Ахлоқий муносабат – жамият томонидан эътироф этилган ижтимоий меъёрлар, эзгу ғояларга таянган ҳолда шахснинг ўзига, атроф-муҳитга, табиий борлиққа бўлган ижобий ёндашуви74
Ахлоқий эътиқод – жамият томонидан эътироф этилган тартиб, одоб, ўзаро муносабат, мулоқот, хулқ-атвор, одоб қоидалари, ахлоқий меъёр ва тамойилларнинг эзгуликка хизмат қилишига бўлган ишонч; маънавий-ахлоқий асосга эга бўлган эзгу ғояларга шубҳасиз ишониш. Ахлоқий эътиқод “иймон” тушунчаси билан ҳам ифодаланади75.
Оилада ақлий тарбияни ташкил этиш. Оиланинг тарбиявий вазифалари сирасида ота-оналарнинг фарзандлар ўртасида ақлий тарбияни ташкил этиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ота-оналар оила муҳитида ақлий тарбияни самарали ташкил этишга эътибор қаратар экан, асосий мақсад болаларни “илм-фан, техника ва технология соҳасида эришилаётган ютуқлар, янгилик ва кашфиётлардан хабардор қилиш, ижтимоий ва табиий фанлар бўйича билимларни бериш орқали уларда тафаккур, дунёқарашни ривожлантириш”76дан иборат эканлигини назарда тутишлари лозим. Шунингдек, оила муҳитида ташкил этиладиган ақлий тарбия жараёнида ота-оналар қуйидаги вазифаларни самарали ҳал этишга эриша олишлари муҳимдир:
1. Турли илмий, илмий-оммабоп адабиётлар ҳамда журналлар ёрдамида, шунингдек, Интернет ахборот тармоғи воситасида болаларни илмий маълумотлар билан таништириб бориш.
2. Болаларни илм-фан, техника ва технология соҳаларига оид қизиқарли маълумотлар билан таништириш орқали уларда илмий билимларни ўзлаштиришга нисбатан онгли муносабатни қарор топтириш.
3. Оила шароитида уй-рўзғор ишларини бажариш, айниқса, электр асбоблари билан ишлаш, турли жиҳозларни тайёрлаш, техника (Масалан: машина, мотоцикл, велосепед, мопед, телефон, мобил телефон ва б.қ.) ҳамда маший техника буюмлари (музлаткич, микро тўлқинли печ, газ, телевизор, радио, магнитафон, совуткич ва ҳ.к.), уй-рўзғор жиҳозлари (шкаф, шифоньер, жавон, стол, стул, кроват, диван, кресло ва б.қ.)ни таъмирлашда болалар томонидан ўзлаштирилган назарий илмий билимларни амалда қўллай олиш кўникмаларини шакллантириш.
4. Илм-фан ва техника соҳаларида юксак натижаларга эришган ёки техника, маиший техника ҳамда уй-рўзғор жиҳозларини ясаш, таъмирлаш бўйича алоҳида маҳоратга эга шахслар фаолияти намунасида болаларда ўзларининг илмий билимларини доимий равишда бойитиб бориш истагини юзага келтириш.
5. Оила муҳитида болаларда илмий билимларни самарали, пухта ўзлаштиришга ёрдам берадиган “психологик қобилиятлар (нутқ, диққат, хотира, тафаккур, ижодий хаёл) ва хусусиятлар (аниқ мақсадга интилиш, қизиқувчанлик, кузатувчанлик, мустақил фикрлаш, ижодий тафаккур юритиш, ўз фикрини асослаш, мавжуд маълумотларни умумлаштириш, гуруҳлаштириш, мантиқий хулосалар чиқариш ва ҳ.к.)ни ривожлантириш”77га эришиш.
6. Фарзандлар ўртасида мусобақа, ўзаро беллашув, баҳс-мунозара шаклида замонавий илм-фан, техника ва технологияга оид билимларни ўзлаштиришни рағбатлантириш орқали уларда илмий дунёқараш шаклланишини таъминлаш.
Ақлий тарбияни оила шароитида ташкил этишда “дастлабки ва муҳим вазифа ота-она томонидан боланинг қизиқиш ва эҳтиёжларини кўра билиш асосида тасаввур, идрок, тафаккур, хотира ҳамда диққатни такомиллаштиришга ёрдам берувчи машғулотларга жалб этишдан иборат. Шунингдек, маълум йўналишлар бўйича болада қизиқишни уйғота олиш, уни ривожлантириб бориш ҳам талаб этилади. Бу борада ота-она ёки оиланинг бошқа аъзоларининг дунёқараши, эҳтиёж ва қизиқишлари доираси ҳамда улар томонидан кўрсатилаётган намуна муҳим тарбиявий омил бўлиб хизмат қилади. Оила муҳитида боланинг ақлий жиҳатидан тарбиялаб боришда конструкторлик ўйинлари (кубиклар ёрдамида уйлар қуриш, кесмалар асосида фано (тасвир)лар ҳосил қилиш ва бошқалар), фикр доирасини кенгайтиришга ёрдам берувчи спорт ўйинлари (шахмат, шашка)ни ташкил этиш, турли мавзулардаги кроссворд, чайнворд ва ребус топишмоқларини ҳал қилиш, театр, музей ва кўргазмаларга ташриф буюриш ҳамда илм-фан, техника ва технология тараққиёти юзасидан суҳбатларнинг уюштирилиши бу борада ўзининг ижобий самарасини беради”78.
Do'stlaringiz bilan baham: |