Реалистик ҳуқуқ мактаби (Р.Иеринг, С.М.Муромцев ва бошқ.). Мазкур йўналиш вакиллари ҳуқуқнинг тадрижий тарзда ривожланиши ҳақидаги тарихий тасаввурлардан фарқли ўлароқ, ҳуқуқ ташқи омиллар таъсирида пайдо бўлади ва ривожланади, деб ҳисоблайдилар. Ҳуқуқшунос Рудольф Иеринг ушбу назариянинг мазмун-моҳиятини ўзининг “Рим ҳуқуқи руҳи”, “Ҳуқуқ учун кураш”, “Ҳуқуқда мақсад” каби асарларида баён қилган. Иерингнинг таъбирича, ҳуқуқ – ҳимояланган давлат манфаатидир. У шахс манфаатларини кафолатлайди, одамларнинг турли хил эҳтиёжларини қондиришга ёрдам беради. Ҳуқуқнинг вазифаси ҳуқуқдан фойдаланишни кафолатлашдан иборат. Ҳуқуқнинг мазмун-моҳияти замирида қонунсизликка қарши халқлар кураши, давлат ҳокимияти, индивидлар кураши ётади. Шу муносабат билан Иеринг ҳуқуқ тарихидаги барча улкан ютуқлар – қулликнинг, крепостнойликнинг барҳам топтирилиши, ер мулки эркинлиги, ҳунармандчилик, эътиқод ва ҳоказолар эркинлиги – буларнинг ҳаммаси шафқатсиз, кўпинча асрлар оша давом этадиган курашларда қўлга киритилиши лозимлигини, бундай ҳолларда ҳуқуқнинг йўли ҳамиша ҳуқуқлар қолдиқлари орқали белгиланишини алоҳида таъкидлаган.
Унинг эътироф этишича, мутлақ адолатли ҳуқуқ йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, ҳуқуқнинг қиммати унинг асосида ётган мақсадни амалга оширишдан иборатдир. Манфаатлар кураши асосида дунёга келган ҳуқуқ инсоният жамияти ҳаётида адолат тамойилларига албатта риоя қилиш шарти билан бировлар иродасини бошқаларнинг манфаатларига бўйсундирувчи куч сифатида майдонга чиқади.
Мазкур илмий йўналиш намоёндалари, ҳуқуқ учун курашиш қонуний ҳуқуққа эга бўлган шахснинг ўз олдидаги мажбуриятидир, ҳуқуқни ҳимоя қилиш, яъни ҳуқуқбузарликка қарши ҳаракат қилиш эса фақат ўз-ўзига нисбатангина эмас, балки умуман жамиятга, давлатга нисбатан ҳам мажбуриятдир: ҳар бир одам ҳуқуқни ҳимоя қилар экан, ўзининг субъектив ҳуқуқи асоси бўлган объектив ҳуқуқ нормаларини муҳофаза этади, деб ҳисоблайдилар.
Ушбу назариянинг бирмунча “жангавор”лигига қарамай, у ўзида ҳуқуқнинг органик, табиий, иқтисодий, руҳий каби кўплаб назарияларини акс эттирган концепциядир. Ушбу мактаб вакиллари ҳуқуқ билан давлат ўртасидаги бевосита алоқани кўра олганлар. Уларнинг фикрича, давлат ҳокимияти ҳуқуқ мавжудлигининг зарурий шартидир. Ҳуқуқ тарихий мактабидан фарқли ўлароқ, улар ҳуқуқий ижодкорликнинг зарурлигини тан оладилар. Чунончи, ҳуқуқшунос С.М.Муромцев ўзининг “Немис ҳуқуқшунослиги таълимотига кўра ҳуқуқнинг пайдо бўлиши” китобида, ҳуқуқ халқ руҳиятининг англанмаган ҳосиласи бўлмай, балки одамлар онгли фаолиятининг маҳсулидир, деб ёзган.
Do'stlaringiz bilan baham: |