XVII. БАНК ФИЛИАЛИНИ ОЧИШ ТАРТИБИ
94. Банк номидан банк операцияларининг барчасини ёки бир қисмини, шу жумладан, филиал жойлашган ҳудудда ваколатхона (вакил) вазифаларини амалга оширувчи алоҳида бўлинма банк филиали ҳисобланади.
95. Филиал уни ташкил этган банк томонидан мол-мулк билан таъминланади. Филиал номи банк номига тўлиқ мос келиши керак.
96. Филиал ўз фаолиятини банк кенгаши тасдиқлаган филиал тўғрисидаги низом ва банк томонидан берилган ишончнома доирасида банкка берилган лицензия асосида амалга оширади.
97. Банк филиаллари қонун ҳужжатларига мувофиқ банк кенгаши қарорига биноан очилади (ёки тугатилади) ҳамда Марказий банкда рўйхатга олинади. Марказий банк томонидан банк филиалларини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 56-сон қарори билан тасдиқланган Банк фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
Рўйхатга олингунга қадар филиал томонидан амалга оширилган фаолият ноқонуний ҳисобланади.
106. Банкларнинг филиаллари юридик шахс ҳисобланмайдилар ва улар рўйхатга олинган вақтдан бошлаб ўз фаолиятларини бошлайдилар.
107. Банк филиали юридик йиғмажилди қуйидагиларни ўз ичига олади:
банк кенгашининг мазкур филиални ташкил этиш тўғрисидаги ва унинг низомини тасдиқлаш ҳақидаги қарори;
банк филиалини ташкил этиш иқтисодий асослаб берилган ҳолда уни рўйхатга олиш тўғрисидаги мурожаат хати;
банк филиали тўғрисидаги низом. Унинг титул варағида банк филиали рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги белги, Марказий банкнинг ваколатли мансабдор шахси имзоси ҳамда муҳри қўйилган бўлиши керак;
Марказий банкнинг қароридан кўчирма;
рўйхатга олиш картаси.
108. Юридик йиғмажилд уч нусхада тайёрланади. Унинг бир нусхаси Марказий банкда сақланади, бошқа нусхалар филиални ташкил этган банкка ҳамда филиал жойлашган ҳудуддаги Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармасига юборилади.
109. Банклар томонидан чет элда ўз филиаллари, ваколатхоналари ва шўъба банкларини очиш ҳамда банклар ташкил этишга қатнашиш учун Марказий банкнинг рухсатномаси олиниши шарт. Банклар томонидан чет элда ўз филиаллари, ваколатхоналари ва шўъба банкларини очиш ҳамда банкларни ташкил этишда қатнашиш учун Марказий банкнинг рухсатномасини олиш Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 56-сон қарори билан тасдиқланган Банк фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
110. "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда) мувофиқ белгиланган тартибда Марказий банк филиални тугатишни талаб қилиши мумкин.
111. Филиални тугатиш ишлари қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
111-1. Банк мижозларга тезкор хизмат кўрсатиш мақсадида банк хизматлари офисларини ташкил қилишга ҳақли.
Банк хизматлари офисларида, қоида тариқасида, депозит ҳисобварақлар очиш, омонатлар қабул қилиш, тўловларни ва халқаро пул ўтказмаларини амалга ошириш, валюта айирбошлаш, истеъмол кредити ва микроқарз бериш каби базавий банк хизматлари кўрсатилади.
Банк хизматлари офисларида улар жойлашган ҳудуддаги талабдан келиб чиқиб юқоридаги хизматларга қўшимча равишда бошқа банк хизматлари ҳам кўрсатилиши мумкин.
Банк хизматлари офислари Марказий банкда ҳисобга қўйилади.
111-2. Банк хизматлари офисини ҳисобга қўйиш учун уни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб банк 10 кун ичида Марказий банкка ушбу қарор нусхасини ва банк хизматлари офиси тўғрисидаги низомни илова қилган ҳолда ёзма хабарнома юборади.
Банк томонидан банк хизматлари офисини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, банк ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш кун ичида Марказий банкка тугатиш сабаблари ва муддатларини кўрсатган ҳолда ёзма хабарнома юборади. Хабарномага банк хизматлари офисини тугатиш тўғрисидаги тегишли қарордан кўчирма илова қилинади.
Банк хизматлари офисини тугатиш тўғрисидаги ахборот унинг тугатилишидан камида ўн беш кун олдин банкнинг веб-сайтида ёки бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |