Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси: янги марралар сари
Тобора яқинлашиб келаётган Конституция байрами барчамизга муборак бўлсин, дея ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда ватандошларимизга сиҳат-саломатлик тилаб, Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси хусусида айрим мулоҳазаларни билдириш мавриди бўлиб қолди.
1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқи Конституциянинг муқаддимасида белгиланганидек, “ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб”, ушбу Конституцияни қабул қилди. Дарҳақиқат, бу шараф, бу масъулият. Ушбу пойдеворнинг мустаҳкам асоси сифатида Конституциянинг 42-моддасида нормаланадики, “Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва уни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури мувофиқ, тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу маънода мамлакатимизда илм-фан соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар шундай босқичга келдики, эндиликда бозор муносабатлари шакллана бориб, давлат илм-фан ютуқларининг истеъмолчиси сифатида ушбу муносабат иштирокчиларига муносиб ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратиш борасида ўзига хос субъектга айланмоқда. Қайд этилганидек, қонун ҳужжатлари ижтимоий пакети яратилди. Ана шундай ҳужжатлардан бири мамлакатимиз Президентининг “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 6097-сон Фармони бўлди.
Тан олиш керак, узоқ йиллар илм-фан “давлат бюджетига қарам” ижтимоий соҳа бўлиб келди. Глобал ривожланиш, рақамли иқтисодиёт, мулкий плюрализм эса, бунинг ўзи етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Фармонда қайд этилганидек, “иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсади”да ушбу ҳуқуқий ҳужжат дунёга келди. Ва у билан “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”; Концепциянинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари; Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2020 – 2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”; Илм-фан соҳаси ва илмий-тадқиқот ишларини 2021 – 2023 йилларда молиялаштириш ҳажмини кенгайтириш ва молиялаштириш манбаларини диверсификациялашнинг мақсадли параметрлари; Илм-фан соҳаси ва илмий-тадқиқот ишларини 2021 – 2023 йилларда молиялаштириш ҳажмини кенгайтириш ва молиялаштириш манбаларини диверсификациялашнинг мақсадли параметрларига эришиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Фармонга мувофиқ, илм-фан соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш борасида: илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолияти самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган миллий рейтинг тизими жорий этиладиган бўлди; илм-фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш орқали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳамда унинг доирасида лойиҳалар амалга ошириладиган бўлди.
Соҳани молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда молиялаштириш манбаларини диверсификациялаш борасида: илм-фанга ажратилган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши амалдаги 0,2 фоиздан – 2030 йилда 2 фоизга; 2025 йилга қадар илм-фанни умумий молиялаштириш ҳажмида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига хусусий сектор томонидан ажратиладиган маблағлар улушини амалдаги 8 фоиздан – 20 фоизга, 2030 йилгача эса – 30 фоизга етказиш назарда тутилди.
Яна бир йўналиш – юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни илмий фаолиятга йўналтириш борасида: илмий ташкилотлар тадқиқотчиларининг ўртача ёшини 2025 йилга қадар 45 га, 2030 йилгача эса 39 га етказиш; илм-фанни ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини яратиш борасида: 2021 йилда “Яшнобод” инновацион технопаркининг резидентлари сонини 60 тага етказиш ва шу асосда инновацион маҳсулотлар тури ва ҳажмини ошириш, шунингдек 720 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш белгиланди.
Илм-фан тараққиётига кўмаклашувчи замонавий ахборот муҳитини шакллантириш борасида: миллий илмий портални яратиш; олимлар, ташкилотлар, илмий-техник ахборот манбалари рейтингларини жорий этиш белгиланди.
Яна бир янгилик. 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир илмий ташкилотда унинг бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони доирасида илм-фан ва илмий фаолият бўйича маслаҳатчи лавозими киритилади, бу лавозимга таниқли илм-фан намояндалари ва нуфузли олимлардан бири тайинланади ҳамда маслаҳатчи ташкилотнинг Илмий кенгашини бошқаради. Илмий йўналишларни шакллантириш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш ҳамда илмий мактаблар (шуни айтишим керакки, ҳозирнинг ўзида илмий мактаблар мавжуд, хусусан, мен хизмат қиладиган ТДЮУда ўнлаб илмий мактаб яратилди), фан намояндалари ва етакчи олимларнинг соҳадаги масъулиятини ошириш мақсадида ҳар бир фан йўналишлари бўйича фан жамиятлари ташкил қилинади.
Ҳудудларда илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, илм-фанга кенг жалб қилиш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб “Академик ҳаракатчанлик” дастури жорий қилинади. “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” ғояси остида жойларда бошланган аҳолининг кенг қатлами билан бўлган учрашувларда маълум бўлдики, ўсиб келаётган авлодимиз илмга, фанга чанқоқ. Ўзаро суҳбатларда, ҳаттоки, нега, нима учун Ўзбекистонда шоир, қўшиқчи, қизиқчи, раққос машҳуру, олимлари машҳур эмас? қабилидаги саволлар ҳам берилганидан марказдаги, хусусан, Тошкентдаги профессурани ҳудудларга жалб қилиш керак, деган ўй-фикр келди. Дарҳақиқат, марказдаги илмий ташкилотлар ва ОТМларда фаолият кўрсатаётган олимлар, устозларни жойларга – энг қуйи ҳудудларга юбориш амалиётидан самарали фойдаланиш лозим. Эсимда, ўтган аср 80 йилларининг адоғида мактабимизга математика илми устаси, академигимиз Шавкат ака Аюпов ташриф буюрганди. Биз учун у киши билан суҳбат жон-қулоқ суҳбат бўлганди – ҳозиргача эслаймиз.
2021 йил 1 январдан бошлаб Илмий даражали кадрлар тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими жорий қилинмоқда. Унда стажёр-тадқиқотчи, изланувчи, илмий раҳбар ва консультантларга доир маълумотлар банки шакллантирилади. Шундай тартиб ўрнатилмоқдаки, олий таълимдан кейинги таълимнинг бир поғонали тизими жорий қилинган хорижий давлатларнинг рўйхати ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасида фан доктори (DSc) сифатида тўғридан-тўғри тан олинади ва нострификация қилинади (эквивалентлиги қайд этилади). Халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган профессор, доцент, катта илмий ходим ва уларга тенглаштирилган бошқа илмий унвонлар тўғрисидаги ҳужжатлар олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар кенгашларининг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикасида қўшимча экспертиза ўтказмасдан ва бошқа синовларсиз тўғридан-тўғри тан олинади.
Яна бир муҳим янгилик. Жаҳон банки томонидан илмий ишланмаларни тижоратлаштириш асосида республикамизда инновацион тизимни ривожлантириш, инновацион фаолият соҳасидаги индикаторларни яхшилашга кўмаклашувчи “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” лойиҳасини молиялаштириш мақсадида 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағлари ажратиладиган бўлди. Ҳукуматимиз томонидан 2021 йилда “Ўзбекистон илмий салоҳиятини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш учун Жаҳон банкининг қўшимча 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларини жалб этиш бўйича таклиф киритиши белгиланди.
Хурсанд қиладиган яна бир жиҳат – бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар сони, бир миллион аҳоли сонига тўғри келадиган илмий тадқиқотчилар ва олимлар сони, тижоратлаштирилган илмий ишланмалар сони ва ҳажми индикаторлари юритиладиган бўлди. Эсимда, ОТМларда “Илмий бўлим”лар фаолияти бошланган пайтда Ўзбекистон ва Беларусь юриспруденция илмини солиштиргандик. Нисбат: 17/51 бўлганди).
Фармон билан “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” тасдиқланди. Концепциянинг стратегик мақсади миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг инновацион ва юқори технологик форматига ўтиш, мамлакатимизнинг рақобатдош устунликларини ишга солиш ва тўғри сафарбар этиш, инновацион маҳсулотлар ҳажмини кенгайтириш, жадал иқтисодий ўсишни таъминлайдиган йўналишларга инвестицияларни йўналтириш, аҳоли турмуш даражасини бир неча бор яхшилаш, ижтимоий соҳадаги долзарб масалаларнинг инновацион ёндашувга ҳамда илмий тадқиқотлар ва эришилган натижаларга асосланган илмий ечимини топиш, халқаро миқёсда илмий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги ва “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонунлар ижросини таъминлашдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |