“1875-1876 йилларда Қўқон хонлигини забт этганлиги учун” сўзлар ёзилган бронзадан қилинган медал берилган.
М .Д.Скобелев Андижонни забт этганидан сўнг Асакани қўлга киритиш учун 2 та рота пиёда аскар, 240 отлиқ, 500 казак, ракета батареяси ва 4 тўп билан Асакага хужум бошлайди ва унинг марказини тўпга тутадилар. Асака тепалигида турган Абдурахмон Офтобачи бошлиқ ҳимоячиларга қарши солдатлар хужумга ўтиб, уларни чекинтиришади. 20 январ куни Абдурахмон Офтобачи рус қўмондонига элчи юборади. 24 январда у ўзининг 12 сафдоши, шу жумладан, Ботир Тўра, Исфандиёр, Холиқ парвоначи, Нормуҳаммад Додхох ва 700 йигити билан Скобелевга таслим бўлади. Пўлатхон бундан хабар топиб ҳақиқий Пўлатхоннинг ака-укалари ва келинини ўлдиртиради. Шунингдек у штабс капитан Святопол-Мирский, унтер-офицер Ф.Данилов ва 8 рус асрини ўлимга ҳукм қилади2.
Андижонда содир бўлган қўзғолончилар ҳалокати ва андижонликларнинг мислсиз қаҳрамонликлари фақат Қўқон хонлигини эмас, балки бутун Ўрта Осиёни ларзага солди. Бу тарихий жангда озодлик курашчиларининг моддий ва маънавий кучига жуда катта талофат етказилди.
Халқимизда гуруч курмаксиз бўлмайди, деган нақл бор. Ватан ҳимоячилари орасида ҳам юрт, миллат тақдирига бефарқ қараб, оғир ва мушкул вазиятда ўз манфаати йўлида хоинлик, сотқинлик қилишлари мумкинлиги Андижон мудофаасида исботланди. Генерал-майор Скобелев Намангандан чиқиб Андижонни забт этишни қайси томондан бошлаш кераклиги ҳақида бош қотириб турган бир пайтда, шаҳардаги мансабдор шахсларнинг айримлари сотқинлик қилиб, рус қўшинларини Андижонга хужум қилиши на Андижонсой тарафдан, на Авғонбоғи тарафидан маъқул эмаслиги, фақат Отчиқмас тепалигидан шаҳарга замбаракдан ўқ узиш орқали кириш мумкинлигини маслаҳат берганди. Асли андижонлик бўлган, тақдир-тақазоси билан коллективлаштириш даврида хорижга мухожир бўлиб чиқиб кетган Мусо Туркистонийнинг икки жилдлик “Улуғ Туркистон фожеаси” китобида мана бу сатрларни ўқиймиз:
«...Руслар Фарғонага келиб Ҳўқандни, Марғилонни олган кунларда, Андижон халқи тўпланиб, қози Асрор бошда ўлароқ, жону-дилдан фидо бўлуб мудофаага ҳозирлик кўрдилар. Юртимизга ўрус оёғини бостирмаймиз, жонга-жон, қонга-қон деб русларни босиб келдурган йўллариға сад (тўсиқ, ғов) қилиб йўлини тўсдилар, Чим босдилар. Руслар Чим ғовидан ошиб ўтолмадилар, чунки қаҳрамонлар, паҳлавонлар йўл бермади. Руслардан кўп аскарлар нобуд бўлиб қирилди. Руслар ночор ҳийлага бош урдилар.
Қозоқлар Бойтурсун1 қозоқни топдилар, унинг воситасида Орзиқулбекни2 қўлга олдилар. Бу икки маҳаллий раҳбарлар русларни Отчиқмас йўли билан айлантириб, шаҳар ичига келтириб, Култепа деган жойдан чиқариб қўйдилар. Чим босилиб, ғов қилинган мудофаа хати жой-жойинда қолаверди. Шундоқ қилиб Андижон шаҳри ҳам қўлдан кетди...».
Шундай қилиб, чор Россияси истилосига қарши курашда Андижон ва унинг халқи мислсиз қаҳрамонлик намуналарини намойиш этди.Улкан куч ва қудратга эга бўлган душман катта талофат кўрган бўлса-да, ўзининг ёвуз ниятига эришди. 1876 йилнинг февралида Қўқон хонлиги тугатилди. Унинг ўрнига бутун Фарғонада истиқлолчилар қонини беаёв тўккан Скобелев бошлиқ Фарғона вилоят ҳарбий губернаторлиги ташкил бўлди. Андижон унинг бир уезди бўлиб қолди.
Мустамлакачилар бутун бир бошлиқ Қўқон хонлиги давлатини тугатиб, уни Россия империясининг битта вилоятига айлантириш билан, босқинчиликка қарши кўтарилган халқ ҳаракатларига барҳам бераолмади. Ватан озодлиги учун бўлган бу кураш “Олой маликаси” номи билан шуҳрат топган қирғиз аёли Қурбонжон Додхоҳ ва унинг ўғиллари томонидан 1876 йил охирларигача давом эттирилди.
Босқинчилар ўз ғалабалари ҳақида хотира қолдириш мақсадида Отчиқмас тепалигида катта ва баланд монумент ёдгорлик ўрнатишган. Унда 1876 йил 1-10 январида Андижонни забт этганлиги ҳақидаги тарихий лавҳа битилган, лекин вақт ўтиши билан бу лавҳа таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган. Лекин бу монументандижонликлар фожеасини эслатиб турувчи бирдан-бир моддий иншоотдир. Босқинчилар ўз қилмишларини тарихда қолдириш учун, келгуси авлодларига Ўрта Осиёни забт этиш жуда оғир кечгани, мустамлакага айлантирилган бу ҳудудни ўз қарамоғидан, ўзининг назоратидан кеткизмасдан бошқариш зарурлигини, бунга эришиш осонликча рўй бермаганлигини қайд этиб монумент қолдиришни лозим билганлари. Ҳатто, андижонликлардан 25 мингга яқин кишини йўқ қилишда бош-қош бўлган генерал Скобелев номини абадийлаштириш мақсадида шаҳарнинг энг катта кўчасига унинг номи берилган. Ҳозирги Навоий шоҳ кўчаси аввал Азимхожи, Қатортерак номи билан аталарди. Руслар босиб олгач бу кўчага Скобелев номи берилди. Советлар ҳукмронлиги даврида кўча номи ўзгартирилиб Андижон уезд шаҳар партия комитетининг биринчи котиби, 1919 йил сентябрдаги жангда халок бўлган Г.М.Билдин номи билан, 1930 йилларда эса Сталин номи билан аталди. Сталин шахсига сиғиниши танқид қилинишидан кейин эса кўчани номи Навоий шох кўчаси деб аталадиган бўлди. Фарғона ҳарбий губернатори М.Д. Скобелев номи Янги Марғилон шаҳри берилди. 1925 йилгача шаҳар Скобелев номи билан юритилди, шундан кейин Фарғона шаҳри деган ном берилди.
Энди Скобелевнинг кейинги тақдири ҳақида икки оғиз сўз. У Ўрта Осиёдан қайқтиб, рус-болқон урушида қатнашади ва Болгарияни Турк истилочиларидан озод қилади. Ахалтекин ҳарбий экспедициясини бошқаради. Жангларда кўрсатган мардлиги учун генерал-майор, генерал-лейтенант, генерал-адютант унвонларини қўлга киритади. Бироқ унга узоқ умр кўриш насиб этмайди. 1882 йили 39 ёшида овқатдан заҳарланишдан вафот этади.
Чор Россияси даврида унинг хотирасини абадийлаштиришга катта эътибор берилган. Жумладан, Москва шаҳридаги Скобелев майдонида унинг улуғвор ҳайкали ўрнатилади. Бироқ Октябрь инқилобидан сўнг унга рус пролетариати доҳийси Владимир Ильич Ленин томонидан қардош шарқ халқларини қийноққа солган босқинчи деб баҳо берилади. Ҳайкал бузиб ташланиб, ўрнига Москва шаҳри асосчиси Юрий Долгорукийга ёдкорлик ўрнатилади.
Скобелев бошчилигидаги чор қўшинлари Андижонни қирғин қилгандан сўнг “Қўқон хонлигининг бўй сундирилганлиги учун” медалини тасъис этиб, унинг барча қатнашчиларини ушбу мукофот билан тақдирлайди. Мана бу тарихий суратда ана шу медални олган рус казаклари акс эттирилган. 1910-1924 йиллар мобайнида у асос солган Янги Марғилон, хозирги Фарғона шаҳри Скобелев номи билан аталган. Андижонда ҳам бир нечта кўчага унинг номи берилган эди.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Скобелев қайси мамлакатни қурол кучи билан эгаллаган бўлса, ўша жойга ўз ғалабасининг рамзи сифатида ёдгорлик қолдириб кетган. Буни Болгариянинг Шипка тоғида ҳам учратиш мумкин. Айнан шундай ёдгорлик Андижоннинг Отчиқмас тепалигида ҳам турибди. Деярли 2,5 минг йиллик тарихга эга бўлган Андижон ўтмишда ўта оғир даврларни бошдан кечирди. Ана шулардан бири 1875-1876 йиллардаги рус босқинидир.Чиндан ҳам 19 асрнинг охирида Чор Россияси томонидан Туркистоннинг қўшиб олинганлигини эмас, балки истило қилинганлигини, андижонликлар уларга қарши аёвсиз кураш олиб бориб, қон тўкканлигини тасдиқловчи ушбу монументни тарихий исбот сифатида сақлаб қолишимиз ва келажак авлодга етказишимиз керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |