1.17.00.00.00 Одил судлов / 17.02.00.00 Суд тизими / 17.02.15.00 Судларнинг молиялаштириш ва моддий-техник таъминоти]
9-БОБ. СУДЬЯЛАРНИНГ МОДДИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ
75-модда. Судьяларнинг моддий таъминоти
Судьяларнинг иш ҳақи лавозим маошидан, малака даражаси, кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устама ҳақлардан иборат бўлиб, унинг миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
LexUZ шарҳи
Малака даражалари учун судьяларнинг лавозим маошларига қўшиладиган қўшимча ҳақ миқдорлари, шунингдек малака даражаларига эга бўлган судьяларга бериладиган ойлик устама ҳақ миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 9 июлдаги 343-сон қарорининг 1 ва 3-иловаларида белгиланган.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил 14 декабрдаги 164-II-сон қарори билан тасдиқланган «Судьяларнинг малака даражалари тўғрисида»ги Низом, «Суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида»ги Низомга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 2 августдаги ПФ-4459-сонли «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(75-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 9 ноябрдаги ЎРҚ-646-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.11.2020 й., 03/20/646/1488-сон)
Судьяларга ҳар йили ўттиз олти иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган таътил берилади.
76-модда. Судьяларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш чоралари
Судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғи давлатнинг махсус муҳофазасида бўлади ҳамда республика бюджети маблағлари ҳисобидан давлат томонидан мажбурий тартибда суғурта қилинади.
Қуйидаги ҳолларда давлат суғурта органлари суғурта суммаларини тўлайди:
судья ишлаётган даврида ёки ваколат муддати тугаганидан кейин ҳалок бўлса (вафот этса), агар бу судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган тан жароҳатлари ёки соғлиғининг бошқача шикастланиши оқибатида рўй берган бўлса, унинг меросхўрларига судьянинг эллик ойлик иш ҳақи миқдорида;
судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этадиган даражада майиб бўлиб қолса ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида — судьянинг йигирма беш ойлик иш ҳақи миқдорида;
судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этмайдиган ва меҳнат қобилиятининг доимий йўқолишига олиб келмайдиган тан жароҳатлари ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида — судьянинг беш ойлик иш ҳақи миқдорида.
Судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этадиган даражада майиб бўлиб қолганида ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида мажбурий давлат суғуртаси бўйича олинган тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда унга иш ҳақи ва тайин этилган пенсия ўртасидаги фарқ ҳар ойда тўлаб борилади.
Судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган тан жароҳатлари ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилиши оқибатида ҳалок бўлса (вафот этса), унинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига судья иш ҳақининг уларнинг ҳиссасига тўғри келадиган қисми ва боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан уларга тайинланган пенсия ўртасидаги фарқ ҳар ойда, мажбурий давлат суғуртаси бўйича олинган тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда тўланади.
Судьянинг ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан унга тегишли мол-мулкни йўқ қилиш ёки шикастлаш оқибатида етказилган зарар судьяга ёки унинг оила аъзоларига тўлалигича қопланади.
Ушбу модданинг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган зарарни қоплаш бўйича тўловлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиб, кейинчалик улар айбдор шахслардан қонунда белгиланган тартибда ундириб олинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Do'stlaringiz bilan baham: |