4. Худоёрхон даврида қипчоқларнинг кучайиши ва Мусулмонқул фаолияти. Қипчоқлар қирғини.
1845 йилда Бухорода бўлган Олимхоннинг ўғли Муродхон (Қўқонда 11 кун хон бўлган) амир Насруллонинг ёрдами билан Қўқонга келиб Шералихонни қатл этади ва тахтни эгаллайди. Бу пайтда Наманганда бўлган мингбоши Мусулмонқули бу воқеадан хабардор бўлгач Шералихоннинг беш ўғлидан бири Худоёрхонни олиб Қўқонга келади ҳамда уни хонлик тахтига ўтқазади (1845-1853, 1863, 1865-1875 йй.). 16 ёшга кирган Худоёрхоннинг ёшлигидан фойдаланган Мусулмонқули мамлакатни деярли ўзи бошқарди.
Худоёрхоннинг биринчи хонлиги даврида иккита куч – ўтроқ аҳоли ва
кўчманчи туркий қабилалар ўртасидаги ҳокимият учун кураш хонликнинг
асосий муаммосига айланди.
Умуман олганда, XIX асрнинг ўрталарига келиб Қўқон хонлигидаги
сиёсий жараёнлар ҳамда ички аҳвол янада оғирлашган эди. Сўнгги
тадқиқотларга кўра, бунинг сабаби биринчидан, ўтроқ аҳоли кўчманчи ва
ярим кўчманчи бўлган қипчоқлар ҳокимиятини тан олмаганлар. Хонлик
ҳудудларидаги баъзи вилоят ҳукмдорлари Мусулмонқулга қарши чиқдилар.
Иккинчидан, ҳокимиятда юқори мавқени эгаллаш ҳамда хонга таъсир
ўтказиш учун қипчоқлар орасида ҳам ўзаро курашлар борарди. Бу
курашларда қипчоқларнинг қулон уруғидан бўлган Мусулмонқули ҳам фаол
иштирок этган. Учинчи сабаб эса, қипчоқларнинг ўтроқ аҳолига нисбатан
юритган сиёсати эди. Қипчоқлар ўтроқ аҳолига нисбатан беписандлик назари
билан қараб, бошқа элат ва этник гуруҳларни камситганлар. Тўртинчидан
эса, ташқи омил – Россия империясининг аста-секинлик билан хонлик
ҳудудларига бостириб кириши сиёсий жараёнларнинг янада кескинлашувига
сабаб бўлган эди.
1852 йилга келиб, Мусулмонқули ва қипчоқларга қарши кураш учун
ўтроқ мулкдорлар ва тошкентлик зодагонлар Худоёрхон атрофида
бирлашдилар. Бу кучлар ёрдамида Худоёрхон Мусулмонқулини 1853 йилда
қатл этиб, унинг тарафдорларини йўқ қилгани билан тахт учун курашларга
барҳам бера олмади. Бундай вазиятда хонликнинг ички аҳволи оғирлашиб, у
фаол ташқи сиёсатдан ҳам анча орқада қолди. 1858 йилда Шералихоннинг
иккинчи хотинидан бўлган ўғли Маллахон Худоёрхонни тахтдан ағдариб,
ўзини хон деб эълон қилди. Маллахон ва Алиқули қирғиз бошчилигида
янгидан тикланган кўчманчилар гуруҳи узоқ ҳукм сурмади. Айнан шу гуруҳ
аъзолари Маллахонга қарши тил бириктириб, 1863 йил 25 февралда уни
ўлдирдилар. Тахтга эса Худоёрхоннинг акаси Саримсоқбекнинг ўғли
Шоҳмурод ўтқазилди. Лекин, қўшин бошлиқлари ва саройдаги кўпчилик
амалдорлар унга қарши фитна уюштириб, Худоёрхонга яна тахтга ўтиришни
таклиф этиб, одам юборадилар.
Бу пайда Маллахон ўлимини эшитган Худоёрхон Амир
Музаффарнинг рухсати билан Бухородан Жиззахга келган эди. Туркистон
ҳокими Қаноатшоҳ ёрдамида қўшин йиғиб, 1863 йилнинг март ойида
Жиззахдан Тошкентга келган Худоёрхон Қўқонга қарши юриш учун
Тошкент қўшини билан Хўжандга келади. Бу орада амир Музаффар ҳам
Бухоро лашкари билан Хўжандга келади. Худоёрхон Қўқонга ҳужум
қилишни режалаштираётган пайтда, яъни, 1863 йилнинг 5 майида шаҳар
аҳолиси унга шимолий дарвозаларни очиб бердилар. Натижада Қўқонда
қирғин бошланиб, Шоҳмуродхон ўз тарафдорлари билан Марғилонга қочди.
Худоёрхон иккинчи марта (1863 й.) тахтни қўлга киритди.
Аммо, хонликдаги қирғиз-қипчоқлар Косон ва Чуст атрофларида
қўзғолон кўтардилар ва Тўрақўрғонга ҳужум қилдилар. Улар, ҳатто Тошкент
атрофларидаги қабила бошлиқларига нома юбориб мадад беришни сўрадилар. Оқибатда Тошкент атрофида қозоқлар қўзғолон кўтариб,
Тошкентни қамал қилдилар. Худоёрхон томонидан юборилган қўшинлар бу
исёнларни бостиришга муваффақ бўлдилар. Аммо, мағлубиятга учраган
қирғиз-қипчоқ бошлиқлари тахт учун курашни давом эттирдилар. Хусусан,
Шодмонхўжа, Саид Маҳмудхонтўра, Алиқулилар Султон Саидхон
бошчилигида Марғилон томондан келиб Андижонни босиб олдилар ва унинг
атрофларидаги Балиқчи, Қува, Асака, Шаҳрихон, Ўш, Пойтуғ мавзеларини
талон-тарож қилдилар. 1863 йил 26 апрелда Султон Саидхоннинг қўшини
Мингтутга келиб, Қўқонни қамал қилди. Амир Музаффарнинг Худоёрхонга
ёрдами туфайли қирғиз-қипчоқ лашкари Асака томонга кетиб, Қўрағулча
дарасида ҳимояга ўтди. Қаттиқ курашлардан сўнг 1863 йилнинг 24 июлида
Султон Саидхон Қўқон тахтини (1863-1865 йй.) эгаллади. Худоёрхон эса яна
Бухорога қочди.
Хонликдаги ички низолар ташқи душманларга ниҳоятда қўл келган
эди. Бундай вазиятдан унумли фойдаланган чор Россияси қўшинлари 1864
йилда Туркистон ва Чимкентни босиб олди. 1865 йил баҳорида улар
Тошкентга яқинлашиб, Ниёзбек қалъасини эгалладилар. Узоқ қамалдан сўнг
17 июнда Тошкент эгалланди.
Қўқондаги саросималиклардан фойдаланган Худоёрхон 1865 йилнинг
ёзида амир қўшинлари ёрдамида сўнги марта Қўқон тахтини қўлга киритди.
Шундан сўнг у амирнинг талабларига бошқа итоат этмай қўйди. Худоёрхон
1867 йил январ ойида Россия билан савдо битимини, 1868 йил 13 февралда
Қўқон ва Россия шартномасини имзолади. Худоёрхон 1868-1873 йиллар
оралиғида Россия билан муносабатларини яхшилаш мақсадида Тошкентга
кўплаб совға- саломлар юборди. Шунингдек, Россия савдогарлари учун
қулай шарт-шароитлар яратиб берди. Натижада Қўқон хонлиги амалда
Россиянинг вассалига айланиб қолди.
Хонлик ҳудудида ҳукм сурган нисбий осойишталик 1873 йилгача
давом этган бўлса ҳам, ҳукмдор, унинг яқинлари ва маҳаллий ҳокимларнинг
жабр-зулми ҳамда қирғиз-қипқоқларнинг қайта бош кўтариши натижасида бу
ерларда ўзаро низолар, халқ чиқишлари бошланди. Ҳусусан, 1873 йилда
Пўлатхон (асли исми Мулла Исҳоқ Ҳасан ўғли) қирғизлар томонидан хон
қилиб кўтарилиб, у бошчилигида қўзғолон кўтарилди. Саройдаги нуфузли
амалдорлардан бири Абдураҳмон офтобачи Худоёрхонни тахтдан ағдариш ва
унинг ўғли Сайид Насриддинбекни хон тахтига ўтқазиш мақсадида Пўлатхон
билан тил бириктирди ва Ўрдада исён кўтарди. Сайид Насриддинбек
Абдураҳмон офтобачи кўмагида хон деб (1875-1876йй.) эълон қилинди.
Худоёрхон Насриддинбек фойдасига тахтдан воз кечиб, аввал, Хўжандга,
ундан Тошкентга қочди.
Насриддинбекнинг ҳокимият тепасига келиши ҳам мамлакатдаги
сиёсий вазиятнинг кескинлигини бартараф эта олмади. Буни тушуниб етган
Абдураҳмон офтобачи хонлик аҳолисини Россияга қарши курашга сафарбар
қилмоқчи бўлди. Аммо, русларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келиб Маҳрам
яқинидаги жангда улардан енгилди. Пўлатхон ҳам русларга қарши курашиш
мақсадида Қўқонга ҳужум қилмоқчи бўлиб турган вақтда, яъни, 1875 йил 25 сентябрда Насриддихон Россия империяси ҳукумати билан битим тузди. Бу
хабар тезда бутун Қўқонга ёйилиб аҳоли яна исён кўтарди ва Ўрдага ҳужум
қилди. Насриддинхон тахтни ташлаб Хўжандга қочди. Марғилонда Россия
империяси аскарларига қарши аҳолини сафарбар қилаётган Пўлатхон
қўшинига шаҳарликлар, мадраса талабалари ва кўчманчи аҳоли вакиллари
келиб қўшилди. Уларга қўзғолон вақтида босқинчилар билан ҳамкорлик
қилган қишилар ва хон оиласи вакилларини қатл этиш буюрилди.
Бу пайтда Наманганда бўлган Скобелев Россия империясининг
топшириғига асосан 1876 йил февралида Қўқон хонлигини бутунлай босиб
олишга киришди. Абдурахмон офтобачи ва Пўлатхон қўлга олинди.
Абдурахмон офтобачи Россиянинг Екатеринослав губерниясига,
Насриддинхон эса Владимир нуберниясига сургун қилинди. Шу тариқа, 1876
йил 19 февралда 150 йилдан кўпроқ ҳукм сурган Қўқон хонлиги тугатилиб,
ҳудудлари Россия империяси томонидан босиб олинди ва унинг ўрнига
Фарғона вилояти ташкил этилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |