Тола – тўқимачилик саноати учун хомашё Бугун мамлакатимизда пахта толасини чуқур қайта ишлаш ҳажми ошмоқда. Бу кўрсаткич ўтган асрнинг 90-йилларидаги 7 фоиздан 50 фоизгача ўсди. Ҳисоб-китобларга кўра, яқин йиллар ичида Ўзбекистонда етиштирилган жами пахта толасининг асосий қисми ўзимизда чуқур қайта ишланади. Айни шу жараёнга кластер кўмакчи бўлади. У мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорда талаб катта бўлган янги турлар билан бойитилишига муносиб ҳиссасини қўшади. Соҳага жалб қилинаётган инвестиция ва замонавий технологиялар маҳсулот сифтини ошириб, рақобатбардошлигини таъминлайди, экспорт салоҳияти юксалишига хизмат қилади.
Ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган органик озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш – Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан биридир.
Аҳоли ўсиши янада жадаллашган ҳозирги замонда уни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этади. Озиқ-овқат маҳсулотларини, айниқса сут-гўшт йўналишидаги маҳсулотларни кўпайтиришга эҳтиёж аҳоли даромадларининг ортаётганлиги, овқатланиш маданиятининг ўсаётганлиги, ушбу товарларга талабнинг юқорилиги билан изоҳланади.
Ана шундай заруриятлардан келиб чиқиб республикамизда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ушбу самарали тизимни жорий этишга изчиллик билан кришилди.
Президентимизнинг ташаббуси билан 2017 йилда Бухоро ва Сирдарё вилоятларида илк бор пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилиб, илк ижобий натижаларга эришиб бошлашган эдилар.
Ушбудан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 январдаги 53-сонли “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Бу қарорда фермер хўжаликлари, бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва тўқимачилик саноати корхоналари ўртасида бозор муносабатларини шакллантириш, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш асосида юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадида тўқимачилик саноати корхоналари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг 2018 йил пахта хом ашёси ҳосили доирасида синаб кўришни ҳисобга олган ҳолда мувофиқ ҳудудларда 13 та пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этиш белгиланди. Бунда ушбу ишлаб чиқаришни тўқимачилик саноати корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари ўртасида пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб бериш юзасидан тўғридан-тўғри контрактация шартномасини тузиш асосида ташкил этиш кўрсатиб берилди.
Ушбу қарорда белгилаб қўйилдики пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали ҳамда оқилона фойдаланишга, ҳосилдорликни оширишга ва етиштириладиган пахта хом ашёсининг ўз вақтида йиғиб-териб олинишига кўмаклашади, шунингдек, унинг чуқур қайта ишланишини ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг кўпайтирилишини таъминлайди;
лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилиш, минерал ўғитлар, уруғлик, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа материал ресурслар етказиб бериш бўйича фермер хўжаликлари учун назарда тутилган шартлар ҳамда тартиб пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларига татбиқ этилади;
пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши доирасида ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган пахта толаси ихтиёрий асосда сертификатланади;
ишлаб чиқарилган пахта толасининг ўз ишлаб чиқариш қувватлари эҳтиёжларидан ошадиган ҳажмлари пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари томонидан тўғридан-тўғри контрактлар ёки биржа савдолари орқали бошқа маҳаллий истеъмолчиларга сотилади;
пахтадан олинган чигит пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиси томонидан маҳсулотни қайтариш асосида ёғ-мой корхоналарига, ёғ-мой маҳсулотини кейинчалик биржа савдолари орқали реализация қилиш шарти билан, қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) эса тўғридан-тўғри шартномалар бўйича биринчи навбатда, фермер хўжаликларига, шунингдек, бошқа маҳаллий истеъмолчиларга сотилади;
қўшимча маҳсулотлар (линт, ўлик пахта ва бошқалар) пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиси томонидан маҳаллий истеъмолчиларга биржа савдолари орқали сотилади;
пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиси томонидан харид қилинадиган пахта хом ашёси нархи фермер хўжаликларининг рентабеллиги ҳисобга олиниб, агротехнологик хариталар асосида шакллантириладиган харажатлардан келиб чиққан ҳолда шартнома асосида белгиланади ва давлат эҳтиёжлари учун белгиланган нархлардан паст бўлмайди.
пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларига кредитлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан йилига 3 фоиздан ортиқ бўлмаган фоиз ставкаси бўйича ва давлат буюртмаси доирасида пахта хом ашёси сотадиган фермер хўжаликларини молиялаштириш учун назарда тутилган шартлар асосида ажратилади;
пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши учун пахта хом ашёси етиштириш мақсадида ажратиладиган маблағлар фермер хўжалигининг махсус ҳисобрақамига ўтказилади;
фермер хўжаликларининг махсус ҳисобрақамларига тушадиган маблағлардан янги пахта хом ашёси ҳосили етиштириш учун фақат зарур товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилиш учун фойдаланиш мумкин ва ҳисобрақамлар эгаларининг янги ҳосилни етиштириш билан боғлиқ бўлмаган илгари юзага келган мажбуриятларини қоплашга йўналтирилиши мумкин эмас;
пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришга доир қўшимча харажатлар ҳамда фермер хўжаликлари учун қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилиш харажатлари пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари томонидан ўз маблағлари ёки тижорат банкларининг тўқимачилик ҳамда тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари етказиб бериш бўйича экспорт контрактлари кафолати остида ажратиладиган кредитлари ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин;
Яна шуниси аҳамиятлики пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этадиган пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ва фермер хўжаликлари оладиган ҳамда улар томонидан бериладиган, ўзлари ишлаб чиқарадиган маҳсулотларни сотиш бўйича оборотлар билан боғлиқ бўлмаган пул маблағлари ва мулк, шунингдек, соф даромад тақсимоти солиқ солинадиган объектлар ҳисобланмайди.
Ушбу қарор билан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларига ҳудудлар шароитлари, экинларни илмий асосланган тарзда алмашлаб экиш, сув ва ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш, шунингдек, пахтанинг тозалигига риоя этилишини ҳисобга олган ҳолда, ғўзанинг селекция навларини мустақил равишда жойлаштириш ҳуқуқи берилди.
Пахта хом ашёсини дастлабки қайта ишлаш маҳсулотини қайтариш асосида пахта тозалаш корхонасида ёхуд пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларининг ўз корхонасида ёки улар томонидан ижарага олинган пахта тозалаш корхонасида амалга оширилиши ҳам белгилаб қўйилди.
Қарорда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ҳудудида жойлашган пахта тозалаш корхоналарини ва пахта тайёрлаш пунктларининг техник ва молиявий ҳолатини баҳолаш асосида улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш юзасидан уларни пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларига ижарага бериш, тўловни бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда ёки инвестиция мажбуриятлари остида «нол» харид қиймати бўйича сотишни ёхуд қувватлардан маҳсулотини қайтариш шарти билан фойдаланиш ҳам белгиланган.
2018 йил пахта хом ашёси ҳосили якунлари бўйича пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ва кластерларни ташкил этишга доир фаолиятни тартибга солувчи ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришни ҳисобга олган ҳолда пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришни ташкил этишнинг бозор механизмини шакллантириш юзасидан таклифлар тайрланиши ҳам назарда тутилган.
Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган, божхона тўловлари тўлашдан 2020 йил 1 январгача бўлган муддатга озод қилинадиган имтиёзлар ҳам белгилаб берилди.
Айтиш жоизки ушбу қарор асосида бу жараёнда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Энг муҳими, Бухорода, Сирдарёда ва Навоий вилоятида бошланган “кластер” тажрибаси юртимиз бўйлаб кенг тарқалмоқда. Хусусан, Самарқанд, Тошкент, Сурхандарё, Жиззах, Қашқадарё, ва бошқа вилоятларда ҳам “кластер” тизимида ишлаб чиқариш объектлари барпо этишга киришилди.
Ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластерлари 2018 йилнинг ўзидаёқ ишлаб чиқаришни янгича ташкил этиш, замонавий техника ва технологияларни татбиқ этишлари натижасида ҳозирда ижобий натижаларга эришаётганларини ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турибмиз.
Масалан, бу йилда Андижондаги пахта-тўқимачилик кластери корхоналари экспортга 23 млн.АҚШ доллари миқдорида маҳсулот юборишмоқда.
Биргина Қашқадарё вилоятида кластерлардаги иш жараёнларини такомиллаштирилиши ҳисобига қўшимча 2150 та иш ўрни ташкил қилинган.
Шу билан бир қаторда, Республикамизда тўқимачилик маҳсулотларини кластер усулида етиштиришга хорижий инвесторлар ҳам катта қизиқиш билдиришмоқда. Сингапурнинг «Индорама» компанияси Ўзбекистонда пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилишига 245 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишмоқда. Бу компания шу билан йилига 100 минг тонна пахта етиштиришни мўлжаллашмоқда.
Бундан ташқари кўпгина инвесторлар бу самарали тизимни жорий этилишида иштирок этишни мақсад қилишмоқдалар. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.
Мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йилнинг 12 сентябрида ўтказган йиғилишида 2020 йилда республикамизда етиштириладиган пахтани пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этиш билан ўзимизда тўлиқ қайта ишлаш вазифаси қўйилди. «Қишлоқ хўжалигига бозор муносабатларини кенг жорий этиш учун пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратилиши керак. Қишлоқ хўжалигини келажаги кластерларга боғлиқ. Кластерлар аграр соҳанинг тезкор ривожланишининг «локомотиви» бўлиши керак »-деб айтдилар Муҳтарам Президентимиз.
Йиғилишда пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этишни кенгайтириш масаласи қўйилди. Шу йилнинг ўзида 20 та туманда 164 минг гектар майдонда пахтани кластер усулида тайёрланганлиги таъкидланди. 2019 йилда 61 та кластерда жами экин майдонларининг 51% да пахта тайёрланиши режалаштирилаётганлиги айтиб ўтилди. Шу билан юртимизда тайёрланган 78 % пахта толаси ўзимизнинг маҳаллий тўқимачилик корхоналарида қайта ишланади. Тайёр маҳсулотнинг улуши 40 % дан 60 % гача кўтарилади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида айтилгандек, кейинги 2019 йилда кластер усулида пахта етиштиришни камида 52 фоизга етказиш учун 48 та пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида пахта-тўқимачилик кластерларини фаолиятини янада кенгроқ ва самаралироқ ташкил этиш лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига, юртимизни равнақ топтириш ва халқимизни фаровонлигини ошириш бўйича янги-янги ютуқларга эришишимиз мумкин.