1. Нутқ маданиятини ошириш жамиятимиз тараққиётини белгиловчи- бош омил эканлигини ўзбек адабиёти намуналаридан мисоллар асосида тушунтиринг.
Энг буюк сўз заргари Ҳазрат Алишер Навоий кишилар нутқининг маъноси жуда ҳам кенг, янада серҳикмат бўлиши кераклигини қуйидагича таъкидлайди:
Неча буюк айласанг сўзингни,
Ондин буюк этгайсен ўзингни.
Ҳа, демак, эл орасида ўз қадр-қимматини сақлашни, обрў-эътибор қозонишни хоҳлаган юртдошларимиз юксак нутқий маданиятлари, ҳозир жавобликларини қанчалик намоён қилсалар, улар шу фазилатлари билан шунчалик улуғланадилар, баланд мартабага эришадилар ёки бундай бўлмаса, бошларини эгишга мажбур бўладилар.
Улуғ сўз меъморларидан Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг» асарида бу ҳақда шундай дейди:
Эрким сўз важидан тахтга эгадир,
Сўзким эр бошини ерга эгадир.
Яъники, киши сўзи туфайли тахтга ўтиришга лойиқ бўлиши ёки бошини пастга эгиб, маломатга ҳам сазовор бўлиши ҳам мумкин.
Буюк сўз устаси Мир Алишер Навоий ўзининг “Сабъайи сайёр” достонида тил, сўзлаш қобилияти одамзодга Аллоҳ томонидан берилган шундай ажойиб мўъжиза эканлиги, унинг беқиёс нафислигини таърифлашга қалам ожизлигини, назокатини айтиб адо этиш амри маҳолдир, дейди. Мирнинг таърифича: «Гулшан келди жисм инсони, нутқ анинг булбули хуш алхони»дир.
Мутафаккир олим гапириладиган сўзнинг инсоният ҳаётида жуда муҳим аҳамият касб этиши, «агар бир кўнгилда тил найзасининг жароҳати бордир, фақат яхши сўз ва ширин тил унга малҳам ва роҳатдир. Мулойим сўз – ваҳшийларни улфатга айлантиради. Сеҳргар – оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради…Сўзда ҳар қандай яхшиликнинг имкони бор. Шунинг учун айтадиларки, «нафаснинг жони бор»лиги тўғрисидаги ғояларни илгари суради.
Академик шоир Ғафур Ғулом фикрича, «фарзандларимиз чиройли муомалани ўз оилаларида эшитишлари кераклигини таъкидлаб, шундагина улар эрта очилган бодом гулидай ташкаридан бўладиган аёзларга, таъсирларга алданмасликлари» ни айтади.
Хуллас, бундай кўламдаги ишларни оиладан, маҳалла, боғчадан бошлаши-миз, яъни кўркам нутқ мусобақаларини ташкил этишимиз, тилга, нутқ маданиятига жамиятимизнинг маънавий кўзгуси сифатида талаблар қўймоғимиз зарур.
2. Нутқ маданиятини оширишнинг муҳимлиги ҳақида буюк сўз санъат-корларининг фикрларини келтиринг
Маълумки, инсон фарзанди туғилганида ҳар қандай иллатлардан ҳоли, покиза бир вужуд бўлади. Боланинг атрофидаги микромуҳит эса уни баркамолликка элтади ёки камчиликли қилиб тарбиялаш хусусиятига эга бўлади. Дарҳақиқат, унга бериладиган тарбия ёки болани комил инсон сифатида тарбиялаши ёки номига номуносиб қилиб қўйиши мумкин.
Қадимда бизнинг ўтмиш алломаларимиз оқил инсонни тарбиялашда ундаги муомала маданиятини юксалтиришга зўр эътибор билан ёндашганлар. Масалан, Мир Алишер Навоий бобомиз мунтазам равишда ҳар бир кишининг сўзи майин, ширин бўлишига катта аҳамият бериб борган. Демак, хушмуомалалик буюк мутафаккирларимиз фикрларича, инсонийлик маданиятининг негизидир.
Шундай экан, ҳар бир одам гапираётган тилини беҳаё, қўпол, эшитувчи қалбини жароҳатлайдиган бемаъни сўкиш, қарғиш сўзлардан сақлаши, Алишер Навоий таъкидлаганларидай, “барча бало тилдан – одам аъзоларининг ширини ҳам, заҳари ҳам тил” эканини бир дақиқага бўлса-да, унутмаслиги керак.
Кузатишлардан шу нарса равшан бўладики, одамларда умр бўйи сўз билан ўн саккиз минг оламни, борлиқни англаш ҳисси доимий равишда тўхтамай такрорланаверади. Яъни инсон нутқ қудрати туфайли ўз тафаккурини бойтиб боради.
Дарҳақиқат, нотиқ нутқининг маданиятли бўлишига ҳаракат қилар экан, ҳаммадан аввал ўз она тилининг беназир неъматларидан фойдалана олиши, сўз қадрига ета билиши, одоб билан сўз териши керак. Айниқса, нутқининг гўзал, ёқимли ҳамда мазмунли бўлишида нотиқнинг ўзи ҳам табиатан самимий, мусаффо қалб эгаси сифатида намоён бўлиши лозим.
Бу ўринда Кайковузнинг қуйидаги фикрлари ибратлидир: “Ҳамма қобилиятлардан энг яхшиси нутқ қобилиятидир... Нутқни жуда яхши ва санъаткорона билиб ол. Доимо гапга чечан бўлишга ҳаракат қил…Нутқи ширин кишининг меҳрибон кишилари ҳам кўп бўлади.»
Ойбек домла айтганларидай: “У одам ким, нима ишлар қилиб юрганини унинг сўзига, гапираётган гапига қараб биладилар”. Шуларга кўра, инсон элда ҳурмат-эътибор топади, ошна-оғайни орттиради. Маълум мавқени эгаллайди, бутун дунё танийдиган даражага эришади.
Do'stlaringiz bilan baham: |