Дикроцелиоз – бу турли сут эмизувчи ҳайвонларнинг сурункали оқимда кечувчи трематодоз касаллиги бўлиб, уни ҳайвонларнинг жигар ўт халтасида ва ўт йўлларида Dicrocoelium lanceatum нинг паразитлик қилиши оқибатида қўзғатилиб, касаллик овқат ҳазм қилиш фаолиятининг издан чиқиши, ич ўтиши, тананинг турли жойларида шишлар ҳосил бўлиши, ўсиш ва ривожланишдан орқада қолиш, маҳсулдорликни камайиши билан характерланади.
Қўзғатувчисининг морфологияси. Дикроцелиялар анча майда трематода бўлиб, унинг танасининг узунлиги 6,0-15,0 мм атрофида, эни 1,5-2,5 мм га тенг, ранги олд томондан қорамтир, орқа томондан жигарранг, тўқ сариқ рангда. Паразитнинг ранги унинг бачадонидаги етилган ва етилмаган тухумлар ранги билан ифодаланади. D.lanceatum нинг оғиз ва қорин сўрғичлари бир-бирига яқин жойлашган. Уруғдон ва тухумдонлар қорин сўрғичининг остида жойлашган, бачадонлар эса тананинг ўрта ва орқа қисмини эгаллаган. Иккала ён томонда сариғдонлар жойлашган. Жинсий тешиклар қорин сўрғичининг олд томонида очилади. Ўрта ичаги иккита учлари берк ён найчалардан иборат.
Диагноз қўйиш ва уни фарқлаш. Ҳайвон тириклигида унинг тезак намунасини кетма-кет ивиш йўли билан гельминтоовоскопик текширишдан ўтказилади. Дикроцелия тухумлари тўқ жигар ранга эга, ичида мирацидия ва унинг 2 та пигментли кўзчаси мавжуд. Тухумлар майда, узунлиги 0,038-0,045 мм, эни 0,02-0,03 мм га тенг, қалин қобиқга эга, бир қутбида қопқоқчаси мавжуд. Дикроцелия тухумларини эуретрем, хасстилезий тухумларидан, замбуруғлар спораларидан ва айрим ўсимликлар уруғларидан фарқлаш керак.
Даволаш ва профилактика чора-тадбирлари. Дикроцелиозга қарши гелъминтсизлантириш муолажалари ҳам “Албендазол” ва “Клозантел” таркибли антигелъминтикларни юқоридаги тартибда йўриқнома асосида қўллаб ўтказилади. [4, 7, 8, ]
Ориентобилъгарциоз- қўй, қорамол, от, туя ва бошқа кўп турли ҳайвонларга (айрим тури одамга) хос бўлган гелъминтоз бўлиб, у ҳайвонларнинг қорин (чарви) қон томирлари ва лимфа тугунларида Orentobilharzia turkestanika трематодаларнинг паразитлик қилиши туфайли келиб чиқади ва ҳайвоннинг тез ва кескин ориқлашиши, қон ва фибринли ширроқи ич ўтиш каби килиник белгилар билан тавсифланади.
Касаллик қўзғатувчиси. Orentobilharzia turkestanika трематода (ясси гелъминтлар) синфга кирсада бошқа тремотодалардан катта фарқ қилади: улар айрим жинсли гелъминтлар, уларнинг танаси узунчоқ, ташқи кўринишдан немотодаларга ўхшайди [1, 4, 5, ].
Ташхис- Ориентобилгарциозга ҳайвон тирик бўлганда диагноз клиник белгилар, эпизоотологик маълумотларни ҳисобга олган ҳолда гелминтоовоскопиянинг флотацион усулларидан бири (Фюллеборн) ёки гелминтоовскопиянинг кетма-кет ювиш усули билан қўйилади.
Ориентобилъгарциозга қарши кураш чора-тадбирлари. Бу касалликнинг қўзғатувчилари - Ориентобилъгарцияларнинг ҳамда фасциолаларнинг оралиқ хўжайинлари бир хил бўлганлиги сабабли уларнинг ҳайвонларга юқиши, ривожланиши ва тарқалиши бир-бирига ўхшашдир. Шунинг учун ҳам ориетобилъгарциозга қарши кураш чора -тадбирлари фасциолёзга қарши кураш билан бир тарзда олиб борилади. Фақат, ориетобилъгарциозга қарши дегелъминтизация қилишда фойдаланадиган антигелъминт препаратларга эътибор бериш лозим.
Ориетобилъгарциозга қарши яхши натижа берадиган антигелъминт воситалар: рабензол, азинокс, дронцид, ацемидофен каби препаратлардир.Бу препаратларни уларни қўллаш бўйича қўлланмага асосан ишлатиш лозим [4, 6, 5, ].
Do'stlaringiz bilan baham: |