У КИМ ЭКАН, КИМ ЭКАН У?
У ким экан, топган нонини
Бутунича ташиса уйга.
У ким экан майиз келтирса,
Ҳатто борса марака-тўйга.
У ким экан, уст-боши ямоқ,
Сизга кийим сотиб оларкан.
У ким экан келишингизни,
Ухламасдан кутиб толаркан.
У ким экан косасидаги,
Митти гўштни сизга илинса.
У ким экан бир соат уйда,
Бўлмаганда ўрни билинса.
У ким экан сиз тугул, сизнинг
Болангизга жони пайваста.
У ким экан, эҳтиёжини,
Билдирмасдан юргувчи аста.
У ким экан, нафақасини
Ўзи учун ишлата олмас.
У ким экан у билан сизнинг
Уйингизга армон йўлолмас.
У ким экан, саҳардан туриб,
Бахтингизни сўраб Тангридан.
У ким экан сизни авайлаб,
Юрса, ҳатто, ернинг чангидан.
У ким экан, кечаги қувноқ
Маишатни гуллатганларми?
Борингизда меҳристон қуриб,
Йўғингизда қулатганларми?
У ким экан, ҳар тонг муҳаббат,
Изҳорини канда қилмасдан.
Бироз арзон совға берсангиз,
Юрганларми парво қилмасдан.
У ким экан, ким экан улар,
Қайси тенгсиз, қайси ягона.
Дунёдаги дунёдан азиз,
Она, она ва яна она.
Инсон қачон йиғлайди? Инсон тўлиб кетса, бу дунё ишларидан зада бўлиб кетса йиғлайди. Фарзанд бир томчи ёш тўкса, онанинг кўнглида, кўксида ёшлар дарёси оқади. Шунинг учун ҳам оналар бу дунёда фарзанд учун жонкуяр, мўтабар ва меҳрибон зотлардир. Зотан, Ўзбекистон ҳалқ шоири Тўра Сулаймон «Ой тутилиб, онам йиғлайдир, қолганлари ёлғон йиғлайдир» деганларида ҳақ эди.
ЙИҒЛАМАЙМАН
«Ой тутилиб, онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир»
Тўра Сулаймон
Дардман билар асл дарднинг заҳрини,
Тик кўтардим ёлғон дунё қаҳрини,
Гар йиғласам, тилганича бағрини,
Мендан кўпроқ ёлғиз онам йиғлайдир,
У йиғласа, бутун олам йиғлайдир.
Кулфат келса, кулиб енгмоқ - осонмас,
Бу ҳаёт - бахт қайнайдиган қозонмас,
Бўғзимга ёш тиқилганда бир нафас,
Мендан кўпроқ ёлғиз онам йиғлайдир,
У йиғласа, бутун олам йиғлайдир.
Ҳаста бўлсам, ўзида йўқ хафам у,
Мадинам у, дилимдаги Каъбам у,
Халоватда тополмасам гар уйқу,
Мендан кўпроқ ёлғиз онам йиғлайдир,
У йиғласа, бутун олам йиғлайдир.
Яшираман гоҳи алам, камимни,
Сезиб турар мен сезмаган ғамимни,
Шум шамоллар пуфлаб турса шамимни,
Мендан кўпроқ ёлғиз онам йиғлайдир,
У йиғласа, бутун олам йиғлайдир.
Олам ёши тўкилмаслиги учун,
Тоғлар боши букилмаслиги учун,
Йиғламайман, аммо, нимага, нечун?
Мендан кўпроқ ёлғиз онам йиғлайдир,
У йиғласа, бутун олам йиғлайдир.
Чунки, онам, олам битта бутундир,
Аммо онам бу оламдан устундир,
У йиғласа, менинг менлигим жўндир,
Йиғламайман, йиғламасин онам ҳам,
Йиғламайман, йиғламасин олам ҳам.
Баъзан бу дунё айши деб, онасидан хабар олишни унутган нодонлар ҳам топилади. Бироқ оналарни ҳаётлик чоғларида асрашимиз, авайлашимиз керак. Кейинги пушаймон ўзимиздан бошқасига душман эмаслигини унутмаслигимиз керак.
Оналар бахтимизга ҳамиша омон бўлишсин. Юзларидан нур, қалбларидан зиё аримасин. Оналаримизни, оналаримизни ва яна оналаримизни қадрлайлик!
Do'stlaringiz bilan baham: |