Болалар ишларини таҳлил қилиш. Болалар ўзлари бажарган ёки дўстлари бажарган ишни мустақил равишда таҳлил қилиб, баҳо беришлари 5 ёшга бориб тўла шаклланади. Кичик гуруҳдаги болалар ўз ҳаракатларини ва уларнинг натижаларини назорат қила олмайдилар, шунинг учун улар ўз ишларини бажараётган вақтда мамнун бўлган бўлсалар, уларнинг натижасидан ҳам мамнун бўлиши учун тарбиячидан мақтов эшитишни кутадилар. Кичик гуруҳда тарбиячи болаларнинг ишларини баҳолаётганда таҳлил қилмайди, балки 4-5 яхши бажарилган ишларни болаларга кўрсатади. Шу билан бирга қолган болалар ишларини ҳам мақтайди чунки мақтов болаларнинг ушбу машғулотга нисбатан қизиқишини сақлаб қолишга ёрдам беради. Расмларни кўрсатишнинг мақсади эса, болаларнинг ўз ишларини натижасига жалб қилишдир. Ўрта ва катта гуруҳларда тарбиячи болаларнинг ишларини кўрсатади ва камчиликларини айтиб ўтади. Болалар камчиликларини қанчалик кўра билсалар, шунчалик кейинги расмларини онгли равишда чизиб борадилар.
Машғулот якунида тарбиячи болалар ишларидан бирини олиб, ижобий томонларини кўрсатади. Масалан: “Рангларини яхши танлаганини-оч ранг билан тўқ ранг ёнма-ён яхши кўриниши, чизиқларнинг озода ва аниқ чизилганлигини” ва ҳоказо. Агарда камчиликлар кўпчилик болаларда учраса, шу камчиликни бартараф қилиш учун болаларга савол беради ва диққатини қаратади. Агарда бир боланинг камчилиги бўлса, у ҳолда яккама-якка тушунтириш муносибдир, чунки жамоа олдида биргина боланинг ишини таҳлил қилиш, фақатгина шу боланинг ўзи учунгина тушунарли бўлади. Катта гуруҳда таҳлилга барча болаларни жалб қилмоқ зарур. Баъзида эса, тарбиячининг ўзи баҳо беради. Масалан: яхши чизмайдиган боланинг ишидаги камчиликларни бошқа болалар айтишларини тарбиячи олдиндан била туриб, ўзи аввал шу бола бажарган ишининг ижобий томонларини айтиб ўтади. Вақтни тежаш мақсадида тарбиячи
6 та боланинг ишини олиб, таҳлил
қилади, фақат ҳар машғулотда бир хил болаларнинг ишларини олиб баҳолаш ярамайди. Чунки доимий мақтов асосида ўша болаларда ҳаддан ташқари ишонч, бошқалардан ажралиб туриш ривожланади. Ўта қобилиятли болалар билан уларнинг лаёқатларини ҳисобга олган ҳолда, алоҳида иш олиб борилади. Баъзида тарбиячи таҳлил қилиш учун бажарилган ишларни болаларнинг ўзларига топширади. Бунда барча болаларнинг ишлари столга ёйилади ёки стендга маҳкамланади ва болалар ўзлари энг яхши бажарилган ишларини танлайдилар. Сўнг тарбиячи таҳлил қилади. Кўпроқ болаларга (6 ёшда) ўз ишини натурага нисбатан ўзи баҳолашга имкон бериш керак. Чунки бола ўз ишига, ҳамда дўстларининг ишларига танқидий томондан баҳо беришга ўрганади.
Do'stlaringiz bilan baham: |