Қушни ёришга тайёрлаш
2-3 студентга биттадан эндигина ўлдирилган каптар тарқатилади. Каптар топилмаган тақдирда қарға ёки мусича каби қушларни ҳам олиш мумкин. Дарс бошлашдан 20 минут олдин қушни хлороформ ёки эфир ҳидлатиб ўлдирилади. Бунинг учун танланган қушни идиш (силиндр шиша ёки қопқоқли челак)га солиб, хлороформ билан қўлланган пахтани шу идиш ичига ташланади. Сўнгра идиш оғзи ҳаво кирмайдиган қилиб беркитилади-да, шу ҳолда қуш идишда қолдирилади. Қуш қаттиқ уйқуга кетгач, уни ёриш ва тузилишини ўрганишдан олдин хлороформ ҳидини йўқотиш учун қушни бир неча минут очиқ ҳавода қолдирилади. Наркозлаш имконияти бўлмаган тақдирда қушнинг юрагига нина тиқиб ҳам ўлдириш мумкин, бунинг учун қуш кўкрагини қоплаган патларни ён томонларга ёткизиб юракка шпритснинг йўғон нинаси тиқилади. Бу усул билан ўлдирилган қушни ёрганда қон кам кетади ва препарат унча ифлосланмайди. Ўлдирилган қушни ёришдан олдин бўйин, кўкрак ва қориндаги патларини юлиб тозалаш лозим.
Ташқи тузилиши. каптар гавдасининг бош, бўйин, тана ва оёқ қисмларига бўлинишини кўздан кечиринг. Қуш думи ёки қанотидан бир дона йирик (контур) патни юлиб олиб, тузилиши билан танишинг. Типик пат эгилувчан ўқ (18-расм) ва бирмунча юмшоқ ён пластинка-ташқи ҳамда ички елпиғичлардан иборат.
2
3
4
18-rasm. Kaptarning tashqi tuzilishi: 1-boshi, 2-bo’yni, 3 - qanoti, 4 - dumi, 5 - ustki tumshug’i, 6 - ostki tumshug’i, 7 - tili, 8 - burun teshigi, 9 – quloq teshigi, 10 - barmoqlari, 11 - iligi.
Пат ўқининг устки узун қисми тана деб аталади. Пат ўқининг йелпиғичсиз пастки қисми қалам учи деб аталади, қалам учининг тубида тешиги бор. Пат танасининг ички қисми ковак ўзак билан тўлган бўлса, қалам учининг бўшлиғида бир-бирига кириб турган нозик шох қалпоқчалар бор. Бу қалпоқчалар ўсаётган ёш патни қон билан таъминлаган ўлик пат сўрғичларидир. Пат йелпиғичининг хар бири талайгина узунчоқ уч қиррали пластинкалар-биринчи тартибдаги толачалардан ҳосил бўлган. Бу толачаларга ундан ҳам майда иккинчи тартибдаги толачалар ўрнашган. Ҳар қайси иккинчи тартибдаги толача учида микроскопик илмоқчалар бўлади. Бу илмоқчалар иккинчи тартибдаги бошқа толачалар илмоғига илашиб олади. Елпиғичлари бўлган катта йирик патларни контур патлар дейилиб, вояга етган қуш гавда шаклини шу контур патлар белгилайди. Улардан айрим группалари махсус номланган, масалан: дум усти патлари, қулоқ қоплағич патлари, қанот усти қоплағич патлари. Қанот четидан чиққан катта патлар қоқув патлари деб аталади. Қоқув патлари уч турли бўлади: панжаларда бўладиган биринчи тартибдаги қоқув патлари ёки катта қоқув патлари ва билакка бирикадиган иккинчи тартибдаги қоқув патлари ёки кичик қоқув патлари ҳамда елка суягига бириккан учинчи тартибдаги қоқув патлари. Тузилиши типик қоқув патиникига ўхшаш ва муртак холича сақланган биринчи бармоқдаги тўп-тўп патлар қанотча деб аталади. Учиш вақтида маълум даражада руллик вазифасини бажарадиган катта дум патлари йўналтирувчи патлар ёки рул патларидир.
Пат каптар гавдасини бошидан охиригача қоплаб олмасдан, балки терининг маълум қисмлари-птерилийлардагина бўлади, шу қисмлар орасида патсиз жойлар-аптерийлар ҳам бор.
Кичкина ва юмалоқ бошининг учидаги тумшуқ асосан, суякдан ташкил топиб, унинг устини шохсимон моддали қин қоплаб олган. Тумшуғи устки ва остки тумшуқдан иборат. Устки тумшуғининг асосида бурун тешиклари бор. Каптар, тўтиларни ва кундузги йиртқич қушларнинг тумшуқусти асосидаги восковитса сезувчи таначаларга бой, бўртиб чиққан юмшоқ тери билан қопланган. Катта кўзлари бошининг икки ёнига ўрнашган бўлиб, устки ва пастки қовоқлар ҳамда кўзининг олдинги бурчагида юмғич парда бор. Кўзларнинг орқасида ва бир оз пастроқда шакли ўзгарган контур патлар билан қопланган ташқи қулок каналининг тешиги жойлашган бўлиб, у қулоқнинг ноғора пардасига бориб тақалади. Ноғора парда орқали ажралиб турган ўрта қулоқ ёки ноғора бўшлиғи оғиз бўшлиғи билан ингичка евстахиев найи орқали қўшилади. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун ноғора пардани нина билан тешиб, ундан қил ўтказилса, унинг учи оғиз бўшлиғидан чиқади. Оғиз бурчакларини қайчи билан кесиб, тумшуқни ён томонларга қайириб қўйинг ва оғиз бўшлиғининг тузилиши билан танишиб чиқинг. Оғиз бўшлиғида учи ингичка тил жойлашган бўлиб, унинг орқа қисми овқатни ютишга ёрдам берувчи ўсимта попукчалар билан қопланган. Тилнинг тубида атрофи учта тоғай билан ўралган ҳиқилдоқ жойлашган. Ҳиқилдоқдан кейин ҳалқум жойлашган бўлиб, ундан қизилўнгач бошланади.
Дум асосида думғаза бези, унинг таг қисмида клоака жойлашган. Каптарнинг орқа оёғи ҳам бошқа қушларники сингари сон, болдир ҳамда узун ва ингичка пихдан иборат. Тўртта бармоқлари шу пихга бирикади. Шу бармоқлардан учтаси олдинга ва биттаси, яъни биринчи бармоқ орқага йўналган.
Маълумки, қушларда катта ҳажмли ҳаво халтачалари бор. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун, бир учига резина коптоқ кийгизилган ингичка шиша найчанинг иккинчи учини ҳиқилдоққа тиқиб, копток (ёки оғиз) орқали нафас йўлига ҳаво юборилади. Бир оздан сўнг бўйин, қўлтиқ атрофи ва қорин териси бўртиб, шишиб чиқади ҳамда кўкрак баланд кўтарилади-да, қуш танасининг ҳажми ортади. Демак, қушларда ҳаво халтачалари бир нечта, шулардан иккитаси бўйин, биттаси ўмров оралиғи, бир-икки жуфти кўкрак энг каттаси эса қорин қисмида жойлашган экан. Ҳаво халтачалари ички органлар оралиғидан жой олиб, уларнинг тармоқлари мускуллар орасига, тери остига ва пневматик суяклар ичига ҳам тарқалган. Қушлар ҳавода учаётганда, нафас олишда ва сувда сузаётганида тана солиштирма оғирлигининг камайишида ҳаво халтачаларнинг ахамияти катта.
Do'stlaringiz bilan baham: |