Кўргазмали метод ва ўргатиш усуллари. Кузатиш методи тасвирий фаолиятга ўргатиш тизимининг умумий асосини ташкил қилади. Чунки, у атроф-муҳитни ўрганишда, билиш ҳамда уни акс эттиришда муҳим омил сифатида хизмат қилади. Болаларда қанчалик кузатиш, атроф-олам кўриниши билан алоқа ўрнатиш, умумийлик ва яккаликни ажратиш малакаси ривожланган бўлса, шунча болалар ижодий қобилиятининг ривожланиши боғлиқ бўлади. Лекин кузатишнинг ўзи кўрганни тасвирлаб беришга тўла имкон бермайди. Болаларни тасвирлашнинг муҳим усулларига, турли тасвирлаш материалларидан фоқдаланиш йўлларига ўргатиш зарур. Кўргазмали метод ва ўргатиш усулларига натурадан, расм репродукцияларидан, намунадан, бошқа кўргазмали қўлланмалардан фойдаланиш, алоҳида предметларни кўриб чиқиш, тарбиячи томонидан тасвирлаш усулларини кўрсатиб бериш, болаларнинг бажарган ишларини машғулот якунида кўрсатиш, уларни баҳолаш киради.
Натурадан фойдаланиш. Тасвирий санъатда натурадан фойдаланиш деганда, кузатиш асосида предмет ёки кўринишни тасвирлаш тушунилади. Натурадан фойдаланиб ишланганда чизаётган кишининг кўзига нисбатан натуранинг қай ҳолатда турганини ҳисобга олган ҳолда маълум бир нуқтаи назардан туриб, предмет кўриниши тасвирланади. Бу натурадан олиб тасвирлаш хусусияти машғулот мобайнида ўзгача идрокнинг ривожланишига кўмак беради. Бунда асосийси боланинг идроки бўлиб, текисликда тасвирланган предмет (расм, аппликация) фақат бир томондан идрок қилинади; лойдан буюм ясаганда ва қуриш-ясашда болаларда натурани ўгириб қуриш ҳамда ҳажм-шаклни турли хил бурилишда таҳлил қилиш имкони бўлиши керак. Мактабгача ёшдаги болалар билан ишлашда натурадан фойдаланишнинг айрим хусусиятларини кўриб чиқамиз.
Натура хотира ишини енгиллаштиради, негаки тасвирлаш жараёни идрок билан бирлашади, предметнинг шаклини, тузилишини, рангини тўғри тушуниб, етказиб бера олишга ёрдам беради. 4-5 ёшдаги мактабгача таълим болаларининг қобилиятларидан қатъий назар, мактаб таълим олувчиси ёки рассомнинг натура билан ишлашига нисбатан қараганда, болаларнинг тасвирланган объектни таҳлил қилишлари, шу натура билан ишлашларининг ўзига хос фарқи бор. Мактабгача таълим ёшдаги болалар учун содда шаклли, аниқ чизмали бўлиши керак. Масалан: болалар машинани ён томонидан, қўғирчоқни олдидан чизадилар ва бунда ҳажмини етказиб беролмайдилар. Агар гуруҳда болалар сони кўп бўлса, барчасига тенг кўриниши учун 2-3 та бир хил предмет қўйилади. Тарбиячи натурани болалар билан биргаликда қисмларга ажратиб кўриб чиқади, бунда у таҳлил жараёнини осонлаштириб, ўз сўзлари, ҳаракатлари билан йўналтиради. Бу жараёни маълум бир идрок маданиятини, ривожланган аналитик фикр юритишни талаб қилади. Бундай кўникмалар
болаларда 5-6 ёшда ривожлана бошлайди. Бу ёшда болалар тасвирлаётган ишларини натурага нисбатан таққослашга уринадилар. Масалан: катта гуруҳда
натурадаги арча шохларини
тасвирлаётганда, болалар шохни фазода жойлаштирадилар (вертикал ёки қия ҳолатда) ва шохдаги шохчаларнинг сонини, ўлчамларини чап ва ўнг томондан, тўқ ёки оч ранг билан чизадилар. Натура сифатида тирик қушлар, ҳайвонлардан фойдаланиш мумкин эмас. Уларнинг ҳаракатлари, товушлари болаларни расм чизишдан чалғитади, болаларнинг предметни керакли ҳолатда идрок қилишларига, диққатларини бир нуқтага қаратишга ҳалақит беради. Шундай қилиб, ўргатиш методи сифатида натурадан фойдаланиш тасвирлашнинг бутун жараёнини ўз ичига мужассамлаштиради: предметининг бирламчи таҳлили; тасвирни натурага нисбатан таққослаш; натижанинг шаклини, ҳолатини, рангини таққослаш; натижадаги расм ва натурани таққослаш йўли билан баҳолаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |