Йўлдошева: Қариндошлар орасидаги никоҳ масаласи нафақат бизнинг мамлакатимизда, балки кўпгина мусулмон давлатларида кескин туради, ва бу борада тушунтириш ишларини ирсиятни ўрганадиган биз каби олимлар олиб боришлари керак. Қисқача айтадиган бўлсам, фарзанднинг туғма генетик ва жисмоний аномалия билан туғилиши ва вақтидан илгари боланинг тушиши ҳоллари қариндош ота-онанинг генетикаси билан бевосита боғлиқ. Қариндош бўлмаган одамларнинг фарзандида баъзи касалликлар турлари намоён бўлмайди, аммо бу билан, бу одамларда яширин холда мутация бўлган генлар йўқ деб бўлмайди, бу генлар кейинчалик фаоллашиши ва ўзини кўрсатиши мумкин. Биз қариндошлар орасида туғилган фарзанднинг аномалияси эҳтимоли ҳақида гапираяпмиз, бу каби аномалия ҳамма қариндош оилаларда ҳам пайдо бўлавермайди. Аммо, бу каби хавфни назарда тутиш керак. Мен сизнинг келгуси фарзандларингиз фаровонлигини ўйлаб ўз шахсий фикримни айтадиган бўлсам, қариндошга уйланмасликни маслаҳат бераман. Ҳаммага маълумки, ота ва онанинг ирсий табиати қанчалар турфа бўлса, боланинг ривожланиши ҳам шунчалар яхши бўлади. Турли ирсий тузилмалар учрашганда, янгича ирсий формани келтириб чиқаради, ва бу организмнинг яхшироқ ҳимоя этилишини ҳам англатади, масалан, икки хил жойдан бўлган ота ва онанинг иммунитети турлича, ва янги туғилган фарзанднинг кўпроқ сонли микроблар ва касалликларга қарши мудофааси бўлади. Қариндошлар турмушида, ҳақиқатда ҳам, туғма аномалия кўп учрайди, боланинг руҳий ривожланишида ортда қолиш кузатилади. Албатта, бу 100 фоиз эмас, аммо хавф катта. Шунингдек, маълумки, қариндош бўлмаган ота ва онанинг фарзандлари хушрўйроқ, келишган ва мияси ривожланган бўлади. Тадқиқотлар балки қилингандир, аммо биз қилмаганмиз.
Би-би-си: Япониядан Камрон қуйидаги саволни йўллаган:
"Қуйида келтирилган жумланинг асл мақсад ва мазмунини тушунтириб берсангиз. Олдиндан раҳмат. "Тадқиқот хулосасига кўра, жумладан тарихда турли-туман мустамлакачилар томонидан босиб олинган ва турли халқлар билан савдо алоқаларини олиб борган муайян халқнинг ирсиятидаги турфахиллик уни бугунда кўп хасталиклардан ҳимоя этиши мумкин".
Йўлдошева: Ҳали айтганимдек, эволюция жараёнида ва генетик структуранинг шаклланиши давомида, генетика маълум организмнинг ривожланиши учун зарур бўлган жиҳатларнигина сақлаб қолади, организм учун зарарли бўлган генетик тузилмалар эса нобуд бўлади. Ёмон генетик тузилмага эга бўлган одамлар эволюция жараёнида ва одамзотнинг табиий танланиши жараёнида омон қолишмайди. Шундай экан, икки умуман ўзгача генетик тузилмалар учрашганда, уларнинг қўшилиши организм ҳимояси учун фақат ижобий таъсир этиши мумкин. Масалан европоид ва монголоид турмуш қурса, уларнинг фарзанди нафақат монголоидларга оид бўлган касалликлар, балки европоидлар оғрийдиган касалликларга ҳам қарши ҳимояга эга бўлиши мумкин. Яккаланиб қолган гуруҳларда эса кўпроқ генетик нонормаликлар кузатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |