Қадоқ оёқлилар туркумига ҳақиқий туялар билан ламалар киради. Улар 2 ва 5-бармоқлари йўқлиги, озиқ тишлари чайнов юзасининг яссилиги, оёғида кичикроқ тирноқсимон туёқ борлиги билан характерланади. Ёввойи 2 ўркачли туя Гоби саҳросида яшайди, хонакилашган ҳолда Мар-казий Осиёда, Олтой ўлкасида, Қозоғистон ва Қирғизистонда яшайди. 1 ўркачли туя фақат хонакилаштирилган ҳолда маълум бўлиб, Шимолий Африка, Жанубий-Ғарбий Осиёда, МДҲда эса Кавказ билан Туркма-нистонда яшайди. Ёввойи америка туясига эса лама билан альпака киради.
Тоқ туёқлилар туркумининг вакиллари йирик ўсимликхўр ҳайвон-лардир. 3- бармоғи кучли тараққий этган ва оёқ ўқи шу бармоқдан ўтади. Ўмров суяклари йўқ, ошқозон оддий 1 камерали. Тоқ туёқлиларга Жанубий Америка ва Жанубий-Шарқий Осиёда тарқалган тапирлар, Африка ва Жанубий Осиёда яшайдиган каркидонлар, Хитой билан Мўғулистон чегарасида тарқалган Пржевальский оти, Тибетда яшайдиган ёввойи эшаклар – кулонлар киради.
Маймунлар туркуми вакиллари, яъни Приматлар учун олдинги мия ярим шарларининг кучли тараққий этганлиги, мия ярим шарларининг қопқоғида бурма ва ариқчалар мураккаб система ҳосил қилганлиги характерлидир. Бу маймунларнинг олий нерв фаолияти юқори даражада эканлигига боғлиқ. Катта бармоғи бошқа бармоқларига қарши туради ва панжалари тутқич бўлади. Маймунлар 2 та кенжа туркумга бўлинади.
1. Чала маймунлар кенжа туркуми вакилларининг ўлчами кичик ва ўрта катталикда бўлиб, кўпчилигининг бармоқлари учида тирноқлари бор. Улар асосан Мадагаскар оролида тарқалган. Типик вакиллари – ингичка лори, йўғон лори, индри, варий, қўлоёқ ёки ай-айдир; тупай ва узуноёқ деган турлари эса Жанубий-Шарқий Осиёда яшайди. Думи узун, тумшуғи чўзилган.
2. Ҳақиқий маймунлар кенжа туркуми вакиллари ҳайвонот оламининг энг юқори тараққий этган гуруҳи ҳисобланади. Буларга фақат Жану-бий Америкада тарқалган узун думлари бўлган ўйноқи ва гажак думли-бақироқ маймунлар киради. Кенжа туркумга яна африка мартишкалари, павианлар, мандриллар, Жанубий Осиё мамлакатларида яшайдиган гиббонлар ҳамда Африкада тарқалган шимпанзе, горилла ва Жанубий-Шар-қий Осиёда яшайдиган орангутан каби одамсимон маймунлар киради.
Зоология системаси нуқтаи назаридан бу кенжа туркумга одамлар оиласига мансуб бўлган ақлли одам тури киритилади. Бу турдан олдин бир қанча одам турлари яшаб ўтган: австралопитеклар, питекантроплар, синантроплар ва неандерталлар. Одам морфологик жиҳатдан бош мияси жуда катталиги ва ярим шарлар пўстлоғи кучли ривожланганлиги билан характерланади. Одам-ҳайвонот оламидан ажралиб чиққан ижтимоий мавжудот бўлиб, ўз онги билан фарқ қилади.
Мавзу баёни:
Сутэмизувчиларнинг аждодлари пермь даврида яшаган дарранда тишли судралиб юрувчилар ҳисобланади. Булар бир томондан примитив белгиларга (амфицель умуртқалар, мия қутиси бўшлиғининг жуда кичиклиги) эга бўлса, иккинчи томондан сутэмизувчиларга хос белгилари (тишлари айрим катакчаларга ўрнашган ва гуруҳларга ажралган, энса бўртмалари 2 та) бўлган. Триас даврида сутэмизувчилар дарранда тишли судралиб юрувчилардан ажралиб чиққан.
Устки триас даврида яшаган дастлабки сутэмизувчилар 2 гуруҳга бў-линган. Кўп бўртмалилар деган гуруҳи вакилларининг озиқ тишлари юзасида кўп сонли бўртмалар бўлган. Уларнинг курак тишлари яхши ривожланган ва қозиқ тишлари бўлмаган. Улар каламуш ва суғурдек катталикда бўлган. Кўп бўртмалиларнинг қадимги вакилларидан бир йўллилар келиб чиққан деб фараз қилинади.
Мезазой эрасининг юра даврида дарранда тишли судралиб юрувчилардан ажралиб чиққан сутэмизувчиларнинг иккинчи гуруҳи учбўртмалилар бўлиб, улар аксарият майда ҳайвонлар бўлган. Учбўртмалиларнинг асосий гуруҳи бўлиб пантотериялар ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |