Олий таълим жараёнларини бошқариш – HEMIS ахборот тизимига маълумотларни ўз вақтида ва сифатли киритиш юзасидан тегишли вазифалар
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ўқув жараёнига тегишли электрон дарс жадвали, ўқув юкламалари, университет тузилмаси, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар ҳамда талабалар тўғрисидаги маълумотларни, барча фанлар юзасидан материалларни hemis.samdu.uz платформасига киритиш бўйича вазифалар
Самарқанд – 2022 Олий таълим жараёнларини бошқариш – HEMIS ахборот тизимига маълумотларни ўз вақтида ва сифатли киритиш борасида йўл қўйилган камчиликлар бўйича масъулларга тегишли интизомий чоралар кўриб бориш бўйича
ОГОҲЛАНТИРИШ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-60-сон қарорининг 6-бандида вазирлик томонидан олий таълим муассасаларида ҳисоботларни тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечиш ҳамда таълим муассасаси фаолиятини автоматлаштириш бўйича Жаҳон банки билан ҳамкорликда Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими ишлаб чиқилаётганлиги, биринчи босқичда – 2022 йил 1 мартга қадар: Ахборот тизимининг «Ўқув жараёнини бошқариш» қисмини жорий қилиш, бунда олий таълим муассасасининг академик фаолияти, хусусан, талабанинг давомат ҳисоботи, ўзлаштириш қайдномаси ва рейтинг дафтарчаси, шунингдек, гуруҳ журнали, дарс ва имтиҳон жадваллари рақамлаштирилиши белгилаб қўйилган. Шу мақсадда республикамизда HEMIS – Олий таълимни бошқариш ахборот тизими йўлга қўйилган. HEMIS ахборот тизими олий таълим муассасаларининг асосий фаолиятларини автоматлаштириш ҳисобига маъмурий ходимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга электрон таълим хизматларини тақдим этади. Ахборот тизими олий таълим муассасалари билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида ахборот кўприги вазифасини ўтайди ҳамда олий таълим муассасаларидан олинадиган турли хил маълумотлар сонини кескин камайтириш, уларнинг қоғоз шаклидан воз кечиш ва бошқарув тизимини рақамлаштиришга хизмат қилади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2021 йил 26 августдаги “Олий таълим муассасаларида Олий таълим жараёнларини бошқариш – HEMIS ахборот тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 372-сон буйруғига асосан олий таълим муассасалари томонидан ўқув жараёнига тегишли ҳамда талабалар ва профессор-ўқитувчилар тўғрисидаги маълумотларни доимий равишда HEMIS ахборот тизимига киритиб бориш, янгилаш ва тўлдириб бориш белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 январдаги “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-82-сон қарорининг 1-иловаси (2022-2025 йилларда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетини комплекс ривожлантириш дастури)да ўқув жараёнида электрон журнал, электрон давомат ва электрон дарс жадвали тизимидан фойдаланишни янада кенгайтириш, кафедра ўқув юкламаларини тайёрлаш ва унинг бажарилишини назорат қилишнинг электрон тизимини жорий қилиш, университетда тузилма, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар ҳамда талабалар тўғрисидаги маълумотларнинг hemis.samdu.uz платформасига тўлиқ киритилишига эришиш, барча фанлар бўйича фан контентларининг электрон базасини шакллантириш ва тизимга киритиш вазифаси белгилаб қўйилган.
Бироқ бугунги кунда баъзи олий таълим муассасалари ва филиаллар томонидан мазкур топшириқ ижросига масъулиятсизлик билан ёндашилиб, тегишли маълумотларни киритишда сусткашликка йўл қўйилаётганлиги сабабли Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосаридан ушбу вазифаларга масъул ходимларга интизомий чора кўриш зарурлиги ҳақида хат келган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Олий таълим жараёнларини бошқариш – HEMIS ахборот тизимига маълумотларни ўз вақтида ва сифатли киритиш борасида профессор-ўқитувчиларнинг вазифалари ишлаб чиқилган. Мазкур вазифаларни ўз вақтида бажариш юзасидан йўл қўйилган камчиликлар бўйича масъулларга тегишли интизомий чоралар кўрилишини маълум қиламиз.