Бешинчи достон “Искандарнома”да Низомий адолатпарвар подшоҳ образини яратди. Искандар дунёни кезиб шимол томонда бир мамлакатга бориб қолади. Бу мамлакатда ҳамма тенг, ўғрилик йўқ, касал кишилар ҳам йўқ, биров-бировдан хавфсирамайди, бутун халқ иноқ яшайди. Искандар буни кўриб ҳайрон қолади ва шундай мамлакатни аввал кўрганимда дунё кезиб юрмасдим, дейди. Низомий Ганжавий “Хамса”си, умуман, унинг ижоди бутун Шарқ адабиётининг ривожи учун катта аҳамиятга эга бўлди.
Низомий асос солган «Хамса» Шарқда қадимдан ибрат тимсоли саналган. Унга ҳавасланиб, беш достон яратишга кўп шоирлар интилишган. Алишер Навоийнинг қайд этишича, Мавлоно Ашраф, Али Оҳий, Мавлоно Котибий каби шоирлар «Хамса» яратишга киришганлар. Улар айрим достонларни ёзиб ҳам тугаллашган. Бироқ уларнинг ҳеч бири Низомий сингари яхлит, мукаммал «Хамса» яратишолмаган. Низомий «Хамса»сига муносиб «Хамса» битишга фақат
Хусрав Деҳлавий (1253-1325),
Абдураҳмон Жомий (1414-1492) ва
Алишер Навоий (1441-1501)гина муяссар бўлишган. Жаҳон адабиёти тарихида муносиб ўрин тутувчи тўрт «Хамса»нинг учтаси форс тилида, Алишер Навоийнинг «Хамса»си эса туркий тилда ёзилган. Бироқ бу тўрт «Хамса»нинг уч муаллифи: Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий ва Алишер Навоий туркий халқ вакилларидир. Ҳиндистонда туғилиб ўсган, ўша ерда яшаб ижод қилган Хусрав Деҳлавийнинг ота-боболари асли шаҳрисабзлик турк қабилаларидан бўлиб, улар Чингизхон босқини даврида Ҳиндистонга кетиб қолишган. Хусрав Деҳлавийнинг «Хамса»сидаги достонлари қуйидагича номланган:
1.«Матлаб ул анвар» («Нурларнинг бошланмаси»).
2.«Ширин ва Хусрав».
3.«Мажнун ва Лайли».
4.«Ҳашт беҳишт» («Саккиз жаннат»).
5.«Ойнайи Искандарий» («Искандар ойнаси»).
Абураҳмон Жомий «Хамса»си эса беш эмас, етти достондан иборат:
1.«Туҳфатул аҳрор» («Эркинликлар туҳфаси»).
2.«Сибҳатул аброр» («Яхшилар тасбеҳи»).
3.«Юсуф ва Зулайҳо».
4.«Лайли ва Мажнун».
5.«Ҳирадномаи Искандар».
6.«Силсилатуз захаб» («Олтин занжирлар»)
7.«Саломон ва Абсол».
Жомий «Хамса»си «Ҳафт авранг» («Етти тахт») деб ҳам юритилади.
Йўлдаса бу йўлда Низомий йўлум
Қўлдаса Хисрав била Жомий қўлум
дея «Хамса» битишга киришган Алишер Навоий (1441-1501) жуда қисқа фурсатда - атиги икки йл орасида (1483-1485 йилларда) беш достон бунёд этади. Улар қуйидагилар:
1.«Ҳайратул аброр» («Яхши кишиларнинг ҳайратланиши»).
2.«Фарҳод ва Ширин».
3.«Лайли ва Мажнун».
4.«Сабъаи сайёр» («Етти сайёра»).
5.«Садди Искандарий» («Искандар девори»).
Фирдавсий «Шоҳнома»ни ёзишга 30 йилдан кўп, Низомий «Хамса» яратишга 30 йилга яқин вақт сарфлаган. «Шоҳнома» ҳам, Низомий, Деҳлавий, Жомий «хамса»лари ҳам жаҳон маданиятининг муҳташам адабий обидалари саналади. Улар орасида Алишер Навоийнинг «Хамса»си, айниқса, муносиб ўрин тутади. Чунки унда «хамса»чиликнинг уч юз йиллик тажрибаларига асосланилган Барча даврларда мавжуд бўладиган ижтимоий, маънавий-ахлоқий муаммоларга юксак умуминсоний қадриятлардан келиб чиқиб ёндашилган.