна
шунчаси ортиб қоларди.
— Э, сочинг қурсин! — дерди опаси. — Қўлларим толиб кетди, сочингни ўрдиришга одам
ёллаш керак.
Кўчада амиркон маҳсиковушни ғирчиллатиб, сочларини селкиллатиб юрганда қараган ҳам
қарарди, қарамаган ҳам. Ёш қизалоқлар орқасидан келиб, сочларини кўзига суртиб қочишарди.
Мана, йиллар ўтиб соч ҳам оқарди, сийраклашди-ю, барибир ўша узунлигича қолди. Учига
бирор нарса тақмаса, ҳурпайиб, бўйни, елкаларини тутиб кетади. Шунинг учун ҳам у сочининг
учига ўғри тутар сандиқнинг калитини осиб кўяди. Сандиқни очаётганда калитни ечиб олмайди.
Сочи узун бўлганидан тиззаласа калит бемалол қулфга етади. Энди янги уйларга сандиқ урф
бўлмай қолди. Ҳамма уйни пўрим жавонлар босиб кетди.
Бундан ташқари, қулфни даранглатиб очадиган калитларни ясайдиган усталар қолмаган.
Кампирнинг сочлари ҳамон ёшлигидагидек. Фақат ярмидан кўпи оқариб кетган. Орқасига
ташлаб қўядиган, учи бирлаштирилган икки ўрим сочининг учига эрининг фронтдан олиб
келган оғиргина медалини осиб қўйган. Тайёр илгаги ҳам бор, сочни пастга тортиб туради.
Ҳовлининг ярмига яқин жойга тангадек офтоб туширмайдиган қари тут барглари сарғая
бошлаган. Қуриган шохига баҳорда илиниб қолган варракнинг қамиш қовурғалари скелетдек
бўлиб турибди. Фақат узун латта думи шамолда илондек тўлғонади.
Шу тут тагида бир оппоқ ит супурги устида ухлаб ётибди. Кичкинагина, белида белбоғдек
иккита — бири қора, бири жигарранг чизиғи бор. Худди кимдир атайлаб бўяб қўйганга ўхшаб
кўринади. Тумшуғи билан икки кўзи қоп-қора. Бир кўзининг тепасида тўмтоқ қоши ҳам бор. У
кампирнинг оёқ товушидан бир кўзини эринибгина очди-ю, чала ярим керишиб, яна уйқуга
кетди.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |