«Родриго». Сиднинг фантазияга бой ёшлик йилларидаги хатти-ҳаракатлари «Родриго» поэмасида акс этган. Бу поэма «Сид ҳақида қўшиқ»дан кейинроқ (XИВ аср) яратилган бўлиб, унда тасвирланган воқеа қирол Альфонс ВИ ҳукмронлиги даврида эмас, балки унинг отаси қирол Фердинанд И вақтида рўй беради. Поэмада Родригонинг отаси оддий савдогар Диего Лайнес билан граф Гомес де Гормас ўртасида ўтган можаро тасвирланади.
Граф Гомес савдогар Диегонинг чўпонларини қириб ташлаб, унинг молларини ҳайдаб кетади. Диего бунга жавобан, графнинг мулкини талайди. Бу иш яккама-якка жанг билан ҳал этилиши керак эди. Ўн уч ёшли Родриго кекса отаси учун қасос олиб графни ўлдиради ва ўғилларини асир олади. Графнинг қизи Химена отаси учун ўч олиш мақсадида қиролга шикоят қилади. Қийин аҳволга тушиб қолган қирол бу жанжални бартараф этиш мақсадида Родрнгони чақириб, унинг Хименага уйланиши зарурлигини уқтиради. Гарчи йигит қиролдан шубҳаланса ҳам, бу таклифни ноилож қабул қилади. Қейин Родриго маврларга қарши курашда катта ғалабаларни қўлга киритади ва олинган ўлжадан қиролга улуш тўлашдан бош тортади, бу улушни катта хизмат кўрсатган камбағалларга беришни маъқул деб билади.
Арагоннинг қироли Кастилияга уруш очиб, жанжални икки рицарь ўртасидаги жанг ҳал қилсин, дейди. Родриго отилиб чиқиб, Арагоннинг паҳлавон рицарини ўлдиради. Ниҳоят, Кастилияга қарши француз қироли, герман императори, патриарх ва пападан иборат кучли иттифоқ тузилади. Улар «Кастилия француз қироллигига итоат қилиб, ҳар йили яхши оиладан бўлган 15 қиз, 10 от, 30 марка кумуш ва бир қанча шунқор ва лочиндан иборат ҳирож тўлаб турсин», деган талабни қўядилар. Қирол Фернандо Родригони ўз армиясннинг бошлиғи этиб тайинлайди ва уни ўзи билан ҳамма нарсада тенг ҳукуқли деб танийди. Родриго душманни тор-мор келтириб, Парижни қуршаб олади: французлар ва унинг иттифоқдошлари сулҳ сўрашга мажбур бўладилар. Шу тариқа Родриго Кастилияга тўла ғалаба келтиради.
Қаҳрамоннинг ҳаёти ва фаолияти тавсифида фантазия кучли бўлиб, тарихий воқеликдан анча узоқдай кўринса ҳам, лекин поэма ўша давр руҳини чуқур акс эттирган, яъни унда реконкистада қатнашган кенг халқ оммасининг ватанпарварлик руҳи сезилиб туради. Бу уларнинг фақат маврларга қарши курашидагина эмас, ташқаридан бўладиган ҳар қандай тазйиқлар, француз ҳукмронларининг Испанияда феодал тартибларини ўрнатиши ва шу орқали энг яхши ерларни қўлга киритишига қарши норозиликларида ҳам ўз ифодасини топади. Шунингдек, бу руҳ кучсиз ва тамагир қиролга шубҳа билан қарашда ҳам яққол кўринади. Оддий кишиларга самимий муносабат, ғамхўрлик, мардлик ва қаҳрамонлик Родригода рицарлик интилишларидан кўра кучлироқдир. Шунинг учун ҳам унинг лақаби араблар билан муносабатни кўрсатадиган Сид ҳам эмас, баҳодирлигини билдирадиган Кампеодор ҳам эмас, балки оддий кастилияликдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |