Миллатлараро муносабатларда янги давр
Бугун республика ҳудудида яшовчи 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари учун Ўзбекистон Конституцияси миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Мамлакатимизда тинчликни янада мустаҳкамлаш, миллатлараро барқарорликни юксалтириш мақсадида 2017 йил 19 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ Байналмилал маданият маркази негизида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар ҳамда дўстлик жамиятларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритишида давлат идораларива жамоат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтиришда мустаҳкам таянч бўлади.
Мазкур Қўмита зиммасига жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, тинчликсевар сиёсатни, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида эришилган ютуқ ва муваффақиятларни кенг тарғиб қилиш, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, чет элдаги ҳамюртларимиз диаспораси билан дўстликни мустаҳкамлашга доир давлат сиёсатини изчил амалга ошириш вазифаси юкланган.
Қўмита миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш, миллатлараро муносабатлар маданиятини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, мувофиқлаштириш ва рағбатлантиришга доир чора-тадбирларни амалга оширади. Шунингдек, миллий маданий марказларга амалий ва методик ёрдам кўрсатади, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлайди, миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъи назар, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, «Ўзбекистон – умумий уйимиз» тамойилини амалга ошириш чораларини кўради.
Ёшларни бағрикенглик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, тарих, маданият, миллий анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратидлмоқда. Бу миллатчилик ва экстремизм ақидаларига қарши мафкуравий иммунитетга эга, мустақиллик ғояларига содиқ, Ўзбекистон миллий манфаатларини ҳимоя қиладиган ва илгари сурадиган маънавий баркамол авлодни шакллантириш имконини беради.
Қўмитага давлат органларида миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва маросимларини асраш ва ривожлантиришга кўмаклашиш вазифаси ҳам юкланган.
Қўмита қошида 138 та миллий маданий марказ фаолият юритади. Улардан 14 таси Республика миллий маданий марказлари мавқеига эгадир: Республика арман, тожик миллий маданий марказлари, Ўзбекистон озарбайжон, турк, қирғиз, қозоқ, яҳудий миллий маданий марказлари, Ўзбекистон корейс миллий маданий марказ уюшмаси, Ўзбекистон рус, уйғур маданий марказлари, «Wiedergeburt» Ўзбекистон немислари маданий маркази, «Светлитса Полска» Польша миллий маданий маркази, Республика туркман маданий маркази, «Славутич» Республика украин маданият маркази.
Шунингдек, араб, бошқирд, белорус, болгар, Бухоро яҳудийлари, грек, грузин, дунган, хитой, қрим татар, литваликлар ва татар миллати вакилларининг миллий маданий марказлари мавжуд. Тошкент шаҳрида 23 та, Қорақалпоғистон Республикасида 6 та ва вилоятларда 95 та миллий маданий марказлар фаолият юритмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |