ЯХЛИТ ҚУЙМА КЎПРИКСИМОН ПРОТЕЗЛАРНИ ТАЙЁРЛАШНИНГ КЛИНИК-ЛАБОРАТОРИЯ БОСҚИЧЛАРИ Яхлит қуйма кўприксимон протезлар кавшарланган протезларга нисбатан бир қатор устунликларга эгалиги туфайли тобора оммавийлашиб бормоқда. Кавшарланиш йўқлиги ушбу протезлар каркасларига юқори мустаҳкамлик беради, окклюзион юзаларни, бир вақтнинг ўзида таянч қопламалар ва оралиқ қисмини аниқ моделлаштириш имконияти эса уларни функционал жиҳатдан янада самарали қилади.
Кавшарлаш чизиғи қорайиб қолиши кавшарланган кўприксимон протезлар камчиликларига тегишли бўлиб, бу тиш қаторининг олд бўлими нуқсонлари ўрнини тўлдиришда айниқса ноқулайдир. Протезларни тайёрлашнинг оралиқ қисмини қопламалар билан бирлаштириш кавшарланишсиз амалга ошириладиган усуллари таклиф қилинган. Кавшарнинг бартараф қилиниши бошқа аҳамиятга ҳам эга. Унинг оксидланиши оғиз бўшлиғи тўқималари ва суюқ муҳитлари учун аҳамиятсиз деб бўлмайди. Қолипланган-кавшарланган протезлар таркибида амалда уч турдаги металл қотишмалари – металл қоплама, кавшар ва протез корпуси металли мавжуд бўлади. Уларнинг битта қотишмалар (зангламайдиган пўлат, тилла қотишмалар) гуруҳига тегишли эканлигига қарамай, улар лигирланадиган таркибий моддалари ҳисобига таркиб бўйича фарқ қилади ва турли хил тузилишга эга. Ушбу омиллар гальвани токлари пайдо бўлиши ва қотишмалардан хром, никель, темир ва ҳ.к. микроэлементлари чиқиши учун шароитлар яратади. Шахс сўлагининг кислота-асосий ҳолатига қараб, ионлар чиқиш даражаси ва гальвани токлари ҳажми кенг доираларда ўзгариб туради. Металларнинг микротоклар ва ионларга таъсирчанлиги турлича бўлиб, бундай протезлардан фойдаланишда асоратлардан бири – гальванизм, металларга чидамсизлик ёки аллергик реакция пайдо бўлиши мумкин.
Мумли композицияни моделлаш ва муайян қалинликдаги цементни маҳкамловчи қатлам билан мувофиқликда аниқ қуйиш жараёни тиш бўғзи аниқ қамраб олинишини ва поғонага зич қопланишини таъминлайди. Қайд этиш муҳимки, яхлит металл қуймали қопламага мослаб олиб ташланадиган тиш тўқималари ҳажми қолипланган қопламалар қўллангандаги ҳажмдан кам фарқ қилади.
Яхлит қуйма кўприксимон протезлар таянч тишларда яхши маҳкамланади ва патологик емирилиш, чуқур жароҳатли тишлов ва альвеолалараро баландлик пасайиши билан зўрайган тишларнинг қисман йўқотилиши каби мураккаб клиник шароитларда ҳам юқориги ва пастки тишларнинг бир-бирига тегиб туриши (тишлашиши)ни мустаҳкам таъминлайди.
Яхлит қуйма кўприксимон протезлар тилла, кумуш-палладий ва хром-кобальт қотишмаларидан қуйилади. Яхшилаб текширилгандан сўнг, ортопедик даволаш режаси тузилади. Препаратлашдан олдин нусхалари ва диагностик моделларини олиш мумкин бўлиб, уларда қоплама қисми баландлиги, шакли ва қалинлигини, тиш қаторидаги ҳолатни, антагонист тишлар билан нисбатини белгилаш мумкин. Яхлит қуйма протез тайёрлаш учун етарлича жой, ички зоналар мавжудлиги, препаратлаш ҳажми ҳисобга олинади.
Таянч тишларни тайёрлаш бўғизолди соҳасида поғона яратиш ёки поғонасиз анестезия остида амалга оширилади. Поғонали препаратлаш қаттиқ тўқималарнинг анча олиб ташланишини талаб қилиши туфайли уни молярларда, паст клиник қопламаларда, тиш бўшлиғи кенглиги сабабли ёшларда қўлламаслик мумкин. Препаратлаш методикаси чинни қопламадаги услуб билан бир хилдир.
Яхлит қуйма кўприксимон протезлар билан даволашда қўш нусха олиш усулидан фойдаланилади. Қайд этилган нусха олиниши ва препаратланган тишларга вақтинчалик (провизор) ҳимоя протезлари қопланиши билан биринчи клиник босқич якунланади.
Техник-лаборант, қўш нусхани олиб, комбинацияланган йиғма моделни тайёрлайди. Яхлит қуйма кўприксимон протезнинг мумли композицияси моделини тузади. Таянч тишларнинг гипсли культлари ундан эркин бўғизолди қисми қолдирилган ҳолда лок билан қопланади, бу орқали қуйма қопламанинг тиш культи бўғизолди қисмига аниқ қопланиши таъминланади. Сўнгра ҳар бир таянч тишга иккитадан пластмассали қалпоқча тайёрланади, биринчи (ички) қалпоқча қалинлиги – 0,1 мм, иккинчиси – 0,3 мм. Ички қалпоқча ўрнига кўпинча тиш культига 2 қатлам лок суртилади. Биринчи қалпоқча ҳажмли киришиб кичрайиш ўрнини тўлдириш ва цементни қатламлаш учун, иккинчи қалпоқча эса – тоза юзани ҳосил қилиш, мум репродукциясининг кўпроқ қаттиқлигига эришиш ва қолиплашда унинг шакли ўзгариши олдини олиш учун мўлжалланган. Уларни олиш учун қайд этилган қалинликда иккита диск қирқиб олинади, бирга тахланади, махсус қисқичда маҳкамлаб қўйилади ва газ горелкаси олови устидаги пластик ҳолатгача қизиш мольдинли ариқча (кювет) устидан ўрнатилади. Моделдан тишнинг гипс культи олиниб, у юмшатилган диск маркази бўйлаб жойлаштирилади ва мольдинга тиш ботирилади. Бунда тиш қопламаси культлари пластмассали дисклар билан зич қисиб қўйилади. Улар қотгандан сўнг бўғиз даражасида кесиб ташланади.
Моделга таянч тишлар культлари полипропиленли қалпоқчалар билан олдинги ҳолатда ўрнатилиб, мумдан бутун протез асосининг модели тузилади.
Шундан сўнг кўприксимон протезнинг мумли композицияси қуйишга тайёрланади.
Кўприксимон протезнинг мумли ярим тайёр маҳсулоти орал юзасида қуйишни таъминловчи тизим яратилади. Бунда штифтлар қотишма учун резервуарлар моделлари билан бирга протезнинг ҳар бир бўғинида маҳкамланади (штифт узунлиги – энг кўпи билан 5 мм, диаметри – энг кўпи билан 2-3 мм). Барча муфталар мумли репродукцияни қаттиқлайдиган ва уни ишчи моделдан ечиб олишда шакл ўзгаришидан сақлайдиган резервуар чизиғи билан бирлаштирилади. Резервуар чизиғига мумдан тайёрланган штифтлар маҳкамланади, улар ўтга чидамли массада эритилгандан сўнг эритилган металл ўтиши учун каналлар ҳосил бўлади.
Мумли репродукция ишчи моделдан эҳтиёткорлик билан ечиб олинади, ташқи қалпоқчалар қолдирилган ҳолда тиш культини қоплаб турадиган ички қалпоқчалар олиб ташланади. Қуйма қопламада ички қалпоқчалардан ҳосил бўлган бўшлиқ протез якуний тайёрлангандан сўнг маҳкамланадиган цемент учун жой бўлиб хизмат қилади. Протезнинг мумли асоси қуйиш конусига ўрнатилади, қуйма ҳалқа (қуйиш қолипи, опока) билан қопланади ва ўтга чидамли масса билан тўлдирилади. У қотгандан сўнг штифтлар олиб ташланади, кювет-опокага муфелли печда 1 соат давомида 200°С дан 800°С гача ҳарорат остида термик ишлов берилади. Сўнгра қолип эритилган металл билан тўлдирилади, кюветда совутилади, қуйилган протез қолиплаш массасидан ажратилади ва қумпуркагич аппаратида ишлов берилади. Қуйма қопламалар тайёрлаб қўйилишини техник ходим дастлаб ҳар бир таянч тиш бўйича алоҳида (уни моделдан олиб ташлаган ҳолда), сўнгра эса умуман модел бўйича амалга оширади.
Олиб қўйиладиган мумли репродукциялар бўйича яхлит қуйма протез тайёрлашнинг тавсифланган методикаси ҳозирги вақтда ўтга чидамли моделларда қуйиш билан бир қаторда кенг қўлланилмоқда.
Қотишмалар киришиб кичрайишини пасайтиришга қаратилган махсус технология (таянч тишларни бир-икки қатламли лок билан қоплаш, киришиб кичрайиши паст бўлган қотишмалардан ва мумларнинг махсус моделлаш турларидан фойдаланиш, қуйиш тизимини лойиҳалаш, махсус ўтга чидамли массалардан фойдаланиш ва қотишмаларни қуйиш махсус режимини қўллаш) кўприксимон протезларнинг етарлича аниқ қуймаларини олиш имконини беради.
Ўтга чидамли моделда аслмас металл қотишмасидан яхлит қуйма кўприксимон протезларни тайёрлаш технологияси. Энг аввало, юқори мустаҳкам гипсдан ишчи модель тайёрланади. Сўнгра у нусха кўчиришга (ретенцион, яъни препаратланмаган тишлардаги ички жойларни ва модель асосини осма деворлар ҳосил қилиш учун мольдин билан тўлдиришга) тайёрланади. Шундан сўнг гипс модели кювет асосига маҳкамлаб қўйилади ва у гидроколлоидли масса билан тўлдирилади. Модель гидроколлоидли массадан ажратилади ва ҳосил бўлган намуна ўтга чидамли масса билан тўлдирилади, сўнгра модель бўшатилади ва муфелли печда (+200°С) қуритилади. Ўтга чидамли модель барча ковакчаларни бартараф қилиш ва силлиқлаш учун +150°С ҳароратда эритилган асалари муми билан қопланади.
Мумдан кўприксимон протез модели тузилади ва қуйишни таъминловчи тизимга ўрнатилади (ҳар бир орал юзали тишга қуйиш яқинида муфта-резервуар билан 2-3 мм узунликда ва қалинликда мумли штифт ўтказилади). Барча мумли штифтлар конус билан бирлаштирилади.
Протезнинг мумли репродукцияси ўтга чидамли масса билан қопланади, қуритилади ва деворлари асбестланган кювет билан қопланади, тебранма столга ўрнатилади ва ўтга чидамли масса билан тўлдирилади. Сўнгра кювет мумни эритиш учун (+200°С) ва келгуси ўтга чидамли массани 900°С ҳароратда қиздириш учун муфелли печга қўйилади. Қолип марказдан қочирма қуйма усули ёрдамида эритилган металл билан тўлдирилади, қуйма совутилади ва қумпуркагич аппаратида ўтга чидамли ғилофдан бўшатилади. Шундан сўнг қуйиш мосламалари олиб ташланади, ҳар бир таянч тишга қуйилган, моделдан чиқариб олинган қопламалар текширилади. Бунда, имкон қадар, қуйма нуқсонлари бартараф этилади, қуйма қопламалар чеккалари илгари ўйилган ариқчалар ёки поғона изларининг аниқ ички қирраси бўйлаб қисқартирилади. Махсус штангенциркул ёрдамида қопламанинг бутун юзаси бўйлаб қалинлиги аниқланади. Протез гипсли моделга унинг тиш бўғзига ва антагонист тишларга нисбатан аниқ ўрнатилишига эришилган ҳолда пухта тайёрлаб қўйилади. Шундан сўнг у силлиқланади ва беморнинг оғиз бўшлиғида текшириб кўриш учун клиникага топширилади.
Клиникада текшириш давомида, энг аввало, унинг гипсли моделга мувофиқлигига, таянч қопламалар поғонага ёки клиник тиш бўғзига нисбатан тўғри жойлашганлигига, унинг оралиқ қисми ювилиш бўшлиғига тенг кенгликка эга эканлигига эътибор қаратилади. Шунингдек, юқориги ва пастки тишларнинг бир-бирига тегиб туриши (тишлашиши)га алоҳида эътибор қаратилиши керак.
Қайд этиш керакки, технологияга пухта риоя қилинган ҳолатдагина протез таянч тишларга осон қопланади ва тайёрлаб қўйиш талаб қилинмайди. Амалиётда эса кўпинча уни эркин қоплаш учун сердиққатлик билан тузатиш керак бўлади. Протезнинг таянч тишларга тўлиқ ўрнатилишига тўсқинлик қиладиган жойлар, одатда, нусха кўчириш қоғози ёрдамида аниқланади. Икки, уч, баъзан эса ундан кўпроқ тузатишлар тўлиқ ўрнатишга эришиш имконини беради. Бироқ тузатишни бошлашдан олдин табиий тишлар аниқ препаратланганлигига ва ишчи гипсли моделлар юқори сифатли тайёрланганлигига ишонч ҳосил қилиш керак.
Протез керакли ҳолатда ўрнатилгандан сўнг, юқориги ва пастки тишларнинг бир-бирига тегиб туриши (тишлашиши)ни тўғрилашга ўтилади. Аниқланган камчиликлар талаффузнинг турли босқичларида тиш қаторлари бирлашишига умумий талаблар асосида бартараф этилади. Марказий окклюзия ҳолатида протез билан бир вақтда бошқа антагонист тишлар ҳам контактга киришиши керак. Вақтидан илгари контактлар пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйилмайди. Улар, айниқса, ёнлама окклюзияларда ва мувозанатловчи томонларда хавфлидир. Фақат ушбу шароитларда протезлаш даволаш хусусиятига эга бўлиб, пародонтнинг функционал ортиқча юкланиши ривожланишини, чайнаш мушаклари функциялари мувозанатлари бузилиши ва чакка-пастки жағ бўғими касалликларини профилактика қилиш воситаси бўлиб хизмат қилади.
Ниҳоят, тайёр кўприксимон протез сифатини баҳолаш ювилиш бўшлиғи ҳолатини ёки оралиқ қисми уринма шаклини текшириш билан якунланади. Агар протез қайд этилган талабларга тўлиқ жавоб берса ва тузатишдан сўнг силлиқланган юзаси тикланган бўлса, у умумий эътироф этилган методика бўйича таянч тишларга маҳкамлаб ўрнатилиши мумкин.