62-модда. Балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларидан ёки ов қилиш участкаларидан фойдаланувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мажбуриятлари
Фойдаланиш учун балиқчилик хўжалиги сув ҳавзалари ёки ов қилиш участкалари бериб қўйилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ушбу Қонуннинг 35 ва 351-моддаларида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:
балиқ захираларининг урчиб кўпайиш шароитларини таъминлаши;
ирригация-мелиорация тармоқларини, сунъий ҳовузлар ва бошқа балиқчилик хўжалиги иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклашни амалга ошириши, шунингдек уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши;
зарур мелиорация ишлари олиб бориши ҳамда мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар жойлашган ерлардаги қирғоқ участкаларини лозим даражада санитария ҳолатида сақлаши шарт.
(62-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-240-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 555-модда)
63-модда. Сув объектларидан балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сув объектлари балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун юридик шахсларга қонунчиликда назарда тутилган талабларга ва шартларга риоя этган ҳолда берилиши мумкин.
Сув объектларидан балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
(63-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 30 ноябрдаги ЎРҚ-733-сонли Қонуни таҳририида — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 03/21/733/1112-сон)
LexUZ шарҳи
Батафсил маълумот учун Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 августдаги 593-сонли «Табиий сув ҳавза участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериш ва Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига қаранг.
64-модда. Сув объектларидан спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлаш учун фойдаланиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сув ҳавзаларида спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлашга овчилар ва балиқчиларнинг жамоат бирлашмаларига бириктирилган жойларда ушбу жамиятларнинг рухсатномаси асосида бепул ёки ҳақ эвазига рухсат этилади, бундан давлат қўриқхоналарининг, табиат боғларининг ва давлат биосфера резерватларининг ҳудудидаги сув ҳавзалари мустасно. Сув объектлари ёки уларнинг айрим участкалари овчилар ва балиқчиларнинг жамоат бирлашмаларига ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда бириктирилиши мумкин.
(64-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 30 ноябрдаги ЎРҚ-733-сонли Қонуни таҳририида — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 03/21/733/1112-сон)
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикасининг «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Қонуннинг III бўлимига қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Балиқчилик хўжалиги ташкилотларига бириктирилган табиий сув ҳавзаларида, балиқчилик питомникларида ҳамда ҳовуз хўжаликларида, шунингдек овчилик-балиқ овлаш жамиятларига бириктирилган жойларда спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлаш уларнинг рухсатига кўра амалга оширилади.
(64-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон)
Do'stlaringiz bilan baham: |