3.6.Зилзила вақтидаги харакатлар:Ҳар доим зилзила вақтида қаерда бўлсангиз, айнан ўша ердан хавфсиз жойни топа билиш зарур. Айрим одамлар зилзила юз берган дамда қўрқиб кетганларидан ваҳима ичра лифт ва бинодан чиқиш жойларига қараб югуришади. Электр таъминоти узилгудек бўлса, одамлар тўла лифт қаватлар ўртасида тўхтаб қолади. Йўлкаларга тепадан отилиб тушаётган буюмлар, шиша синиқлари ва бино безакларининг бўлаклари бинодан югуриб чиқаётганларга жароҳат етказади. Шу сабабли, яхшиси бино ичида қолган ҳолда йиқилаётган мебеллар ва сочилиб тушаётган анжомлардан сақланиш учун сизга яқинроқ ерда турган стол остидан паноҳ топган маъқулроқ. Мустаҳкам қурилган бинолар кучли зилзила вақтида анча узоқ муддат, айримда 1 дақиқагача чайқалиб туриши мумкинлигини ёддан чиқарманг. Инчунун, хотиржамликни қўлдан берманг ва бошқаларни шундай йўл тутишга унданг.
Мобадо уйингизнинг мустаҳкамлигига ишончингиз камроқ бўлса, зилзила рўй берганида ўзингизни муҳофаза қилиш тадбирларини олдиндан кўриб қўйишингиз ўта муҳимдир. Мустаҳкам стол остига беркина олишнинг иложи бўлмаса, эшик кесакиси оралиғи ёки хона бурчагига бошингизни тўсган ҳолда туриб олинг.
Очиқ жойда бўлсангиз ағдарилиб тушиши мумкин бўлган биноларга, электр тармоқларига яқин турманг. Транспортда бўлсангиз очиқ жойда тўхтатинг, тебраниш ўтиб кетгунча кутинг. Бу вақтда метрода кетаётган бўлсангиз, асло саросимага тушманг. Чунки ер остида ер устидагига қараганда хавфсизроқ бўласиз. Аммо чироқ ўчиб қолишига тайёр туринг.
Аммо барибир, қандайдир сабабга кўра бино вайрон бўлса-ю, Сиз вайрона уюмлари остида қолиб кетсангиз, асло тушкунликка тушакўрманг. Бундай ҳалокатли зилзиладан бир неча соат ўтибоқ йирик кўламдаги қутқарув ишлари ташкил этилади, вайрона уюмларини тозалаш учун техника жалб этилади, мутахассис-қутқарувчилар ишга киришади. Бундай ҳолда Сизнинг асосий вазифангиз – аввало ўзингизни босиб олиш, узоқ вақт очлик ва чанқоқликка чидашга, ноқулай вазиятда бўлишга тўғри келишига руҳан тайёрланишдан иборат. Ўзингизга биринчи тиббий ёрдам кўрсата олиш, жароҳатдан оқаётган қонни тўхтата олиш, чекингизга тушган муваққат қийинчиликларни чидам билан енга олишга доир билим ва кўникмаларингиз Сизга қўл келиши мумкин. Яхшиси бурун билан нафас олиш, хотиржамлик билан (бундай ҳолда организмдан намликни чиқиб кетиши минимал бўлади), қорин билан ётиш (нафас олиш осон бўлади) лозим. Чанқаш ҳисси ғолиб келганда оғизга текис тош бўлаги, мато парчасини солиб олиш керак – бу узоқ вақт давомида чанқоққа чидашда ёрдам беради. 3-4 соатлардан сўнг иложи бўлса овоз чиқариб хабар бериш (аммо фақат сизни юқоридагилар эшитишаётган бўлсагина, тинмай қичқириш ярамайди) лозим. Сизни юқорида қолганлар албатта қидиришади ва қутқариб олишади. Зилзила вақтидаги асосий содда қоидалар мана шулардан иборат. Тебраниш тугаганидан сўнг биринчи навбатда шикастланганларга ёрдам бериш лозим. Биринчи ёрдам зарур бўлса, ташкил этинг. Тиббий ёрдамга муҳтожларни аниқланг. Ёнғин хавфи бор жойларни бартараф этинг. Сув, газ, электр тармоқларида шикастланиш бор-йўқлигини аниқланг. Зинҳор шам ёки гугуртдан фойдаланманг. Электр симларига яқинлашманг. Канализация тармоқларини кўздан кечирмасдан туриб, ундан фойдаланманг. Руҳий ёрдамга муҳтожларни тинчлантиришга ҳаракат қилинг.Қутқарув ишларида қатнашаётган қутқарув командалари, ички ишлар, тиббиёт ва бошқа соҳа ходимларига қўлингиздан келганича ёрдам беринг.
3.7. Кўчки хавфида ҳолининг ҳаракати. Хавф эҳтимоли мавжуд ерларда яшовчи аҳоли кўчки белгиларини, хабар бериш сигналлари ва хавфсиз жойга чиқиш йўналишларини билиши зарур. Ҳужжатлар ва озиқ-овқат заҳираси доимо тайёр туриши лозим. Хавф мавжуд ерларда қурилиш ишларини олиб бориш мумкин эмас.
3.8. Сел хавфида аҳоли ҳаракати. Селдан хавфли ҳудудларда яшовчи аҳоли сел келиши эҳтимоли бўлган йўналишларни ва ушбу хавфли ҳодисанинг белгиларини билиши зарур. Аҳолига сел хавфи туғилганда хабар бериш сигналини бериш тартиби тўғрисида маълумот берилиши лозим. Сел хавфи белгилари (гумбурлаш, сув лойқаланиши) пайдо бўлиши билан асло ваҳимага тушмаслик керак. Ваҳима инсоннинг тезликда вазиятга оқилона баҳо бериб, тўғри ҳаракат режаларини тузишига ҳалақит беради. Аксинча, дарҳол энг зарур буюмларни олиб, олдиндан белгилаб қўйилган йўналишда хавфсиз жойларга кўчиб ўтиш лозим. Бунда йўл сел ўзанлари тубидан ўтмаслигига эътибор бериш лозим.
Хавфсиз жойга кўчишнинг иложи бўлмай қолганида эса катта, баланд тош бўлаги ёки дарахт устига чиқиб олиш ва оқим ўтиб кетишини кутиш зарур. Одатда, сел оқими 3-5 соатдан сўнг тўхтайди.
Сел оқими ўтиб кетганидан сўнг ҳам сел ўзанига тушиш керак эмас, чунки биринчи оқим кетидан иккинчиси келиши мумкин. Албатта турар жой биносининг ҳолатини текшириб кўриш, электр, газ ва ичимлик суви тармоқларидаги носозликларни аниқлаш зарур. Шундан сўнггина бино ичига кирса бўлади. Мобадо уй ўпирилган қирғоқ яқинида бўлса ёки пойдевор қисман ювилиб кетган бўлса бундай жойда қолиш хавфли ҳисобланади.
3.9. Сув тошқини хавфида аҳоли харакати:
- турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, темир ва автомобиль йўлларининг шикастланиши, электр ва алоқа тизимига путур етиши, мелиоратив тизимнинг ишдан чиқиши;
- чорва моллари ва қишлоқ хўжалиги экинларининг нобуд бўлиши;
- хом ашё, ёқилғи, озиқ-овқат маҳсулотлари, ем-хашак, ўғитларнинг йўқ қилиниши ёки намланиши;
- аҳолини вақтинчалик кўчириш, моддий бойликларни хавфсиз жойларга ташиш сарф-харажатлари;
- тупроқ ҳосилдор қатламининг ювиб кетилиши ва қум, лой ёки тошлар остида қолиши.
Билвосита зарарлар:
- сув тошқинидан зарар ҳудудларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, дори-дармон, қурилиш материаллари ва техника, чорва моллари учун ем-хашакни олиб келишга кетадиган харажатлар;
- саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқариши, халқ хўжалиги ривожланиш темпининг секинлашуви;
- маҳаллий аҳолининг яшаш шароити ёмонлашуви;
- сув остида қолган ҳудуддан рациональ фойдаланиб бўлмаслиги, бинолар ва ишлаб чиқариш жойларидан фойдаланганлик учун амортизация харажатларининг ошиб кетиши;
- сув босиш зонасида қолган доимий тушиб турадиган бино ва иншоотларнинг тез эскириши.
Сув тошқини тўғрисидаги хабарда одатда фавқулодда вазият кутилаётган вақт, унинг чегаралари, аҳолига тавсиялар ва эвакуация ҳақида маълумот беилади. Мобадо сиз яшаётган ҳудуд сув тошқини зонасига тушиб қолгудек бўлса, у ҳолда:
- газ, электр, сув тармоқларини ўчириш;
- қимматбаҳо буюмларни юқори қаватларга олиб чиқиш;
- дераза ва эшикларни ёпиб, тахта ёки фанер билан тўсиш;
- эвакуация эълон қилинган бўлса, ҳужжатлар, пул ва қимматли қоғозларни, уч кунлик егулик ва тиббий ёрдам қутисини ҳозирлаш керак.
Сув тўсатдан кўтарилган ҳолларда тезлик билан тепа жойларга чиқиш зарур. Ёрдам етиб келгунига қадар юқори қаватларда, дарахтлар устида ёки тепаликларда қолиш лозим. Сувга тушишга тўғри келгудек бўлса, у ҳолда бочка, ғўла, тахта, эшик, ёғоч бўлаклари, автомобиль камераларидан фойдаланиш мумкин. Булар бўлмаганда пластик бутилкалар, ҳатто коптоклар сизни сув устида ушлаб тура олиши мумкин.
3.10. Довул хавфида ҳолининг ҳаракати.
Довулни прогноз қилиш мумкин. Довул бошланишидан аввал аҳоли «Диққат барчага!» сигнали билан огоҳлантирилади. Сигнал овозини эшитиб, радио, телевизорни ёқиш, берилаётган хабарни эшитиш ва муҳофаза чораларини кўриш лозим. Яъни бинонинг шамол урадиган томонидаги дераза, эшикларни ёпиш, сув, озиқ-овқат, дори-дармон заҳираларини тайёрлаш, фонарь, керосин лампа, шам, поход плитаси, батарейкали радиоприемниклар шай қилиниши зарур. Ички босимни мувозанатлаш мақсадида шамол тегмайдиган томондаги эшик ва деразаларни очиб, шу ҳолатида қотириб қўйиш керак. Ҳужжатлар, пул ёнингизда бўлгани маъқул.
Ҳовли, том, айвон, дераза токчаларидаги буюмларни шамол учириб кетмайдиган жойга қўйиш зарур.
Довул пайтида яхшиси аввалдан тайёрлаб қўйилган панажойларда ёки ертўлада паноҳ топган маъқул. Агар бунинг иложи бўлмасаю, бино ичида қолишингизга тўғри келса, энг хавфсиз жойни танлаш керак. Бинонинг ўрта қисми, йўлаклар, бинонинг биринчи қавати шундай хавфсиз жой ҳисобланади.
Шамол тўхташи биланоқ кўчага чиқиш ярамайди. Бир неча дақиқадан сўнг шамол қайтарилиши мумкин. Довул тўхтаганига ишонч ҳосил қилингандан сўнггина осилиб турган нарсалар, бино қисмлари, узилган электр симлари йўқлигини текшириб кўриб, уйдан чиқиш мумкин. Газ ҳиди келмаётганлигига ишонч ҳосил қилинганидан сўнггина олов ёқишингиз мумкин.
Яқинлашиб келаётган қуюндан энг яхши қутқарув воситаси – панажойдир. Довул ёки бўрон вақтида қандай муҳофаза чораларини кўрган бўлсангиз бу ҳолда ҳам шундай чораларни кўринг. Қуюн вақтида бинонинг ичида эмас, балки фақат ертўлада яшириниш мумкин. Очиқ жойда унга дуч келиб қолсангиз, йўл четида, ариқлар ичида ерга маҳкам ёпишиб ётиб олинг
Озиқ овқат ва тиббий хизмат таъминоти
Биринчи 3 кунликда ишчи,хизматчи ва уларнинг оила аъзоларини иссиқ овқат билан таъминлаш,корхона захирасидаги ҳамда аҳолининг ўзи билан олганозиқ-овқат махсулотлари хисобига амалга оширилади. Ундан кейин озиқ-овқат ва тиббиёт таъминоти савдо ва тиббиёт хизматлари томонидан таъминланади.
5. Эвакуация тадбирларини маънавий - рухий таъминоти
5.1. Эвакуация тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш учун маънавий-рухий тайёргарлик тубандагиларга йўналтирилади:
- Эвакокомиссия аъзолари ўз мажбуриятларини, қарор ва кўрсатмаларни аниқ бажаришда юқори масъулиятни хис этиши;
- Эвакуация қилинувчи аҳоли орасида юқори маънавий – рухий, ахлоқий сифатларни, сабр-тоқат, ўзаро қўллаб- қувватлаш, барча қийинчиликларда бардошлиликни шакллантириш, фуқаро муҳофазаси тадбирларида фаолликни ошириши;
- Эвакуация тадбирларининг тартиб – қоидалари ҳамда фуқаро муҳофазаси сигналлари тўғрисида тушунтириш ва амалий харакатни таъминлашни эвакокомиссия аъзолари ҳамда колонна бошлиқлари амалга оширадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |