ОҚСИЛ АЛМАШИНУВИНИНГ УМУМИЙ ЙЎЛЛАРИ
Бутун организм, унинг ҳар бир тўқима ва органи, айрим ҳужайра ва ҳужайрадан паст даражада тузилган компонентлар ҳаёти учун оқсиллар алмашинуви ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳужайранинг биохимиявий фаоллиги ва унда кечадиган барча метаболик реакциялар оқсиллар алмашинуви билан боғлиқ. Бу жараёнларда оқсиллар ё субстрат, ёки катализатор фермент шаклида иштирок этади. Бу маънода оқсиллар алмашинуви, биринчи навбатда, организм структура элементлари ва биологик зарур компонентларнинг ўзгариши, уларнинг янгиланиши билан боғлиқ эҳтиёжларни қоплашга каратилган.Оқсиллар алмашинуви организмларнинг турли синфларида ўзига хос йўллар билан кечса ҳам, бу алмашинувда иштирок этадиган оқсилларнинг структура элементлари аминокислоталарнинг биосинтези, уларнинг оксил синтези учун сарфланиши ва бошқа метаболик ўзгаришлари муҳим ўрин эгаллайди. Автотроф организм бўлган ўсимликларда барча органик моддалар қаторида аминокислоталар ва оқсиллар ҳам фотосинтез жараёнида ҳосил бўлган углевод бирикмалари асосида анорганик азотнинг ўзлаштирилиши йўли билан янгидан синтезланади.
Аминокислоталар пайдо бўлгач, уларнинг ҳужайра ичидаги алмашинуви ва оксиллар синтезидаги иштироки барча организмлар учун деярли бир хил умумий йўл ва механизм бўйича ўтади.
Ҳайвон ва одамлар гетеротроф организм бўлганидан улар танасининг тузилиши учун зарур бўлган химиявий бирикмаларни ўзи синтезлай олмайди, балки доимо овқат билан киритиб турилишини талаб этади. Ташқаридан ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотлари шаклида қабул қилинган оксил моддалар ошкозон-ичак йўлида ҳазмланиб, ўзининг таркибий қисми бўлган аминокислоталаргача парчаланади. Мана шу шаклда улар қонга ва қондан ҳужайрага сўрилади. Аминокислоталарнинг ҳайвон ва одам организмида ҳужайра ичидаги алмашинуви, охирги маҳсулотлари ва оксил синтезидаги иштироки деярли фарқланмайди. Лекин бу фақат жараёнга умумий назар солганда шундай кўринади. Азот алмашинувига чуқурроқ қаралганда, шубҳасиз, айрим аминокислоталарнинг алмашинувида ўсимлик ҳужайралари билан ҳайвон ҳужайралари орасида, ҳатто, битта организмнинг турли тўқималари орасида кескин фарқ борлигини кўриш
мумкин. Аммо бу фарқ, кўпинча, айрим аминокислоталар метаболизмига тегишли бўлиб, моддалар алмашинувининг, хусусан, оқсил синтезининг механизмига тааллуқли эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |