Оилавий муносабатлар – ота-оналар ёки боланинг камолоти учун масъул бўлган шахслар (бува-бувилар) ҳамда фарзандлар ўртасида турли йўналишларда ташкил этилувчи муносабатлардир
ушбу муносабатлар фарзандларнинг ақлий, руҳий камолотини таъминлаб, ота-оналарда ўзига хос фаолликни юзага келтиради. хусусан, фарзандларнинг бевосита таъсири туфайли уларнинг қизиқиш ҳамда фаолиятлари доираси кенгаяди, ўзаро алоқалари мазмунан бойиб боради, реал ҳаёт моҳиятини чуқурроқ англаш, яъни, фарзандлар камолоти, келажаги тимсолида ўз умри давомийлигини куриш ҳолати рўй беради.
шахснинг маънавий сифатларга эга бўлиши, унда маънавий билимларни эгаллашга нисбатан эҳтиёж ва қизиқишнинг пайдо бўлишида оила тарбияси асосий ролни бажаради. оилада қарор топган соғлом маънавий-руҳий муҳит фарзандларнинг етук, баркамол бўлиб вояга етишлари учун беқиёс аҳамиятга эгадир.
Шарқда азал-азалдан оила тарбиясига юксак баҳо бериб келинган. собиқ иттифоқ даврида эса оиланинг шахс тарбиясидаги беқиёс ўрни ва роли инкор этилган эди. шахс ижтимоий муҳит воситасида тарбияланар эди.
Оилада болаларни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбияловчи маскан саналади. Шундай экан, унинг муҳитида ташкил этиладиган муносабатларнинг оила зиммасидаги вазифаларни тўла-тўкис адо этилишига эътибор қаратиш муҳимдир. Оила зиммасидаги вазифаларнинг самарали бажарилиши, оилавий муносабатларнинг тўғри ташкил этилишида ота-оналар томонидан танланган муносабат услуби муҳим аҳамиятга эга.
Замонавий шароитда оилаларда ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатни ўрганиш натижасида барча оилалар учун қуйидаги тўртта услуб хос эканлигини кўриш мумкин:
авторитар услуб;
аномал услуб;
либерал услуб;
демократик услуб.
Қуйида барча оилалар учун хос бўлган тўртта услуб моҳияти юзасидан сўз юритилади.
1. Оилавий муносабатларнинг авторитар услубга асосланиши. Бунда оилада ота-онанинг обрўси ҳал қилувчи рол ўйнайди. Оилада шахслараро муносабатларда тенг хуқуқлилик эркин хатти-харакат қилиш ташаббускорлик, болаларнинг юриш-туриши, хатти-ҳаракати имкон қадар чеклаб қўйилади. Ота-она томонидан тарбиявий таъсир ўтказишнинг асосий методи жазолашдан иборат бўлиб қолади. Бунинг натижасида фарзандларда ота-онага яқинлик, меҳр ҳисси аста-секин йўқола бошлайди. Кейинчалик бу туйғу фарзандларнинг ота-онадан узоқлашиши, бегоналашишига сабаб бўлади. Оилавий муносабатлар болаларни қониқтирмайди. Бунинг натижасида улар одамовилик, тортинчоқликни ўзлаштира бошлайдилар. Авторитар услубга асосланган муносабатлар одатда қўрқоқ ва иродасиз шахсларнинг шаклланишига олиб келади.
2. Оилавий муносабатларнинг аномал услубга асосланиши. Бу каби оилаларда оилавий низо ўзаро ажралишларнинг асосий манбаи саналади. Оила аъзолари ўртасидаги муносабатлар аномал услубга асосланувчи оилалар сирасига асосан ота-она ёки улардан бири ичувчи ёки гиёҳванд бўлган оилалар киради. Оиладаги аномал ҳолат фарзандларнинг осойишта яшаши ва ўқиши учун имкон бермайди. Мазкур оилаларда ҳукмрон бўлган муҳит таъсирида болаларда асабийлик, худбинлик, ота-онани ҳамда оиланинг бошқа аъзоларини ҳурмат қилмаслик, менсимаслик, бўйсунмаслик, келишмовчилик каби салбий сифатлар шаклланади.
3. Оилавий муносабатларнинг либерал услубга асосланиши. Фарзанд тарбиясига бу хилдаги муносабатда бўладиган оилаларда ташқаридан қараганда муросасизлик, кўнгилчанлик, илиқ психологик иқлим, руҳий барқарорлик ҳукмрондек кўринади. Аслида эса “либераллик” оиладаги ҳар қандай вазият беандишалик билан ҳал этилади. Бунинг оқибатда болаларнинг иродавий сифатлари заифлашиб, иккиюзламачилик, ўзгалар билан муроса қила олмаслик, келишмовчилик каби сифатлари шаклланиб боради.
4. Оилавий муносабатларнинг демократик услубга асосланиши. Ота-онанинг фарзандларга нисбатан демократик муносабати унинг оилада ҳар томонлама шаклланиши, камол топиши учун зарур бўлган шароитни юзага келтиради. Демократик услубга асосланган оилавий муносабатлар, уларни тартибга солувчи қоидалар фарзандлар ҳаёти ва фаолиятини тартибга солувчи механизм ҳисобланади. Болалар оилада у ёки бу масалаларни бевосита ўзлари тўғридан-тўғри ҳал қиладилар. Оилавий муносабатларни тартибга солувчи демократик ғоялар асосида фарзандларнинг қизиқиш, интилиш, хоҳиш-истаклари ва манфаатларини ўзаро мувофиқлаштириш, уларни муросага келтириш ва келиштириш сиёсати ётади. Ота-онанинг фарзандига бўлган демократик ёндашуви оила аъзоларни бирлаштиради, оила мустаҳкамлигини таъминлайди. Англанганидек, ота-онанинг фарзандга нисбатан демократик ёндашуви оила муҳитида ижтимоий муаммоларни ҳал этишга ёдрам беради.
Ҳар бир оилада ижтимоий муносабатлар ўзига хос тарзда намоён бўлади. Оилавий муносабатларнинг ўзига хослиги унинг аъзолари маънавияти, ҳаётий интилишлари, мақсадларида акс этади. Шунингдек, оила аъзоларининг ўзаро таъсири ота-она ва фарзандлар муносабати мазмунини белгилаб беради.
Оилавий муносабатлар мазмунини белгиловчи муҳим мезон оила ҳаётини тартибга солувчи ижтимоий-ахлоқий меъёрлар ҳамда оила аъзоларининг ахлоқидир. Шу сабабли аждодлар оилавий муносабатларнинг ижобий характер касб этишига катта эътибор қаратиб келганлар. Бинобарин, жамиятнинг ривожи бевосита оилаларнинг барқарорлиги, мустаҳкамлиги ҳамда ижтимоий-ахлоқий муносабатларнинг соғломлигига боғлиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |