Пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш ҳақида ёзма аризада қуйидагиларкўрсатилиши лозим: қарздорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (юридик шахснинг номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИРи); кредиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми (юридик шахснинг номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИРи); мажбурият қандай сабабларга кўра бевосита бажарилмаганлиги. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш ҳақидаги аризалар нотариал тартибда тасдиқланади. Тасдиқлов ёзувида пул суммаларининг қабул қилинганлиги кўрсатилади. Депозитга қимматли қоғозлар қабул қилинганда аризада қимматли қоғозларнинг тури, сони, уларнинг рақами, серияси ва номинал қиймати ёзилиши лозим. Нотариус пул суммалари ва қимматли қоғозлар олинганлиги тўғрисида кредиторни хабардор қилади.
Қарздор кредиторнинг манзилини кўрсатмаса ва бу манзил нотариусга маълум бўлмаса, қарздор томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозлар топширилганлиги ҳақида кредиторга хабар қилиш мажбурияти унинг ўзига юклатилиши тўғрисида нотариус огоҳлантиради.
Нотариус қарздорга топширилган пул суммалари ва қимматли қоғозлар кредиторга ёки унинг вакилига топширганлиги тўғрисида маълумотнома беради.
Пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш ҳақида нотариуснинг хабарномасини олган кредитор ушбу нотариусга ёзма ариза билан мурожаат этади. Аризадаги имзонинг ҳақиқийлиги нотариал тартибда шаҳодатлантирилади.
Нотариус кредитор ёки унинг вакилининг ёзма аризасига асосланиб, ҳудудий адлия органига кредиторларнинг рўйхатини илова қилган ҳолда пул суммалари ва қимматли қоғозларни топшириш ҳақида хат юборади.
Ҳудудий адлия органи нотариуснинг хати асосида пул суммалари ва қимматли қоғозларни топшириш учун депозит ҳисоб рақами очилган тегишли банкка тўлов топшириқномасини юборади. Тўлов топшириқномасига асосан кредитор ёки унинг вакилига тегишли банк томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозлар берилади.
Пул суммалари ва қимматли қоғозларнинг уларни депозитга топширган шахсга (қарздорга) қайтарилишига тўлов кимнинг фойдасига амалга оширилган бўлса, ўша шахснинг ёзма розилиги билан ёки суд қарорига биноан йўл қўйилади.
Депозитда сақланаётган пул суммалари ва қимматли қоғозлар ҳудудий адлия органларининг мулки ҳисобланмайди.
Депозитдаги кредиторларга берилиши лозим бўлган пул суммалари ва қимматли қоғозлар уч йил мобайнида сақланади. Ушбу муддатлар ўтгандан кейин талаб қилиб олинмаган пул суммалари ва қимматли қоғозлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.