Маблағлардан фойдаланиш йўналишлари
8.2-чизма. Бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш йўналишлари
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан бюджет ташкилотига кўрсатилган ҳомийлик (беғараз) ёрдамидан олинган маблағларнинг барча суммаси, агар ҳомий билан махсус ўзгача ҳол келишилмаган бўлса, тўлиғича моддий-техника базани мустаҳкамлашга сарфланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бюджет ташкилотларини бюджетдан ташқари маблағ топишга ундаш ва яхши иш натижаларини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 12 декабр 1245-сон Қарорига мувофиқ, барча бюджет ташкилотлари 2015 йил 1 январгача барча даромадлари (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 сентябр 414-сон Қарори билан белгиланган) юзасидан барча солиқлар ва йиғимлардан, шунингдек, давлат мақсадли фондларига мажбурий тўловларни тўлашдан озод этилади.
Ўзбекистон Республикаси Бюджет Кодекси билан шунингдек вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари даромадларини шакллантириш манбалари белгилаб қўйилган бўлиб, улар белгиланган тартибда давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлар, маъмурий жарималар ҳамда молиявий санкциялардан ажратмалар ҳисобидан шакллантирилади. Жамғарма маблағларидан моддий-техника базани мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш, бошқа харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан алоҳида тартибда белгиланади.
Бундан ташқари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари расман ўрнатилган ундириладиган тўловлар ҳисобидан ҳам шаклланади. Уларнинг таркиби Бюджет Кодексининг 63-моддаси билан белгилаб қўйилган. Унга кўра, бюджет ташкилотлари томонидан бюджетдан ташқари маблағлар қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:
ўқувчилар ва тарбияланувчилар давлат мактабгача таълим муассасаларида, умумтаълим мактабларининг куни узайтирилган гуруҳларида, мактаб-интернатларда, олимпия захиралари коллежлари ва бошқа таълим муассасаларида сақлаб турилганлиги учун;
ўқувчилар болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда мактабдан ташқари таълим муассасаларида таълим олганлиги учун;
олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олганлик учун;
стационар даволаш-профилактика муассасаларида даволанаётганлар таркиби овқатланиши учун;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа турдаги ундириладиган тўловлар.
Ундириладиган тўловларнинг миқдорлари, уларни киритиш ва улардан фойдаланиш тартиби, шунингдек ундириладиган тўловлар бўйича имтиёзлар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |