54-модда. Сув истеъмолчиларининг сув объектларидан бериладиган сув оқими маромини ўзбошимчалик билан ўзгартиришини тақиқлаш
Сув истеъмолчиларининг сув истеъмолчилари уюшмалари ҳамда сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари билан белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда сув сарфини кўпайтириш ёки камайтириш мақсадида сув объектларидаги гидротехника иншоотларини ўзбошимчалик билан ўзгартириши, шунингдек уларга муваққат тўсиқлар, насос станциялари (агрегатлар) ва сувни кўтарадиган ҳамда сув оладиган бошқа иншоотларни қуриши тақиқланади.
Рўйхатдан ўтказилмаган сув ажратиш жойларидан ўзбошимчалик билан сув олиш тақиқланади.
(54-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-240-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 555-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
55-модда. Сув объектлари ва гидротехника иншоотлари устидан тракторлар, транспорт воситаларини ва чорва молларини ҳайдаб ўтишнинг тақиқланиши
Сув объектлари ва гидротехника иншоотлари устидан тракторлар, қишлоқ хўжалик машиналари, автомобиллар ва бошқа транспорт воситаларини ҳайдаб ўтиш, шунингдек мўлжалланмаган жойлардан чорва молларини ҳайдаб ўтиш ва суғориш тақиқланади.
(55-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-240-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 555-модда)
ХIV боб. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН САНОАТ МАҚСАДЛАРИДА ВА ЭНЕРГЕТИКА ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ФОЙДАЛАНИШ
Олдинги таҳрирга қаранг.
56-модда. Сув объектларидан саноат мақсадларида ҳамда иссиқлик ва атом энергетикаси эҳтиёжлари учун фойдаланувчи сув истеъмолчиларининг мажбуриятлари
(56-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 30 ноябрдаги ЎРҚ-733-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 03/21/733/1112-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сув объектларидан саноат мақсадларида ҳамда иссиқлик ва атом энергетикаси эҳтиёжлари учун фойдаланувчи сув истеъмолчилари, ушбу Қонуннинг 351-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари, ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш, сув таъминотининг айланма ҳамда такрорий тизимларини жорий этиш орқали сув сарфини камайтириш ва оқова сувларнинг оқизиб юборилишини тугатиш чораларини кўриши, шунингдек сувларнинг радиоактив ифлосланиши белгиланган нормалардан ошишига йўл қўймаслиги шарт.
(56-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 30 ноябрдаги ЎРҚ-733-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 03/21/733/1112-сон)
Лойиҳаланаётган ва ишга туширилаётган саноат объектлари учун сув таъминотининг тўхтовсиз тизимидан фойдаланишни назарда тутиш ман этилади, ишлаб чиқаришнинг шарт-шароитлари тақозоси билан айланма сув таъминотига мослаштирилиши мумкин бўлмаган корхоналар ва бошқа объектлар бундан мустасно.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Айланма сув таъминотига эга бўлмаган ишлаб турган корхоналар учун экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан сув хўжалиги органлари билан келишилган ҳолда уларни сув таъминотининг тўхтовсиз тизимига ўтказиш муддатлари белгиланади.
(56-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |