Ўлмас Умарбеков. Кимнинг ташвиши йўқ (қисса)
www.ziyouz.com кутубхонаси
8
Шаҳарда у бошқармани дарров топди. Кўп қидирмади. Лекин бошқарма берк эди. Ҳали иш
бошланмаган эди. Шундай бўлса ҳам Назир ота ўзини ниятига етгандай ҳис қилди. «Ҳализамон
келишади, — ўйлади ўзича у. — Кўришади. Лекин нима экан ўзи бу? Қандай
коннинг плани
экан? Нима бўлса ҳам ҳар ҳолда ўғлим қўйиб кетган нарса кераксиз бўлмайди. Кераксиз бўлса
қўйиб кетармиди?»
У шу фикр билан кўчанинг нариги бетидаги хиёбонга ўтди. Қуёш энди икки терак бўйи
кўтарилган эди. Хиёбонда одам сийрак. Бир кампир аравачада боласини айлантириб юрибди.
Кимдир — эркакми, аёлми, кийимидан ажрата олмади, гул дўконининг олдини супуряпти.
Назир ота йўлка ёнидаги камалак тус скамейкаларнинг бирига ўтирди.
«Кераксиз бўлса қўйиб кетмасди, — деди яна қоғозни ўйлаб. — Шошганда, шошган.
Шошмаса ўзи бир ёқлик қилиб кетарди».
Назир ота шундай деди-ю, кўз олдига ўша, ўғлини фронтга жўнатган кун келди. У бу кунни
сира
эслагиси келмас, лекин унутиб ҳам юбора олмас эди. Шу
куни у умрида биринчи марта
кампирига қўлини кўтарган, шу куни биринчи марта ўғлидан таъна эшитган эди.
Қирқ иккинчи йилнинг августи эди ўшанда. Худди мана шу кунгидай ҳаво очиқ,
офтоб
нурини аямай еру сувни қиздириб турарди.
Назир ота боғда ток чопиқ қилаётган эди. Олисдан пояларга суяниб-суяниб келаётган бир
одам кўринди. Бу — Назир ота таниди — келини эди. Таниди-ю, жаҳли чиқди. «Овқат олиб
келаётган бўлса керак, — ўйлади хуноб бўлиб. — Ўзи олиб кела қолса нима қилар экан
Зайнабнинг оғироёқли одамни юбормай?!».
Келини рўпарасига келганда ишдан бошини кўтармай сўради
— Нега сен келдинг? Ойингнинг ўзи келса узилиб қолармиди?
У келинига ер остидан қаради-ю чўчиб кетди. Келинининг рангида ранг қолмаган, кўкариб
кетган лаблари титрарди.
— Тинчликми? — сўради ҳовлиқиб.
— Ўғлингизга... ўғлингизга
повестка келди, — деди нафаси қисилиб келин ва йиғлаб
юборди.
Назир ота турган жойида қотиб қолди. У ҳар қандай
шум хабарни кутганди,
лекин буни
кутмаган эди. «Ўғлим ҳали ёш», деб ўйлаб юрарди.
— Ўзи қани? — сўради Назир ота ўзига келиб.
— Отланяптилар...
— Қўй, йиғлама, — деди Назир ота келинини қўлтиқларкан. — Қани, юрчи!
Улар уйга келишганда Зайнаб хола ўчоқ бошида нимадир пишираётган эди. Эрини кўрди-ю,
пиқирлаб йиғлаб юборди.
— Қани? — сўради Назир ота.
Зайнаб хола уйга ишора килди. Унинг гапиришга мажоли қолмаган эди.
Уйда Турсун қоғозларни йиғиштирарди. Отасини кўриб жилмайди.
— Отланяпсанми? — деди Назир ота рўпарасидаги стулга ўтириб. У ўзини дадил тутишга
ҳаракат қиларди.
— Отланяпман, — деди Турсун. — Отланиш керак.
— Бугунми?
— Ҳозир. Сельсоветда йиғиламиз.
— Кейин қаёқка?
— Тошкентга бўлса керак. Тошкентдан жўнаймиз.
— Йигирма учга ҳам навбат келибди-да? Турсун индамади.
— Кўпчиликмисизлар? — сўради яна Назир ота.
— Ҳа, ўзимиздан ўттиз киши. Қумарикдагилар ҳам шу ерга келишади. Улар қанча —
билмадим.