О.Х.Қўлдашов, З.Мирзаева, З.Абдумаликова
БИОФИЗИКА
(дарслик)
ФАРҒОНА – ТЕХНИКА – 2007
О.Х. Қўлдашов, З. Мирзаева, З. Абдумаликова
БИОФИЗИКА
Ўзбекистон республикаси Олий ва ўрта ва махсус таълим вазирлиги
Фарғона политехника институти илмий кенгаши томонидан
“Асбобсозлик” таълим йўналиши талабалари учун дарслик
сифатида тавсия этилган
ФАРҒОНА – ТЕХНИКА – 2007
Дарсликда биофизика асослари, инсон организмида бўладиган жараёнлар, тўқима тузилишларининг фаолияти ҳамда биофизикада қўлланиладиган атама ва аниқликлар кўриб чиқилган. Дарслик еттита бобдан иборат қилиб тузилган ва унда биосистемалардаги биофизик жараёнлар, биомеханика масалалари, физиологик акустика, тўқималарнинг тузилиши, биоэлектрик ходисалар, кўриш ва эшишитиш анализаторлари, тирик оргнизмнинг биофизикаси ҳақида маълумотлар келтирилган. Бакалавриатнинг "Асбобсозлик" йўналиши талабалари учун, шунингдек, турдош мутахассисликлар бўйича магистрлар тайёрлашда ва ушбу соҳада ишловчи мутахассислар учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.
СЎЗ БОШИ
Организмда физик макрожараёнлардан ташқари, худди жонсиз табиатдаги каби молекуляр жараёнлар ҳам содир бўлади ва улар биологик системаларнинг ҳолатини белгилайди. Бундай микрожараёнларнинг физикасини тушуниш, организм холатини, баъзи бир касалликларнинг табиатини тушуниш, доираларнинг таъсирини ва шу кабиларни тўғирлаш учун зарурдир.
Бу масалаларнинг ҳаммасида физика биология билан шу даражада боғланганки, у мустақил фан – биофизикани вужудга келтиради. Бу фан тирик организмдаги физик ва физик–кимёвий жараёнларни, шунингдек биологик системаларнинг ультраструктурасини ташкил қилишнинг ҳамма жабхаларида – субмолекуляр ва молекулярдан то тўқима ва тўлиқ организмгача ўрганади.
Физиканинг тиббиётда кўлланилиш усуллари тиббиёт физикасининг асосини – амалий физика ва биофизиканинг комплекс бўлимларини ташкил қилади. Уларда физик ходисалар, жараёнлар ва харкатеристикалар тиббиёт масалаларини хал қилишда кўлланилган ҳолда қараб чиқилади.
Мазкур дарсликда биофизика асослари, инсон организмида бўладиган жараёнлар, тўқима тузилишларининг фаолияти ҳамда биофизикада кўлланиладиган атама ва аниқликлар кўриб чиқилган.
КИРИШ
Биофизика – бутун организмдаги, унинг айрим орган, тўқима ва хужайраларидаги физик хоссалар ҳамда ходисаларни, шунингдек, ҳаёт фаолиятларини физик–кимёвий асосларини ўрганадиган фан ҳисобланади. Молекуляр биофизика мураккаб кимёвий бирикмалар, жумладан тирик организмлар таркибига кирадиган оқсил ва нуклеин кислоталарнинг физик –кимёвий хоссаларини, уларнинг ўзаро таъсирлашиш хусусиятларини тадқиқ қилади, хужайра биофизикаси хужайра функциясининг физик–кимёвий асосларини, хужайра структурасининг улар функцияси билан боғлиқлигини, хужайранинг механик электр хоссаларини, хужайраларда кечадиган жараёнлар энергетикаси ва термодинамикасни ўрганади. Биофизика термодинамика ва биологик кинетика масалаларини ишлаб чиқади. Хусусан, айрим хужайралар ва бутун организмнинг ташқи мухитини турли шароитларига адаптацияси масаласи шу нуқтаи назардан кўриб чиқилади. Биофизиканинг марказий масалаларидан бири биологик мембраналар стуруктураси ва функцияси масаласи ҳисобланади. Биофизика ва молекуляр биология методлари йирик биомолекулалар структурасини билишга, атомларнинг молекулада фазовий жойлашишини аниқлашга имкон беради. Организм хужайраларида физик энергиянинг кимёвий энергияга айланиш механизмларини, хусусан органик бирикманинг яшил ўсимликларда ёруғлик таъсиридаги фотосинтезни ўрганишда анча ютуқларга эришилган. Тирик организмларга ионлаштирувчи нурлар таъсир этганда энергиянинг айланишини ўрганишга оид тадқиқотлар олиб борилмокда. Биофизика медицина билан узвий боғланган бўлиб, турли паталогик жараёнларнинг пайдо бўлиш ва кечиш механизмлари, физик–кимёвий хусусиятларни ўрганади. Биофизика яллиғланиш, шиш, нефрит, сув–туз мувозанатини бошқариш механизмлари тўғрисидаги назарий тушунчаларга ўз хиссасини қўшган. Биофизика нурдан зарарланиш механизмларни тушуниш, унинг профилактикаси ва давоси асосларини ишлаб чиқишда катта рол ўйнамоқда.
Ҳозирги вақтда биофизика ҳамма тиббиёт институтларида ҳамда 5521500 "Асбобсозлик" таълим йўналишида мустақил фан сифатида ўқитилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |