«Қўзибулоқ». Лопе де Веганинг «Қўзибулоқ» («Фуэнте Овехуна», 1612-1613) пьесаси тарихий-қаҳрамонлик ва ижтимоий-сиёсий характердаги драмаларининг энг яхши намунасидир. Драмада баён этилган асосий фикр ўз даврининг муҳим сиёсий масаласи – золим феодалларга қарши халқнинг актив қаршилик кўрсатиши ва курашиши зарурлигини таъкидлашдан иборатдир. Маълумки, испан гуманистлари сингари Лопе ҳам қироллик ҳокимиятининг мамлакат бирлигини юзага келтириш учун қилган уринишларига қаршилик кўрсатган феодалларнинг ўзбошимчаликларини қоралайди. Ёзувчи драмада Фердинанд билан Изабелла ҳукмронлик қилаётган қироллик ҳукумати давридаги воқеага мурожаат этади. Феодаллар асоратидан қутулиш учун олиб бораётган курашларида деҳқонларнинг таркиб топаётган (XВ асрнинг иккинчи ярми) марказлашган ҳокимиятдан мадад сўрашлари табиий ҳол эканини Лопе тўғри идрок этиб, уни ўз асарида кўрсатиб берди.
1476 йилда Фуэнте Овехуна қишлоғида феодал зўравонлигига қарши кўтарилган қўзғолон XВ асрнинг иккинчи ярмида Испанияда юз берган деҳқон ғалаёнларидан энг кучлиси эди. Лопе де Вега «Қўзибулоқ» драмасини яратишда халқ исёнлари ҳақидаги ҳикоялардан ташқари, Франсиско Радеснинг «Хроникаси»дан ҳам фойдаланди ва деҳқонлар ҳаракатини фитна тарзида эмас, балки зулмга қарши революцион кўтарилиш тарзида ифодалайди.
Калатрава Рицарь орденининг командори феодал Феркан Гомес де Гусман ўзига тобе Фуэнте Овехуна қишлоғидаги саройида яшаб, аҳолига каттиқ зулм ўтказади, бемаъни турмуш кечираётган бу ҳоким хотин-қизларни хўрлайди, деҳқонларни эса менсимайди, қишлоқ оқсоқолининг қизи Лауренсияни ҳам зўрлаб олиб кетишга уринади. Лекин қизни севган деҳқон йигит Фрондосо мардонавор ҳаракатлари билан уни ҳимоя қилишга тайёр туради. Командорнинг қуролини қўлга туширган йигит Лауренсияни қутқариб юборади. Фрондосонинг садоқатли муҳаббати қизда ҳам оташин севги уйғотади. Унинг «кимда севги бўлса, у кўрқишни билмайди» деган сўзи Лауренсиянинг қалбидан чуқур жой олади.
Мамлакат бирлигига путур етказиш мақсадида Сьюдад Реалга қарши уруш очган ва зарбага учраб, қишлоққа қайтган командор Лауренсия билан Фрондосо тўйи вақтида кириб келиб, базмга йиғилганларни ҳайдайди. Қиз билан йигитнинг отасини ҳақорат қилади. Фрондосони қамоққа юбориб, Лауренсияни зўрлаб олиб кетади. Деҳқонлар золимга қарши нафрат билдирсалар ҳам, лекин жиддий ҳаракат этиш учун уюша олмайдилар. Командор томонидан таҳқирланган ва азобланган Лауренсия пайдо бўлиб, ўз қизини жаллод қўлига бериб қўйган ва унинг ҳақоратланишига чидаб турган, золимдан қасос олмаган отаси ва қариндошларини «қўзини бўрига олдириб, қўрқувга тушган чўпонларга» ўхшатади. «Сизлар – қўйларсиз, шунинг учун Қўзибулоқ яшамоқ учун сизларга мос жой» деб, ўз қизлари ва аёлларини бегоналар Қўлига топшириб қўйган деҳқонларни ҳам айблайди. Аҳвол шундай экан, экди хотин-қизларнинг ўзлари қўлларига қурол олиб, ор-номусларини ўзлари ҳимоя қиладилар, дейди. Лауренсиянинг отаси Эстебан бундай жабр-зулмга ортиқ чидаб туриш мумкин эмаслиги, ҳар қандай оғир вазиятда ҳам курашга боражагини билдиради. Бу фикрга деҳқонлар ҳам қўшиладилар. Эрлар билан бир каторда аёллар ҳам қуролланиб, командор саройига бостириб борадилар ва уни ўша ерда жазолаб ўлдирадилар. Фрондосони эса зиндондан қутқариб оладилар. Командорнинг қутулиб қолган хизматкорларидан бири Флорес яширинча қирол ҳузурига бориб, Қўзибулоқ аҳолиси ғалаён кўтариб, ўз сеньорларини ваҳшийларча ўлдирдилар, деган хабар етказади. Қирол қишлоққа чиновник юбориб, гуноҳкорларни аниқлаб, уларни қаттиқ жазолашни буюради. Терговчи қишлоқ одамларини чақириб, командор Фернан Гомесни ўлдиргаи кишини аниқлаш мақсадида катта-ю кичик қишлоқ аҳолисини қийнаб сўроқ қилади. Бироқ «Командорни ким ўлдирди?», деб берилган сўроққа улар: «Қўзибулоқ ўлдирди», «Ахир айбдор ким?», деб сўраганида улар: «Айбдор Қўзибулоқ» деб жавоб қайтарадилар. Пировардида терговчи ҳақиқий гуноҳкорни тополмай саройга қайтади. Шу сабабли қирол «юз берган жиноят оғир бўлишига қарамай», терговни тўхтатади ва деҳқонларнинг «гуноҳи»ни кечнришдан бошқа иложи қолмайди. Қўзибулоқ қишлоғини эса бевосита ўз назорати остига олади.
Асарда ёзувчи халқнинг сохта ҳимоячиси испан монархиясини масхаралаб, деҳқонларнинг антифеодал исёнига катта хайрихоҳлик билдиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |