58
боғланиб қолган мумтоз бадиий-эстетик анъаналардан воз кечдилар.
Анъанавий санъат ва адабиётда қарор топган қарашлардан кескин фарқ
қилароқ, бадиий тасвирда ҳаётга мувофиқлик эмас, балки ҳар бир
санъаткорнинг оламни бошқаларга ўхшамаган тарзда индивидуал кўра
билиши бош эстетик қадрият саналадиган бўлди. Чунки модернчи
ижодкорлар шахсдан ташқарида ва ҳаммага тегишли универсал ҳақиқат
бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблардилар. Бошқача айтганда, улар
ҳақиқатнинг объективлигини инкор этишарди. Модернчилар ҳар бир
шахснинг ўз алоҳида ҳақиқати бўлади деб ҳисоблардилар. Шунинг учун ҳам
онг билан онгсизлик ҳамда уларнинг ўзаро муносабатлари тасвири
модернчилар учун энг севимли ва доимий мавзуга айланди.
Модернчилар адабиёт тараққиётининг олдинги даврларида ижодкорлар
назаридан бутунлай четда қолган, бошқалардан ажралиб турмайдиган ғоят
оддий, кўпқатори ўртача одамларнинг ҳаёти ва ички дунёсини кўрсатишга
айрича эътибор қаратдилар: модерн асарларда бундай шахсларнинг
руҳиятидаги ғоят ичкин туйғулар, ўта нозик сезимлар майда икир-
чикирларига қадар батафсил қаламга олина бошлади. Персонажлар ҳаёти ва
руҳиятининг олдинлари тасвирлаш айб саналадиган хунук ва уятли
жиҳатларига қадар авра-астари ағдариб кўрсатилиши қўллаб-қувватланди.
Модернчи ёзувчилар бадиий тасвирга янгича кўриниш бериш, бир-бирига
ўхшамайдиган одамлар руҳиятининг қайтарилмас манзарасини чизиш учун
шакл, восита, усул, услуб устида адоқсиз ижодий тажрибалар ўтказишдан
эринмадилар. Бундай ижодкорлар бош қаҳрамонни жамият қаршисида
гангиб қолган ёхуд унга қарши ботиний ёхуд зоҳирий норозилиги бор шахс
сифатида тасвирлаш борасида бир-бирига яқин позицияларда эдилар.
Шафқатсиз борлиқ қаршисида ёлғиз ва ҳимоясиз қолган шахснинг туйғулар
олами уни ўраб турган воқелик қарқини (суръати) босимига дош
беролмаслиги оқибатида жамиятдан бегоналашиб абгор бўлишини
тасвирлаш ғоят кенг ёйилди.
Ўзигача бўлган барча адабий йўналишлардан фарқли равишда айнан
модернизм ўз эътиборини оддий одамнинг ички оламини тасвирлашга
қаратди. Модернчи ижодкорлар инсонни ўраб турган воқелик ва ижтимоий
муҳитни ё тасвирламасдилар ёхуд уни ўзларининг бадиий ниятларига мос
келадиган тарзда истаганча ўзгартириб кўрсатиш йўлидан боришарди.
Бунда ҳаётий аниқликка амал қилмаслик, анахронизм, яъни макону
замоннинг уйғунлаштирилмаслиги оддий ҳол саналарди.
Кўпчилик адабиёттанувчилар модерн адабиётни кишида қайғу, чорасизлик
ва зулмат туйғуларини уйғотадиган бадиий ҳодиса ҳисоблайдилар. Аслида
бундай тасаввур уйғотадиган битиклар кўпинча тириклик моҳиятини тўла
англаб етмоқчи бўлган ва бунга эришолмагани учун дунёи дун
тартиботларидан норози ҳолатда юрадиган муаллифларнинг кайфиятлари
натижаси ўлароқ юзага келган бўлади.
Модерн адабиётнинг ўзига хослиги, биринчи навбатда, олдин шаклланган
адабий анъаналарда талаб қилингани каби бадиий тасвирда
муаллиф ва
Do'stlaringiz bilan baham: