2.2. Шахс шаклланиши ва ривожланишининг сотсиогенитик йўралиши.
Шахс характерининг шаклланиши унинг турли хил таъсир кўламига эгалиги билан боғлиқ. Шу сабабли ҳам характернинг шахсга таъсири – унинг «Мен» концепцияси, «Мен» хислатларининг симптомо комплекси ва «Мен» геперализашган тизим сифатида таҳлил қилинади.
Дифференциал психологияда ушбу уч жабҳа характер тузилмасидаги ҳолатининг тасвирий кўриниши мавжуд (1-илова). Санаб ўтилган компонентларда шахснинг ижтимоий муносабатлар ва қадриятларни камол топиши ҳамда ўзини ўзи амалга оширишдаги «қисм - бутун» ёки «шахс - жамият» ўртасидаги тизимини асослашга имкон беради. Чунки шахснинг характериологик хусусиятларини жинс ва фаолият йўналишига кўра психологик жиҳатдан ўрганишимиз характер хислатлари, шахс фазилатлари ва типологиясини яққол ажрата олишимизни талаб этади. Шунингдек, характернинг менталитет ва этнопсихологик хусусиятлар билан боғлиқлиги ҳам психологик шарҳга ва қиёсий таҳлилга муҳтож.
Характер билан шахслилик хислатларининг боғлиқлигини хилма-хил позицияда ёритишлар мавжуд, яъни умумпсихологик (И.Кант, И.П.Павлов, Шелдон, К.Юнг. Buss, Plomin, Ч.Спилбергер, Р.Зимборда, Г. Айзенк, Оllport, Odlert, Р.Кэттелл, Goldlerg, В.М.Русалов, Б.С.Братусем, В.С.Мерлин, Royce, Powe ва бошқалар) ва ижтимоий - психологик (А.Маслоу, Э.Шоостром, Э.Шпрангер, К.Хорни, Р.Файн, Н.А.Аминов).
Шахс хулқ - атворида намоён бўладиган хусусиятларни баён этишда бир қатор концепцияларни ўрни юқори баҳоланади.
Инсон хулқ - атворидаги фарқланишларни баён этишда Швейцариялик психолог Карл Юнг ўзига хос типлаштиришга эришди, яъни экстроверсия ва интроверсия. Интроверсия ички стимулларга йўналтирилган бўлиб, хулқ- атворда тармоқланиш ва ҳар хил фаоллик шаклларига қизиқишнинг пастлиги бўлса; экстроверсияда эса ташқарига йўналганлик, хулқ - атворда қўзғалувчанлик ҳамда ҳар хил фаоллик шаклига нисбатан интенсив қизиқишнинг юқорилиги кузатилади. Бу жараён кейинчалик Г.Айзейк ва Сукерман ҳамда Комо томонидан ҳам турли контекстда ўрганилди (7;9 -24).
Инсон типологиясидаги ўзига хос ёндашувлардан бири индивидуал - анатомик ёндашувидир. Инсондаги индивидуал - анатомик тана шаклининг ўзгариши пропорционал мослик, тана пропорцияси ва тузилиш типи бўйича баён этилади .
Морфопсихик классификация бўйича тақдим қилинган назариядаги конституция типлари физиологик - морфофизиологик, патологик-морфопатологик, биохимиявий - морфобиологик, социотип - психотип позицияга эга.
Шунингдек, ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотмаган тана конституциясига оид Э.Кречмер таълимоти энг намунали типологиялардан ҳисобланади. Унинг ёндашуви тана тузилиш типлари билан психик касалликларнинг боғлиқлиги асосида психик, лептосоматик, атлетик, диспластик каби характериологик типларини келтириб чиқарди. У одамнинг тана конституцион тузилишига кўра учта типга ажратади.
Шахс типологияси характер акцентуациясига боғлиқ равишда ҳам амалга оширилади.
Шахснинг типларга ажратиш назариялари ички хусусият, шахс хислати ва сифати ёки унинг ташқи намоён бўлишини (масалан хулқ – атвор ва хатти - ҳаракат) ўзида мужассамлаштиради.
Шулардан хислат назарияси дастлаб Г.Оллпорт ва Р.Б.Кэттелллар томонидан қўлланила бошлаган. Бу назарияни шахснинг ички психологик хусусиятлари тавсифи сифатида инсоннинг турмуш тарзини ўз ичига олган психодинамик, эксперементал, динамик тузилма турларга ажратиш мумкин.
Мазкур назарияга асосан одамлар бир-бирларидан фарқ қилиб, шахсни яхлитлигича тасаввур қилиш учун, унинг ўзига хос хислатлари ва уларни ривожланиш даражасига тест ўтказиш ёки жиддийроқ текшириш, асослаш орқали аниқлик киритилади.
Ушбу назарияга асосланиб шахс хислатларини омилли таҳлил қилиш йуналиши яъни «учлик», «бешлик» ва «ўн олтилик» вужудга келди.
«Учлик» маъносида Г.Айзенкнинг шахсга биологик диспозициядан ёндашиши, яъни Е (экстроверсия - интроверсия), N (нейротизм - эмоционал барқарорлик) ва Р (психопатия - эмоционал мустақиллик) омиллари ётади.
«Катта бешлик» ёки лексик модел (Goldberg) бугунги кунда беш омилни ифода этади .
«Беш омилли шахслилик» назариясида иккинчи модел - психометрик модел ҳисобланиб, у универсал хусусиятларни намоён бўлишини аниқлайди .
Шахс хислатларининг омилли таҳлил қилишни «ўн олтилик» йуналиши асосчиси Р.Б.Кэттелл бўлиб, у «16 – омилли шахслилик сўровнома» методикаси муаллифидир. Р.Мейлининг фикрича, мазкур методиканинг ҳар бир омили бўйича камида ўттиз уч хил хислатлар тавсифини келтириш мумкин.
Р.Мейли томонидан берилган ўттиз уч хил қарама – қарши хислатлар кетма - кетлиги, унинг мулоҳазасига кўра шахсни батафсил тавсифлайди .
Айрим тадқиқотчилар шахсга тўлиқ психологик характеристика бериш учун 5 та ўзига хос хислатларгина етарли, деб ҳисоблашса, бошқалари эса 20 та хусусиятлар ҳам камлик қилади, деб таъкидлашади.
Шахслилик типологиясидаги омилли таҳлиллар натижасида қатор тафовутланувчи барқарор хусусиятлар варианти вужудга келди (Тэйлор, Ф.Зинибардо, Spielberger, Eckhard, Kassinol ва бошқалар).
Чет мамлакатларда шахс хусусиятларининг ўзига хослигини аниқлашнинг «альтернативлик» концепцияси сингари бир қатор назариялар, шулардан «ижтимоий ўзлаштириш» деб аталувчи назария ҳам кенг тарқалган.
Бу назарияда шахснинг асосий психологик характеристикасини хулқ-атвор ёки бир талай хулқ - атвор мажмуаси ташкил қилиши тушунтирилади. Инсон хулқ – атвори ва ижтимоий фаоллигига бошқа одамлар томонидан унинг хатти - ҳаракатларини муҳокама қилиниши ва қўллаб – қувватланиши таъсир қилади .
Шахснинг психоаналитик назарияси (З.Фрейд) ҳам ғарбда кенг тарқалган назарияларидан бири бўлиб ҳисобланади.
З.Фрейд таълимоти бўйича шахснинг тузилиши 3 тизимдан иборат: «У», «Мен» ва «Кайвоний мен». «У» - бу мустақил бўлиб, унинг моҳиятида - қизиқиш, эҳтиёж ва мотив ётади (онгсизлик даражасини ифодалайди). «Мен» - онглиликни, «Кайвоний мен» эса юқори онг даражасини ифодалайди. «У» - қониқиш принципига асосланади. «Мен» - ҳақиқатга яқин, «Кайвоний мен» - идеал таасуротга - жамиятдаги аҳлоқ нормалари ва қадриятларига асосланади.
«У»- инсоннинг ҳайвонот дунёсига яқинлиги, унинг тажрибаси ҳаётдаги омадсизлиги натижасида келиб чиқишидир.
«Мен» - инсоннинг ўзини англаши, ўз шахси ва хулқ - атворини тасаввур қилиши ва баҳолай билишидир.
«Кайвоний мен» - жамиятни инсоннинг юқори онглилик ҳолатига таъсир кўрсатишидир. Бунинг натижасида одам ижтимоий, ахлоқий қадриятлар ва меъёрларни ўзлаштиради.
Шахслилик хислатларини ёритишда шахснинг уч компонентли концепцияси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мазкур компонент таркибига фаоллик, ижтимоийлик, эмоционаллик киритилган.
Шахснинг хусусиятларини типлаштириш масаласи шахс типологиясини умумий, дифференциал - психологик нуқтаи назардан кенг қўлланиш борасида етарлича илмий манбага эга. Аммо шахс типологиясини бошқа миллат ва турли фаолият йўналишидаги жинсларга мувофиқ ўрганишда, янгидан янги фундаментал тадқиқотларга зарурат сезилади. Шу боис, тадқиқотимизда характериологик хусусиятларни миллий муҳитда маълум жинс доирасида ўрганиш ўринлидир. Бу эса биздан характер, характериология ва типологияга оид илмий манбалардан асос сифатида фойдаланишимизга ундайди.
Шахс типологияси ва характериологик хусусиятларини умумпсихологик жиҳатдан тадқиқ этилишини ўзлаштирган ҳолда, мавзуимизнинг хусусиятидан келиб чиқиб, муаммони ижтимоий - психологик нуқтаи назаридан таҳлил қилишга эътибор қаратамиз.
Шахснинг ижтимоий - психологик типологияси масаласи юзасидан ҳам изланишлар мавжуд (К.Юнг, А.Маслоу, Ш.Шостром, Э.Шпрангер, Ч.Кулли, Ж.Мид, Р.Линтон, Т.Парсонс, Р.Мертон ва бошқалар ).
Шахснинг ижтимоий - психологик назарияларига назар солинганда, уларнинг Америка, Европа, Шарқ ва маҳаллий психология мактаби вакиллари томонидан ўрганилганлигини гувоҳи бўламиз. Улар орасида психодинамик, бихевиористик, когнитив, гуманистик, шахснинг ўзини ўзи камолотга эриштириш (А.Маслоу), «Мен кўзгу» («Мен концепция»), экзистенциал ва ролли ёндашувларни ажратиб ўтишга хайриҳоҳмиз.
Аналитик психология мактаби асосчиси швецариялик олим К.Юнг инсон психикаси ва шахс тузилмасига ўзига хос ёндашган. Ушбу ёндашув индивидуал ва жамоавий онгсизлик табиатидаги хусусиятларни ижтимоий муҳитда шахсни таҳлил этишда асос сифатида қарайди. Ҳатто унинг шахс типлари борасидаги илмий изланиш натижалари бугунги кунда соционика - шахснинг ижтимоий типлари тўғрисидаги қарашларга асос бўлиб хизмат қилиб келмоқда .
Шунингдек, шахснинг роллар назарияси соф ижтимоий - психологик характерга эга, дейиш мумкин. Ушбу йўналиш вакиллари сифатида Ч.Кулли, Ж.Мид, Р.Линтон, Т.Парсонс, Р.Мертон ва бошқаларнинг эътироф этамиз. Шахсга роллар асосида ёндашиш ғояси Америка ижтимоий психологиясида ХХ асрнинг 30 - йилларидаёқ асос солинган (Ч.Кулли, Ж.Мид).
Ч.Кулли шахс инсонларнинг атроф - муҳит билан кенг қамровли ўзаро таъсирлашуви асосида шаклланади ва натижада ўзининг «Мен-кўзгу»сини шакллантиради, дейди. Унинг мулоҳазасига кўра, шахснинг «Мен-кўзгу»си уч элементдан иборат:
1. Бизни бошқа кишилар идрок этадилар (одамлар менинг янги кийимимга алоҳида эътибор қаратадилар, деб ишонч билан айтаман);
2. Улар нимани кўрсалар ўша нарсани қабул қиладилар (менинг янги кийимим уларга ёқишига ишонаман);
3. Биз идрок қилинганларига кўра жавоб берамиз (мен албатта шундай кийинишга ҳаракат қиламан).
Ушбу қарашга тадбиркор аёлларнинг ижтимоий - психологик хусусиятларини ёритишда методологик асос сифатида эътибор қаратиш ўринлидир.
Америкалик олим Ж.Мид ўз изланишларида ижтимоий ролларни ўзлаштириш болаликдан бошланади ва у уч босқичда кечади, деган мулоҳазани берди:
1. Имитация босқичи, яъни болалар ўз хатти - ҳаракатларининг моҳиятини тушунмасдан, катталарнинг хулқ - атворига тақлид қиладилар.
2. Индивидуал ўйин босқичида бола биринчи индивидуал ўйинда дастлабки ижтимоий ролни ўзлаштиради. Масалан «она ва қизи», «ота-она» ўйинларида оилавий, «дўкончи» ёки «шифокор» каби ўйинларида эса касбий ролларни эгаллайдилар. Улар бу босқичда ўз хатти - ҳаракатлари моҳиятини тушунадилар.
3. Гуруҳий ўйинлар босқичи; бунда бола жамоавий ўйиннинг иштирокчиси сифатида қатнашади. Бу ўйинда эса жамоа аъзолари ёрдамида гуруҳнинг ички низоми ҳамда қонун - қоидаларни ўзлаштиради. Гуруҳий ўйин болани катта ҳаётга тайёрлайди.
Ж.Миднинг ижтимоий ролларни шаклланиш босқичлари тўғрисидаги фикрини ижтимоий муҳитда катта ёшдагиларнинг фаолияти билан боғлайдиган бўлсак, кўп ҳолларда касбий фаолият учун зарур шахсий ҳамда касбий сифатларни шакллантиришга мўлжалланган тренинг машғулотлари ҳам ўйин шаклида амалга оширилади. Масалан, ишбилармонлик ўйинлари, ташкилий ўйинлар ва шахслараро муносабатга киришимлилик хусусиятларини шакллантиришга қаратилган ўйинларни келтириб ўтиш мумкин.
Шуни эътироф ўтишимиз керакки, Ж.Миднинг юқорида санаб ўтилган ролларни шаклланиш босқичлари ҳақидаги қарашлари ёшлик даврлари нуқтаи назаридан изоҳлаб ўтилган бўлсада, унинг моҳиятини чуқурроқ таҳлили янги тадқиқотларга ундаши табиий.
Т.Парсонс ва унинг издошлари шахсга индивидда мавжуд бўлган ва жамият ҳаётида намоён бўлувчи кўплаб ижтимоий роллар функцияси сифатида қараганлар.
Шахс характери ва унинг ижтимоий табиати борасидаги қарашлар ва изланишларда ҳам умумий қонуниятлар ёритилган. Аммо уларнинг бирон бир этник муҳитга мансублиги борасида яққолроқ муносабатлар акс этмаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |