3-§. Юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни илмий фаолиятга йўналтириш Юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни илмий фаолиятга йўналтириш борасида қуйидаги ишлар амалга оширилади:
1) етакчи илмий ташкилотлар ва университетларда илмий изланишларнинг илғор даражасини таъминлашга қодир малакали кадрлар билан таъминланган янги илмий-тадқиқот инфратузилмаси шакллантириб борилади;
2) фан докторлари (DSc) ва фалсафа докторлари (PhD)ни тайёрлаш доирасида устувор илмий йўналишлар бўйича илмий кадрларни мақсадли тайёрлашга ўтилади;
3) доцент ва профессор унвонини олиш тартибига докторантурадан кейинги орттирилган тажриба мавжудлигига оид талаблар киритилади;
4) давлат илмий ташкилотларида янги кадрлар сиёсати жорий қилиниб, асосий эътибор кадрлар билан ишлашнинг стратегик бошқарувини жорий этишга қаратилади;
5) мутахассисларни қайта тайёрлаш ва доимий равишда малакасини ошириб бориш мақсадида инглиз тилини ўрганаётган олимлар учун турли ўқув курсларини ташкил қилиш, маҳаллий ва дунёнинг етакчи университетлари ўртасида ўқитувчилар ва талабалар бўйича дастурларни амалга ошириш кўзда тутилади;
6) Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб- қувватлаш жамғармаси ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иқтидорли ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий марказларда қисқа муддатли илмий стажировкаларини ташкиллаштириш, ўқиш ва малака оширишига кўмаклашилади, уларнинг халқаро илмий-техник конференцияларда ва илмий лойиҳаларда иштироки этишлари, илмий ишларининг нашр этилиши таъминланади;
7) тадқиқотчилар ва олимлар учун профессионал тренинглар ташкил этилади;
8) илмий даражали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва жаҳон андозаларига мослаштириш чоралари кўрилади. Бунда етакчи илмий ташкилотлар ва университетларга мустақил илмий даражалар бериш ваколатлари кенгайтириб борилади, диссертация ҳимояси ва аттестация ўтказиш амалиёти тубдан ислоҳ қилинади;
9) олий ўқув юртидан кейинги таълим (докторантура) институтига квоталар ажратиш ва уни мониторинг қилиш тизими тўлалигича ваколатли давлат органига юкланади ва рақамлаштирилади;
10) давлат буюртмаси асосида молиялаштирилаётган грант лойиҳалари доирасида қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш, халқаро илмий анжуманларда иштирок этиш, янги механизм сифатида грант лойиҳалари доирасида фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) ва фан докторлари (DSc) тайёрлашга буюртма бериш ҳамда уни молиялаштиришга рухсат берилади;
11) олий таълим муассасаларида бакалавриат ва магистратурада таҳсил олаётган талабаларга илмий фаолият олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар ва рағбатлантириш механизмлари яратилади. Натижада ўқишни битирган ва илмий фаолиятини давом эттиришни билдирган магистрларнинг сони кўпаяди;
12) докторантлар билан ишлаш, улар томонидан олиб борилаётган ишларни назорат (мониторинг) қилиш, ҳимояга ўз вақтида чиқишини таъминлаш механизмлари янада такомиллаштирилади.