ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ИҚТИСОДИЁТ НАЗАРИЯСИ
фанидан намунавий ДАСТУР
(бакалавр йўналиши учун)
Тошкент – 2011
Мазкур намунавий дастур Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув-методик бирлашмалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашнинг 2011 йил 9 сентябрдаги 3–сон мажлис баёни билан тажрибавий дастур сифатида маъқулланган.
Ушбу дастур “Иқтисодиёт назарияси” фанидан бакалаврнинг тайёргарлик даражаси ва зарурий билимлари мазмунига қўйиладиган талаблар асосида тайёрланган.
Тажрибавий дастурни келгусида тўлдирилган ва бойитилган ҳолда чоп этиш заруратини ҳисобга олиб, фикр-мулоҳазаларингизни қуйидаги манзилга юборишингизни сўраймиз:
Тошкент шаҳар, 2-Чимбой кўчаси 96-уй, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “Маънавий-ахлоқий тарбия” бошқармаси, тел: 246- 10-58, 246-10-54.
Фаннинг ўқув дастури Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ишлаб чиқилди.
Тузувчилар:
Шодмонов Ш.Ш. - иқтисод фанлари доктори, профессор (ТДИУ) Ғафуров У.В. - иқтисод фанлари номзоди, доцент (ТДИУ) Жўраев Т.Т. - иқтисод фанлари доктори, профессор (ТМИ)
Хошимов П.З. - иқтисод фанлари номзоди, доцент (ЎзМУ) Хажиев Б.Д. - иқтисод фанлари номзоди, доцент (ТДИУ)
Тақризчилар:
Абулқосимов Х.П. - иқтисод фанлари доктори, профессор (ДЖҚА) Зияев Т.М. - иқтисод фанлари номзоди, доцент (ТДИУ)
Фаннинг ўқув дастури Тошкент давлат иқтисодиёт университети Илмий кенгаши томонидан тавсия этилган (2011 йил 27 августдаги 1-сон баённома).
КИРИШ
Ҳар томонлама камол топган юксак маънавиятли шахсни тарбиялаб етиштиришда, унинг илмий дунёқарашини шакллантиришда муҳим роль ўйновчи фан иқтисодиёт назарияси фанининг ушбу дастури жамиятнинг иқтисодий негизи, унинг таркибий қисмлари, умумиқтисодий қонунлар ва категориялар, иқтисодий ҳодиса ва жараёнларнинг моҳияти, ижтимоий- иқтисодий тизимлар ва уларнинг амал қилиш қонуниятлари, бозор иқтисодиётининг таркиб топиш хусусиятлари, ўтиш давридаги ижтимоий- иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, иқтисодиётни диверсификациялаш ва модернизациялаш жараёнлари, иқтисодий ўсиш ва унга таъсир этувчи омиллар, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишлари ва вазифалари, иқтисодиётда амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар, жаҳон иқтисодиёти ривожланишининг асосий тенденциялари каби масалаларни қамраб олган.
«Иқтисодиёт назарияси» фани талабаларни жамиятда рўй берадиган иқтисодий қонунларни билиш ва уларнинг амал қилишига онгли муносабатда бўлишда, мамлакатни демократлаштириш ва иқтисодиётни бозор тамойиллари асосида ислоҳ қилиш жараёнларининг моҳиятини тушунишда зарур бўлган билимлар билан қуроллантиради. Шунингдек, бу фан жамиятнинг ҳар бир аъзосини ғоявий жиҳатдан йўналтириш, маънавий дунёқарашини кенгайтириш, иқтисодий маданиятини оширишга аҳамиятли таъсир кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |