Доктор Тедрос Аданом Гебрейесус,
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори
УШБУ ҲАФТА “АХБОРОТ ВА МУРАББИЙЛИК СОАТИ” МАШҒУЛОТЛАРИНИ ЎТКАЗИШ УЧУН ТАЙЁРЛАНГАН ЁРДАМЧИ МАТЕРИАЛЛАР
Мавзу: “Элга хизмат – олий ҳиммат”
(Сахийлик)
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг турли қатламларига ёши, жинси, ижтимоий ҳолати, жисмоний салоҳиятини инобатга олган ҳолда амалий ёрдам кўрсатиш тизими жорий қилиниши, тиббий, ҳуқуқий, ахборот, маданий, ижтимоий, иқтисодий каби соҳаларда кенг намоён бўлмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлардан бири «Ижтимоий соҳани ривожлантириш» қилиб белгиланган. Мазкур вазифаларни изчиллик билан амалга ошириш ижтимоий хизмат тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш заруриятини келтириб чиқармоқда.
Инсониятнинг ўтмишида ижтимоий иш ёки хизмат деб аталувчи муайян тизим бўлмаган бўлсада, бироқ, бу фаолиятнинг элементлари қадимдан мавжуд бўлган. Қадимги Миср ибодатхоналарида очларга текин нон ва бошқа озиқ-овқат турларини, қадимги Юнонистон ва Римда амал қилган филантропик ҳаракатлар, яъни камбағаллашган аҳоли қатламларига нон, кийим – кечак ҳамда пул тарқатилиши, Қадимги Хитойда ҳамдард бўлиш ва ғамхўрлик кўрсатишни кузатиш мумкин.
Жумладан, Амир Темур даврида ижтимоий хизмат кўрсатиш давлат даражасида амал қилган бўлиб «Фақиру мискин, бирон касб қилишга ожиз шол-кўрларга нафақа белгиланган». Тарихий манбаларда Амир Темур томонидан «турлик-турлик хайру эҳсонлар қилиниб, синф-синф садақалар мустаҳикларга етказилиб, фақир ва мискинларга бисёр обу ош берган»лиги келтирилган. Шу тарздаги фаолиятнинг натижасида, ижтимоий хизмат тизими маълум вақт ўтиши билан жамият ижтимоий тараққиётида муҳим ҳисобланган алоҳида мустақил соҳага айланади.
Мутафаккир адиб Алишер Навоий саховат ва ҳимматни инсоният боғининг ҳосилдор дарахти, у дарахтнинг фойдали меваси деб атайди. У бунда мутлақо муболаға қилмайди. Дарҳақиқат, инсонлар ўртасидаги муносабатларда саховатлилик, ҳимматлилик сингари олийжаноб хислатлар йўқолган куни бу ҳаёт дарахти қақраб қуримоғи турган гап. Навоий олийҳиммат кишиларни баландпарвоз лочинга, беҳиммат кимсаларни эса сичқон овловчи калхатга ўхшатиши бежиз эмас. Бунга қўшимча, чинакам саховатли ва ҳимматли кишиларга миннат деган қусур мутлақо ётдир.
Ўзбек халқи азал-азалдан бағрикенг, серҳиммат, саховатли халқ. Шунинг учун ҳам бугун унинг бағрида 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч, осуда ва бунёдкор ҳаёт кечирмоқдалар. Одамларга мадад бериш, кўмаклашиш, ёрдам қўлини чўзиш халқимиз ҳаёт тарзи билан боғланган. Бу ўзаро ёрдам ва кўмак бериш сингари филантропик тарздаги ижтимоий хизматнинг кўринишларида ҳам ўз ифодасини топади. Бунда, савоб ишларни амалга ошириш, хайр-эҳсон қилиш, саҳоватли бўлиш сингари амаллар ўзбек халқи ҳаётида ҳам иймон ва эътиқод, ҳам маънавий маданият тарзида кечиб, этноанъана тарзида бу кунга қадар давом этиб келмоқда.
«Ҳиммат» (арабча ғайрат, шижоат, жўшқинлик, ҳаракат, ҳафсала, қунт) – одамгарчилик, мурувват юзасидан қилинадиган яхшилик, яхши иш, ёрдам, инсонга хос хислатни англатувчи тушунча бўлиб, бу борада Фаридиддин Аттор:
«Ҳиммати олийга етса ҳар кўнгул,
Давлати беминнат унга юзланур» - дея инсонларни ҳимматли бўлишга чорлаш орқали қалб софлиги, кўнгил хотиржамлиги, маънавий етукликка ундайди. Ҳиммат тушунчасининг асосида иқтисодий ёки моддий асос ётади. Шунингдек тарихий манбаларда учрайдиган «ҳиммат» тушунчалари ижтимоий хизмат кўрсатиш нуқтаи назаридан қиёсий ўрганилганда унинг асосан икки кўринишда намоён бўлади. Бири беғараз ёрдам кўрсатиш, иккинчиси, қўллаб-қувватлаш.
Марказий Осиё минтақасида қадимдан кексаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, кексайганда уларга ғамхўрлик қилиш ижтимоий ҳимоянинг таркибий қисми бўлиб келганки, улар этноанъана тариқасида намоён бўлмоқда. Бунда жинс, ёш, касб каби ижтимоий-маданий омиллар белгиловчи ҳисобланган. Бу ўзига хосликнинг маънавий асоси ўзбек халқининг турмуш тарзида деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланиши ва жамоавий тарзда меҳнат қилиш сингари омиллар билан изоҳланади. Мазкур ҳолат маънавий бирлик туйғуси билан боғлиқ бўлиб, миллий маънавиятнинг таркибий элементи сифатида намоён бўлиши мумкин. Шу боис меҳр кўрсатиш, оқибатли бўлиш, ғамхўрлик қилиш миллий таълим-тарбия тизимида вазифадорлиги жиҳатидан ажралиб туришини таъкидлаш лозим.
Инсон ўз яқинларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш билан бирга, уларнинг ғам-ташвишларига ҳамдардлик қилишга тайёр туриш фазилатини ўзида мужассам этиши лозим. Айнан ана шу жиҳатлар бизнинг давримизгача етиб келган халқ оғзаки ижоди намуналарида, яъни ривоят ва эртаклар, афсона ва мақолларда, шунингдек, «Авесто», «Қуръон», Ҳадислар тўплами каби диний манбалар ва ўтмиш аждодларимиз томонидан яратилган нодир қўлёзмаларда ҳам ўз ифодасини топган.
Мана шундай фазилатларни шакллантириш асосида жамиятда ижтимоий муҳофазага оид ижтимоий фойдали мақсад оммалаштириб борилган. Шундай эзгу мақсадлардан бирини ижтимоий ёрдам кўрсатиш маънавияти деб оладиган бўлсак, у албатта муайян маънавий, ахлоқий муҳитда шаклланади. Маънавий-ахлоқий муҳит эса – инсонлар яшайдиган ҳудуд-маконидаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий фаровонлик ва барқарор сиёсий муҳитни англатади. Барқарор ижтимоий, сиёсий муҳит деганда ҳудуддаги мавжуд жамият аъзоларининг тинч-тотувлиги ва фаровонлиги тушунилади. Шу сабабли аждодларимиз ижтимоий хизмат ёки беғараз ёрдам кўрсатишни маънавий ҳаёт, миллий онг ва қадриятлар, эътиқод ва тафаккур, урф-одат ва анъаналар таркибига сингдирганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |